
Ислом Абдуғаниевич, кейинги пайтларда сизнинг “доно” сиёсатингиз натижасида ён қўшнимиз бўлмиш Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кун сайин ёмонлашиб бормоқда. Баъзи сиёсатчилар икки давлат ўртасида уруш келиб чиқиш хавфи борлигини ҳам айтишмоқда.Сизнинг назоратингиз остидаги “мустақил” матбуот Тожикистонни ёмон кўрсатиш мақсадида Тожикистон алюминий заводи Ўзбекистон табиати ва халқининг соғлиғига етказаётган зарари ҳамда қурилаётган Роғун ГЭСининг Ўзбекистон учун қанчалик хавфлилиги ҳақида тинмай оғиз кўпиртириб ётибди. Сиз эса ушбу масалалар бўйича чиқишларингизда Тожикистонга оғзаки хуруж қилиб, гўё Ўзбекистон халқининг соғлиғи ва манфаатини ҳимоя қилиб чиқмоқдасиз, лекин сиз Ўзбекистон халқининг соғлиғи ва манфаати учун қайғураётганингизга мен ишонмайман. Буларнинг барини сизнинг қон -қонингизга сингиб кетган иккиюзламачилик иллатининг яна бир кўриниши деб ўйлайман, чунки Ўзбекистон халқининг соғлиғи ва ҳаётининг сиз учун сариқ чақалик қадри йўқлигини 22 йиллик ҳукмронлигингиз даврида яққол кўрсатингиз. Агар сиз Ўзбекистон халқининг манфаатини, шу жумладан соғлиғини ўйлаганингизда:
1) Ўзбекистонимизнинг келажаги бўлмиш болаларимизни пахта далаларига ҳайдамаган бўлардингиз. Қизларингиз халқ бойлигини ўмариб топган бойлик ҳисобига набираларингиз билан бирга Европада шоҳона ҳаёт кечириб юрган пайтда оддий халқнинг боласи иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай, соғлиғини, баъзан эса ҳатто ҳаётини йўқотиш эвазига далаларда ишлашига, тўғрироғи мажбуран ишлатилишига сиз йўл қўймасдингиз. Ахир ёш болаларимиз таълим олиш ўрнига фойдасини сиз ва сизнинг атрофингиздаги икки оёқли каламушлар кўрадиган пахтани териши ҳам уларнинг соғлиғига, ҳам таълимига зарар эканлиги ҳаммага, шу жумладан сизга ҳам аёнку!
2) 2005 йилнинг 13 майида “акромийлар”нинг “Каримов келади” деган гапларига ишониб Андижоннинг Бобур майдонига йиғилган тинч аҳолини, шу жумладан аёлларни, болаларни, қарияларни ўққа тутишга буйруқ бермасдингиз.
(Андижон фожиаси бўйича халқаро текширувга рухсат бермаганингиз жиноятларингиз очилиб қолишидан қўрқаннингизни кўрсатиб турибди. Сиз қурган диктаторлик тузуми қулаганидан кейин сизнинг Андижон воқеалари пайтида қилган амалларингиз “инсонийликка қарши жиноят” деб баҳоланиши шубҳасиз)
3) Ўзбекистонда туғилишни турли ифлос йўллар билан камайтириш сиёсатини олиб бормасдингиз.
(Халқаро қонунларда бирор халқнинг табиий кўпайишига қасддан тўсқилик қилиш геноциднинг бир кўриниши деб баҳоланади. Демак, Ўзбекистонда туғилишни камайтириш сиёсатингиз аслида ўзбек халқига қарши олиб борилаётган геноциддир)
4) Ўзбекистон халқининг табиий бойлиги бўлмиш газни чет элларга сотиб халқни қишда совуқдан қийналишига йўл қўймас эдингиз.
5) Фақат ўзингиз ва қизу –набираларингиз манфаатини ўйлайвермасдан, халқ манфаатини ўйлаб Ўзбекистонда қоғозда эмас амалда янги иш ўринлари яратар эдингиз.
