ТУРКМАНИСТОН ЧЕГАРАЛАРИДА ХОРАЗМЛИК ЎЗБЕКЛАР ҲУҚУҚИ ПОЙМОЛ ҚИЛИНМОҚДА

Бахтиёр МАҲМУДОВ

 Ишончли манбалардан олинган маълумотга кўра,  Туркманистон фуқароларининг чегарадан Ўзбекистонга ва яна ватанига ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларининг Туркманистон томонга ўтказилмаслиги кўпчиликда норозилик уйғотган. Ўтолмаётганларнинг қариндошлари чегаранинг у томонидан келиб, ўз қариндошларига ўтишга рухсат берилишини илтимос қилганлар.

 

Аммо бу ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган. Туркман чегарачилари “Сиз Ўзбекистон фуқаросисиз. Шунинг учун биздан ҳеч нимани талаб қилолмайсиз. Кимни хоҳласак, шуни ўтказамиз. Ўтсангиз, депортация қиламиз” дея Ўзбекистон фуқароларини қўрқитиб, ҳақоратлаб, айримларини дўппослашгача бориб етишган. Чегаранинг икки томонида тумонат одам тўпланиб, оломон ғавғоси юзага келган. Буни кўрган туркман чегарачилари барча ўзбекларни чегара ҳудудидан ҳайдаб юборганлар.

 

Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара муаммоси кўпдан буён давом этиб келаётган муаммолардан биридир.  Олдин ҳам бир кунда 20-30 нафар хоразмлик чегарадан Туркманистонга ўтолмай қайтиб келарди. Энди эса қайтувчилар миқдори кўпайиб бораяпти.  Кўпчилик бу ҳолатни навбатда Президент сайлови билан боғлаётир. Туркманистон ёпиқ мамлакатлигини намоён этиб, ичкарига ҳеч кимни киритмасликка интилаётганини, таъкидлашмоқда.

 

 2011 йил давомида 200 нафарга яқин хоразмлик фукаронинг паспортига чегарачиларнинг Туркманистон ҳудудига бир йил мобайнида кирмаслик ҳакидаги муҳрлари босилган. Бирон-бир қариндошиникига меҳмон бўлган  ўзбекларни боргандан қайтгунча кузатиш ҳоллари кучайган.  Чегарадан ўтувчи фуқаролар бир эмас, учта – муҳожирлик, чегара ва божхона назорат масканларида ҳужжат текшириш муолажаси давомида кўп соатлаб вақтларини йўқотмоқдалар.

 

“Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида бир неча йил давом этиб келган танг муносабатлар ортидан икки давлат Президентлари дўстлик битимига имзо чекканлар. Президент Ислом Каримов икки томон ўртасида имзоланган битимларнинг амалий характерга эга эканлигини таъкидлаб: «Ўзбекистон ва Туркманистон чегаралари дўстлик, тинчлик ва барқарорлик чегаралари бўлиши керак» деб айтган. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида олтмишдан зиёд турли шартномалар ва келишувлар имзоланган. Аммо туркман чегарачилари кўрсатаётган ҳунар бу ҳужжатлар фақат қоғозда қолганини исботламоқда, – дейди Хоразм вилоятининг Шовот тумани Маҳтумқули қишлоғида яшовчи Дармонжон Олимова,4 январь куни Туркманистон ҳудудидаги қаридошларимизникига ўтиш учун чегарага бордим. Соат 11 дан 18 гача ўтолмай турдим. “Қаридошларингизнинг паспорт нусхасини олдиринг, кейин ўтказамиз”,  дейишди. Қариндошларга телефон қилиб, нусхани олдирдим. Туркман чегарачилари эса, шу нусха билан менинг паспортимни олиб, бир-бирига отиб, ўйнашди. Чиройли қиз экансиз, деб, гап отишди. Охири, ит эмган ўзбек, деб, ҳақоратлаб, ҳайдаб юборишди.

 

 Шовотлик Малика Рўзметова, Одилжон Абдримов, Элёр Дўсжонов, Олимбой Очилов, Соҳиба Раҳимоваларнинг айтишича, улар, Шовотдаги Ўзбекистон чегара постидан ҳеч қандай қийинчиликсиз ўтганлар. Туркманистоннинг “Дошогуз автойўл” назорат масканида эса юзлаб фуқаролар чегарадан ўтолмай турганини кўрганлар. Бир ҳарбий одам ўзбек-туркманни алоҳида навбатга қўйган. Фақат Туркманистон фуқароларини ўтказган. Ўзбекларга қараб, “Сенлар ўтмайсан. Ўтаман деганларни 5 йилга депорт қиламан” деб, соат 18 дан кейин ҳамма ўзбекларни қувиб солган.

 

“Шу куни қор ёғиб, қаттиқ совуқ ҳам бўлди. Чегарадан ўтказишларини кутавериб, оёқ-қўлларимиз қотиб қолди. “Энди шу маҳалда совуқда қаёққа борамиз” деганимизга қарамай, ҳақоратлаб ҳайдашди. Дошогуздаги қариндошларимни кўришга 15-20 йил деганда биринчи боришим эди. Туркман чегарачиларининг инсон ҳуқуқларини поймол қилиши қачонгача давом этади, ҳайронман,дейди Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи Аминбой Саидмамудов.

 

 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси” 13-моддасида “Ҳар бир инсон эркин сафар қилишга ва ҳар қандай давлат ерида ўзига истиқоматгоҳ танлашга ҳақли”, дея, таъкидланган. Юқоридаги фактлар эса бунинг мутлақо аксини кўрсатмоқда.      

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares