
Гога Ҳидоятов 1930 йилда ўлмас санъаткорларимиз Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраеваларнинг оиласида дунёга келган. Ўзининг айтишича, исмини у кишига отаси ва онаси ижод килган театр жамоаси қўйишган экан. Сора опа бир пьесада 15 ёшли Гога исмли боланинг ролини уйнаган. Ролнинг жуда муваффақиятли чиққани боис ҳам жамоа бир овоздан бу оилада туғилган тўнғич фарзандга айнан Гога деб ном қўйишга қарор қилишган.
Тарихчи олим олий маълумотни дастлаб Москва Давлат университетида олган, кейинчалик эса Лондоннинг Оксфорд университетида малака оширган, аназарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаган. Гога Ҳидоятов 17 та монография ва дарсликлар, бундан ташқари, 200дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Ўз фаолияти давомида Жаваҳарлал Неру номли, Мадорас, Пекин, Ерусалим, Колумбия, Мерименд университетларида, шунингдек, Нью Йорк Сити коллежи талабаларига ҳам маъруза ўқиш бахтига муяссар бўлган.
—————————————————————————–
– «Бирдамлик» сайти Турон тарихи билан қизиқмоқда. Бизнинг фикримизча, Турон тарихини сиздан яхшироқ, сиздан чукурроқ биладиган одам йўқ. Имкони бўлса, Турон тарихи ҳақида бизга батафсил сўзлаб берсангиз. Бизнинг «Турон» деб номланган телевидениемиз ҳам бор. Телевидениемизда, шунингдек, «Бирдамлик» сайтида сизнинг интервьюларингизни беришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Биз ҳеч бир сиёсатга буйсунмаган, сиёсатдан ҳоли Турон тарихи ҳақида билмоқчимиз. Янада аниқрок қилиб айтадиган бўлсак, сиздан мафкурадан ҳоли, сиёсатдан ҳоли, ҳақиқий холис тарих тўғрисида билмоқчимиз. Суҳбатимиз аввалида, 90 йилларгача бўлган Турон тарихи, мустақиллик йилларигача бўлган тарихимиз ҳақида нима деган бўлардингиз?
– Эҳ-ҳе, бу шунақанги бой тарихки… Биласизми, бу тарих ҳақида гапириш учун бир ойлик маъруза ҳам етмайди. Бу вақт ичида не-не одамлар ўтмаган дейсиз… Бу шунчалик қудратли тарих. Юксак тафаккур. Бу давр ичида не–не буюк баҳодирлар, саркорлар, вазирлар, шоирлар, ёзувчилар ўтмаган, дейсиз. Буларнинг барчаси халқимиз тарихида мужассам… Масалан, Бобурни олайлик. Биласизми, Покистонда биринчи ракета учирилганда унга қандай ном беришган? Унга бизнинг буюк аждодимиз Бобурнинг номи қўйилган. Хақли савол туғилади? Нимага Покистондек мустақил давлатда ўз қахрамонлари бўла туриб, илк маротаба учирилган ракетага айнан Бобурнинг номини қўйишди? Толиблар Афғонистонга келганда, ҳамма ҳайкалларни олиб ташлашди. Иккита қабрга, Алишер Навоий ва Бобурнинг қабрига тегишмади. Қаранг, Будда ҳайкалини, бошқа ҳамма ҳайкалларни олиб, йўқ қилишди, портлатиб юборишди. Фақат, Алишер Навоий ва Бобурнинг қабрига тегинишмади. Мана шундан ҳам Турон тарихининг нақадар бой тарих бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Энди Бобурнинг мана шу сўзларига эътибор беринг: «Фақат ажал дарвозасининг олдида турган инсон ҳаётнинг нақадар гўзаллигини тушунади». Бобурнинг бу фикри бутун дунёга тарқалган. Менимча, буюк аждодимизга ўхшаган бундай давлат арбоблари дунёда жуда оз, саноқли. Бобур 43 ёшида Ҳиндистоннинг императори сифатида вафот этди. Унинг авлоди Ҳиндистонда 300 йил ҳукмронлик қилди. Тожмаҳалнинг довруғи-ю, унинг ўғли Хумоюн тўғрисида бугун жуда кўпчилик жуда яхши билади.
Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, Покистондаги Лаҳор шаҳрини айнан ўзбеклар қурган. Унинг биринчи тошини Бобур қўйган эди. Шунинг учун ҳам Лаҳор бир вақтлар Покистоннинг пойтахти бўлган. Мен Покистонда жуда кўп бўлганман. Энг қувончлиси, у ерда Бобурни гениал инсон сифатида қадрлашади, эъзозлашади.
Бобурнинг манна бу ғазалига эътибор беринг:
«Чархнинг мен кўрмаган жабру-жафоси қолдиму?
Азоб кўнгил чекмаган дарду балоси колдиму?». Қаранг, қандай чуқур маъноли сатрлар.