(Сизнинг “халқпарвар” сиёсатингиз натижасида халқимизнинг бир неча миллиони иш излаб чет элларда сарсон –саргардон бўлиб юрибди)
6) Халқимизнинг ўғил-қизларини туҳмат айблар билан қамоқларга ташлаб, уларни қийноқларга солмас эдингиз.
7) Ўзбекистонни порахўрлик энг тарқалган мамлакатлардан бирига айлантирмасдингиз. Қонун устиворлигини сўзда эмас амалда таъминлардингиз.
8) Ўш фожиасини тўхтатишга ҳисса қўшардингиз.Қирғиндан қочиб, миллатдошларидан паноҳ сўраб келган ўзбекларни 1 ойдан сўнг Ўзбекистондан ҳайдамас эдингиз.
(Ўш қирғинидан кейин сизни мукофатлаш таклиф қилингани ҳам бежиз эмас. Сиз “Ўзбек халқининг энг катта душмани” мукофотига энг лойиқ одамсиз)
Сизнинг Ўзбекистон халқига, ўзбек халқига нисбатан қилган жиноятларингизни санаб тугатиш қийин. Айёрлик ва иккиюзламачиликда эса шайтонга дарс берасиз. Масалан, Тошкентдаги пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “ХОБОС-ТАПО” корхонасининг, Олмалиқ , Оҳангарон каби шаҳарлардаги корхоналарнинг Ўзбекистон табиатига, халқининг соғлиғига етказаётган зарари Тожикистон алюминий заводи етказаётган зарардан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Тошкентдан унча узоқ бўлмаган Чорвоқ сув омборининг хавфи ҳам Роғун ГЭСиникидан кўп бўлса кўпки кам эмас, бироқ сиз буларга кўз юмиб Роғун ГЭСи ва Тожикистон алюминий заводи Ўзбекистонга келтираётган зарари ва хавфи ҳақида гапирасиз. Ҳолбуки, халқимизда “Аввал ўзингга боқ, сўнг ноғорангни қоқ” – деган нақл бор. Тожикистонга қарши сиёсатингизнинг сабаби сиз Ўзбекистон халқининг соғлиғи ва манфаатини ўйлаганингизда эмас, балки Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сизнинг ноғорангизга ўйнамай ўз манфаатини, ўз мамлакати манфаатини ўйлаб сиёсат юргазаётганидадир.Албатта, билмаган одамлар: “ Ие, нега энди Тожикистоннинг президенти Имомали Раҳмон Каримовнинг ноғорасига ўйнаши керак ? “- деб ҳайрон бўлиши табиий. Гап шундаки, ўтган асрнинг 90 – йилларида Тожикистонда фуқаролар уруши бўлаётган пайтда сиз урушаётган томонлардан бирига қурол – яроқ, шу жумладан танк каби оғир қуроллар билан ёрдам бериб, Тожикистон ички ишларига фаол аралашиб, ҳокимиятга Имомали Раҳмон келишига ёрдам берганингиз ҳеч кимга сир эмас. Ўшанда сиз: “Мен Имомали Раҳмоновнинг ҳокимиятга келишида асосий роль ўйнадим, энди Имомали Раҳмонов менинг чизган чизиғимдан чиқмайди” – деб ўйлаганингиз шубҳасиз, чунки сиз бировга беминнат ёрдам берадиганлардан эмас, аммо чучварани хом санаган экансиз. Имомали Раҳмон ҳокимиятини мустаҳкамлаб олганидан сўнг мустақил сиёсат юргаза бошлади. Бу эса сизнингча “нонкўрлик” дир. Бу “нонкўр”ни ағдариш ва Тожикистонда сизнинг ноғорангизга ўйнайдиган қўғирчоқ ҳукумат ўрнатиш мақсадида сиз Махмуд Худойбердиев бошчилигидаги бандани тиш-тирноғигача қуроллантириб Тожикистонга жўнатдингиз,бироқ бу сафар ҳам чучварани хом санаган экансиз, хоинлар тўдаси тор-мор қилинди. Махмуд Худойбердиев қолган–қутган каллакесарлари билан сизнинг паноҳингизга қочиб келди. “ Махмуд Худойбердиев” операцияси амалга ошмагандан кейин сиз Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон раҳбариятини ёмон кўрсатиш учун “Роғун ГЭС и ва Тожикистон алюминий заводининг Ўзбекистон халқига етказаётган зарари ва хавфи” каби янги баҳона ўйлаб топдингиз.
