МИЛЛАТЧИЛИК БАЛОСИ: БЕГУНОҲ БОЛАНИНГ ФОЖИАЛИ ЎЛИМИ

       

     Самарқанд вилояти, Жобмой тумани, Тошкент маҳалласида яшовчи Дилшоджон ваҳшиёна ўлим топди.

            2005 йилнинг 19 октябрида туғилган Дилшоднинг  ота-онаси ўзоро келишолмай қолганди. Эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик оиланинг бузилишига олиб келди. Биринчи турмуши бузилган аёл, гўдаги Дилшодни бувиси Моҳира она Турсунованинг қарамоғида қолдириб, қайта оила қўришга қарор қилди.  Бувисининг қўлида қолган  Дилшод Қўлдошев 2011 йил  20 октябрь куни ўз тенгқурлари билан кўчага ўйнагани чиқиб кетганди, бироқ кўп ўтмай, унинг ўртоқлари Моҳира бувининг ҳузурига чопқилиб келишди: “Буви, бир аёл набирангизнинг оёғини уриб синдирди” дея хабар беришди болакайлар бири олиб, бири қўйиб чуғурлашаркан. Моҳира буви жон ҳолатда кўчага отилди. Бориб не кўз билан кўрсинки, Бакиева Ҳамидахон турмуш ўртоғи билан  бир қўли сигирга боғланган, синган оёғи осилган набираси  Дилшод Қўлдошевнининг иккинчи қўлидан тортқилагнча келишарди.  Бу ҳолатга гувоҳ бўлган тўрт-беш киши ола сигирни ушлашга чоғланишганди Ҳамидахоннинг турмуш ўртоғи  “Говмишимнинг йўлини тўсманглар, акс ҳолда сизларни ҳам ўлдираман, сўяман” деб ўкира кетди. Аммо қишлоқ аҳолиси унинг дағдағасига қулоқ тутмай, сигирнинг ипига боғланган Дилшодни қутқариб олишди. Беш ёшли гўдак тезда касалхонага келтирилди. Бироқ бу вақтда кеч бўлганди. Шифокорларнинг саъи-ҳаракталари ҳам зое кетди. Шифохонада боланинг жони узилди.  

             Набирасининг уст-бошини бағриға босиб, шашқатор оқаётган кўз ёшларини тия оламаётган Моҳира буви бор гапни ички ишлар ходимларига сўзлаб берди. Мана, уч ойдирки, Жомбой туман Ички ишлар бўлими ходимлари суриштирув олиб боришмоқда. Бироқ натижадан дарак йўқ. Улар Моҳира бувини “эрта келинг, индин келинг” дея саргардон қилишдан бошқасига ярамаётир.

       –  Туман ИИБсига Худонинг берган куни бораман. Қатнайверб, пойабзалларим титилиб кетди. Аммо милисалардан ёруғлик чиқмайдиганга ўхшайди. Набирагинамнинг бошига етган  Ҳамидахон Бакиева эса  “Қўлларингдан нима келди?! Санлар лўлисанлар?! Агар истасам, барчангни қираман, авлодингга қирон келтираман!!!” дея очиқдан очиқ қах-қаха отиб, таҳқирламоқда дағдаға қилмоқда, дейди марҳум Дилшод Қўлдошевнинг бувиси Моҳира ая юрак-бағри хун бўлиб.

         Жомбой туманидаги Моҳира ая яшайдиган кичик қишлоқчада ўзбеклар билан бирга  лўли миллатига мансуб аҳоли ҳам истақомат қилишади.  Айтишларича,  ҳаётга тўймай эрта кетган норасиданинг фожиали ўлими билан боғлиқ воқеа тафсилоти шундай бўлган: Ҳамидахон Бакиеванинг томорқасига бегона мол оралаган. Экин-тепкинлари пайҳон бўлганидан ғазаб отига минган Ҳамидаҳонинг турмуш ўртоғи мол эгасини излаб,  чор-атрофга олазарак бўлади. Шунда кўзи кўчада ўйнаб юрган беш ёшли Дилшоджонга тушади. Экинини пайҳон қилган сигир уникими, йўқми, суриштириб ҳам ўтирмасдан, гўдакка ташланади-да, уни аёвсиз калтаклаб, оёғини синдиради. Камига ола сигир арқонига боғлаб, қишлоқ кўчасида сазойи қилади. Натижада мурғак жон ваҳшийларнинг қурбонига айланади. Бироқ, буни қарангки,   қўни-қўшниларнинг гувоҳлик беришларича, Моҳира бувининг эшигида бирортаям сигир-бузоғи бўлмаган.                                

           У эмас, бу эмас, 5 ёшли гўдак лўли бўлганлиги учун ҳам ҳаётган эрта кўз юмди.  Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Бош Қомусининг II бўлим, V боби, 18- моддасида “ Ўзбекистон Республикасида борча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, дейилган.

            Ҳаммамиз ҳам тилимиз, динимиз, миллатимиздан қатъи назар инсонмиз, одамзотмиз. Кўз ўнгимизда содир бўлган мудҳиш воқеанинг гувоҳи бўларкансан, беихтиёр ўйга толасан киши: ахир Ҳамидахон ҳам одам боласи эди-ку? Она эди-ку? Дейлик, Ҳамидахон ва унинг турмуш ўртоғи кабилар инсонийлик қиёфасини йўқотишган экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаёққа қарашмоқда? Қонунчи? Бу хунрезликка қонун нима дейди?   Нега қонун ҳимоячилари бефарқ, беэътибор, нега бунчалар сусткаш?  Ачинарли томони шундаки, беш ёшли Дилшоджоннинг ўлими фожиа эмас, шунча бир тасодиф, бахтсиз ҳодиса деб баҳоланмоқда. Тасодиф билан оёқ синиши мумкинми? Ёш бола сигирнинг арқонига тасодифий боғланиб қолишичи? Маматалоқ бўлган баъзойи баданичи? Бу ҳам тасадифми? Бу кўргиликни кўрган, гувоҳи бўлган  қишлоқ аҳолисичи?  Наҳотки, ҳақиқатга ойдинлик киритиш, ҳақиқатга тик боқиш шунчалар мушкул? 

          Ўзингиз ўйлаб кўринг, бирор бир ҳайвонни, сигир ё қуйни йўлда тасодифан машина уриб кетса, ҳайдовчига жарима солинади. Ёхуд  дов-дарахтни рухсатсиз кечган киши ҳам  жазога тортилади.  Дилшод одам боласи эди-ку? Мамлакатимизда инсоннинг бир ҳайвончалик, ёинки, бир дарахтчалик қадри, қиммати йўқми? Норасиданинг гуноҳи нима эди? Айби лўли бўлганими? Нега энди бир боланинг ҳаётига зомин бўлганлар жазосиз қолишлари керак?!Моҳира онанинг тошни  ёрувчи нолаларини ким эшитади? Қўлидан ўқиш, ёзиш келмагани учун ҳам қон қақшаб қолаверадими? Бегуноҳ гўдакнинг хунини ким тўлайди?  

       У дунёда гуноҳкорнинг жазосини Яратганнинг ўзи беради, бунга имонимиз комил. Аммо бу жамиятдачи? Адолат қарор топармикин?… Бир нарса дейиш қийин….

                          

 Зарифа Мирзаева

 “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Самарқанд вилояти, Жомбой туман фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares