
ЁКИ 28 ЁШЛИ ЙИГИТ НЕГА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛДИ?
17 январь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Бешқўрғон маҳалласида яшовчи Икром Солиев (марҳумнинг хотираси ҳурмати учун унинг номини ўзгартирдик) ўзини осиб қўйди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади? 28 ёшли Икромни бундай йўлни боришга нима мажбур қилди? Нега у бизнинг динимизга тўғри келмайдиган йўлни танлади?
– Мен маҳалладошимнинг бундай йўлни танлашига асосий сабаб қилиб, иложсизликни кўрсатган бўлардим, – дейди биз билан суҳбатда Икромнинг маҳалладошларидан бири Нодир ака (хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳалладошнинг номи ҳам ўзгартирилди), – Унинг уйланганига атиги бир ярим йил бўлганди. Бундан олдин эса ишсизлик туфайли Икром Қозоғистонга бориб, икки йил ишлаб келди. Ишлаб келгандан сўнг уйланди. Аммо унинг оилавий шароити жуда оғир эди. Унинг ўзи ишсиз, хотини ҳам уйда ўтирарди. Укаси ҳам ҳеч қаерда ишламайди. Фақатгина уларнинг нафақахўр онаси ишлайди. Тўрт кишидан иборат оилани боқиш онанинг зиммасида.
Марҳумнинг маҳалладоши уч кун олдин уларнинг хонадонида жанжал бўлганини, шундан кейин Икромнинг хотини ота-онасиникига кетиб қолганини ҳам бизга маълум қилди. Бунинг устига марҳум охирги пайтларда “ўзимни ўзим ўлдираман” деб хотинига ҳам, онасига ҳам қайта-қайта айтган.
-Бизнинг “Бешқўрғон” маҳалламизда икки ярим минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишсизлар жуда кўп. Умуман туманимизда ҳам ишсизлик даражаси жуда юқори, – дея сўзини давом эттиради марҳумнинг маҳалладоши. – Туманимизда фоҳишалар сони ҳам шаҳар миқёсида энг юқори. Ҳозирги пайтда участка нозирлари ҳомийлигида турли шейпинг, массаж хоналари ниқоби остида фоҳишахоналар фаолият кўрсатиб турибди. Бундан ташқари туманимиз ҳуқуқбузарлик бўйича ҳам Тошкент шаҳрида етакчилик қилади.
Икромнинг маҳалладоши марҳумнинг яшаш шароити ҳам ниҳоятда оғирлигини айтди. Маълум бўлишича, тўрт қишидан иборат оила икки хонали квартирада истиқомат қилган. Уй-жой сотиб олиш учун эса имконият йўқ. Ака-укалар тирикчилик учун устачилик қилиб аранг пул топишарди. Иш эса гоҳо бор, гоҳо йўқ. Хуллас, рўзғорни таъминлаш, турмушнинг оғир юкини кўтариш бугун кўзёши тинмаётган онаизорнинг бўйнида.
-Мен осилган Икромни кўрганимдан сўнг кечаси билан ухламай чиқдим, – дейди суҳбатдошимиз. – Уни қутқармоқчи бўлганлар шошилганларидан марҳумнинг бўйнидаги арқонни кесишни унутишибди. Балким, унинг бўйнидаги арқонни сал олдинроқ кесишса, маҳалладошимиз тирик қолармиди. Ахир у ҳали ўттизга ҳам қирмаган эди.
Иқтисодий аҳволнинг оғирлиги туфайли ўзини ўзи ўлдириш, суицид ҳолатлари кейинги пайтларда Ўзбекистонда кўпайиб бормоқда. Иложсизлик туфайли одамлар айнан шу йўлни танлашга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳолат бизни жуда хафа қилади. Бироқ бир нарса кўнглимизга таскин берди. Маҳалла имоми гарчи Икром ўз жонига қасд қилган бўлсада, унга жаноза ўқиган.
Муаллифдан: Мақолага шу жойда нуқта қўйсак бўларди. Лекин ёшларнинг, умуман Ўзбекистон фуқароларининг ўз жонига қасд қилиши қачонгача давом этади? Нима учун мамлакатдаги матбуот ва ОАВ лари ”…шунча киши иш билан таъминланди” деб бонг уришади-ю, аммо раҳматли Икромга ўхшаган инсонлар тақдири ҳақида лом-мим дейишмайди.
Саодат Амонова