Қолаверса, сизнинг жинояткорона сиёсатингиз натижасида қашшоқлик, порахўрлик ва ишсизлик каби муаммолар ботқоғига ботиб қолган Ўзбекистон халқида норозилик ва ғазаб кайфиятлари кундан – кунга кучайиб бораётганини сиз яхши биласиз. Халқимиздаги шу ғазаб ва нафратни ўзингиздан нари қилиш ва бошқа томонга йўналтириш учун сизга ички ва ташқи душман керак. Гитлер ички душманлар сифатида асосан яҳудийларни ёмон кўрсатиб, уларни концлагерларга қамаб йўқ қилган, ташқи душманлар сифатида АҚШ ва Россия (СССР) ни ёмон кўрсатиб, улар билан урушган бўлса сиз ундай қила олмайсиз. Сабаби – агар сиз яҳудийларни ички душман қилиб кўрсатсангиз АҚШ, Исроил ва дунёдаги яҳудий жамоалари Сизнинг танобингизни тортиб қўяди. Агар Гитлерга ўхшаб ташқи душман сифатида АҚШ ва Россияни кўрсатсангиз ҳолингизга маймунлар йиғлаши аниқ. Шунинг учун ички душманлар сифатида мухолифатчиларни, мустақил журналистларни, ҳуқуқбонларни, диндорларни кўрсататиб, уларни турли туҳмат айбловлар билан қамоқларга тиқмоқдасиз.Ташқи душман ролига эса “Ёмоннинг кучи япалоққа етибди ” қабилида иш тутиб қўшниларимиздан энг заифини – Тожикистонни танладингиз. Тожикистонга қарши “кичик ғолибона уруш” уюштириш сизнинг манфаатларингизга тўла жавоб беради, чунки уруш даврида 22 йиллик репрессияларингиздан ҳозирча омон қолган сиёсий ва диний мухолифларингизни душман айғоқчилари сифатида йўқ қилиш, “нонкўр” Имомали Раҳмонни жазолаб, ўрнига ўзингизнинг қўғирчоғингизни ўтқазиш, Ўзбекистон халқида йиғилиб қолган ғазаб ва нафратни ўзингиздан бошқа томонга йўналтириш, фавқулодда вазият бўлмиш уруш баҳонасида президентлик ваколатини яна бир бор чўздириш ёки ўз одамингизни тахтга ўтқазиш каби имкониятларга эга бўласиз. Ислом Абдуғаниевич, билиб қўйинг, урушни бошлаш сизнинг ихтиёрингизда бўлса ҳам, аммо бу уруш қачон ва қандай натижалар билан тугаши сизнинг ихтиёрингизда бўлмайди. Собиқ СССРнинг Афғонистонга қарши очган уруши бунга ёрқин мисолдир.Тожик ва ўзбек халқи аслида икки тилда сўзлашувчи бир миллатдир.Тожик ва ўзбек халқи бирининг бошига кулфат тушганда иккинчиси қараб турмаган. Тожик ва ўзбек халқи Гитлер каби диктаторга қарши курашда бошқа миллатлар билан ёнма – ён туриб Буюк Ғалабага эришишда ўз ҳиссаларини қўшган. Сиз каби диктаторлар келиб кетади, аммо тожик ва ўзбек халқи қолади. Ислом Абдуғаниевич, икки биродар халқнинг азалий дўстлигига раҳна солиб, ғаламислик қилманг! Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари бу жиноятингизни кечирмайди! Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ҳудудларини миналаштириб қанчадан – қанча тожикистонликларнинг қонини, кўз ёшини тўкканингиз ҳам етади. Ғаламислик қилманг, Ислом Абдуғаниевич, ғаламислик қилманг!
Адхам Тангриев