Бизнинг тарихимиз шундай бойки, у ҳақда тарихчилар юз йиллаб ёзишса ҳам вақт етмайди. Минг афсус, ҳозир Бобур тўғрисида ҳеч ким ёзмаяпти… Бобур номи биринчи қаерда чиққанлигини биласизми? Унинг номи илк маротаба инглиз тилида 1830 йилда Англияда чиққан.
Бизнинг авлодларимиз дунёда нақадар азиз. Мен Америкада бўлганимда, Сиэтл шаҳрида Университетда дарс бергандим, ўзим ҳам у ерда ўқиганман, кутубхоналарида ишлаганман. Бир куни Вашингтон университети ҳовлисида айланиб юрганимизда, унинг проректори, мана шу майдонда Бобурнинг ҳайкалини қўёлмайсизми, деб сўради. Бу бежизга эмас, чунки шу пайтгача Бобур ҳақида қанчадан-қанча китоблар ёзилган. Худди шундай Амир Темур тўғрисида ҳам мингдан ортиқ асарлар яратилган. Буюк олим Мирзо Улуғбекни ҳам улар қаторига қўйишга ҳақлимиз. Жаҳондаги бошқа қайси бир халқдан Ўрта Осиё халқи каби ана шундай буюк зотлар чиққан? Қорахонийлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар… Мен яқинда бир китобни тамомладим. У Шайбонийларга бағишланган. Мен уни «Шайбоний: ўзбек ва Ўзбекистон» деб номладим.
Биласизми, ўзбек, Ўзбекистон деган номлар қаердан чиққан? Шайбонийлардан. Шайбонийлар эса Сибирдан келган. Ким бўлган Шайбонийлар? Улар турклар бўлган. Биз ҳозир монгол деяпмиз, монгол бу аслида турк. Масалан, Чингизхон монгол тилини билмасди, у фақат турк тилини биларди. У бир куни ўз юртига келади. Чингизхоннинг вазири унга шеър шаклида ўғли Жўжининг вафоти ҳақида хабар бериши керак эди. У келганда, вазир унга шеър ила мурожаат этади.
Мен ўша шеърнинг матнини топдим. Вазир айтади: «Тенгиз бошдан бўлганди, ким тўлдирур уни, а ханим?». Яна давомини тингланг: «Терек тубдан жиқилди, ким турғазур уни, а ханим?». Шунда Чингизхон унга жавоб беради: «Тенгиз бошдан буллғанса, тундирур уни ўғлим Жўжидур, дарахт тубдан йиқилса, турғазур уни ўғлим Жўжидур». Биз бугун уларни монгол десак-да, улар фақат ўзбек тилини биларди. Шуни билиш керак.
Ундан кейин Чингизхоннинг авлодларидан бири Темур ўзининг давлатини бўлиб бераётганда, Жўжини ўғли Ботухонга айтади: « Сен отангнинг ўрнига Ғарбга кетасанг. Токи монгол оти етган жойгача сени давлатинг бўлади». Ботухоннинг укаси бор эди. Унинг номи Шайбан эди. Шайбан турк тилида «чўпон» деган маъно англатади. Кейин, Ботухон ерларни эгаллагандан кейин, Шайбан уни хон деб эълон қилади. У эса Шайбанга бутун Сибирни беради. Ўшандан бошлаб Сибирда ўзбеклар пайдо бўлади. Тюмень, Тобольск, ҳаммаси аслида ўзбеклар турган жойлар. Тюмень дегани – ҳозирги туман сўзини англатади. Бу, ўн минг аскар дегани. Туманларда ўн минг аскар турарди.
Йиллар ўтади, ўзбеклар кўпайиб кетишади. Кўчимхон у ерда янги давлат тузади. Ўзбекларнинг 92 авлоди бўлади. Шайбонийларни кейин хон деб эълон қилишади. Амир Темур Олтин ўрдани тор-мор қилади. Шундан кейин улар иссиқ ерларга кўча бошлашади. Биринчи Ўзбекхон Олтин ўрданинг хони. Зангиота домласи уни Муҳаммад Ўзбекхон деб атайди. «Сиз, дейди, жанубга кетаверинг. Бир қисм халқимизни ҳам олиб кетинг.» Уша ерда янги ерлар бўлади. Зангиота деган тарихий шахсни танийсиз-а? Занги ота Муҳаммад Ўзбекхонинг домласи бўлади. Бир юз минг одам унинг ортидан келади. Улардан одамлар сўрашади: «Сизлар кимсизлар, қерга кетаяпсизлар?» Энди, тил бир. Улар: «Биз Ўзбекхоннинг одамларимиз, биз ўзбеклармиз», дея жавоб беришади. Бу гаплар 1425 йилда бўлган. Шундай қилиб, 1425 йилда ўзбек деган халқнинг ном чиқади.
Суҳбатимиз давомида тарихчи олим Гога Ҳидоятов айнан ўзбеклар ҳақида яна кўплаб тарихий факт ва далилларни келтириб ўтди. Олимнинг таъкидлашича, буюк маданиятлар айнан икки дарё оралиғида пайдо бўлади. Хитой, Миср, Ҳиндистон қаторида, икки дарё оралиғида, Амударё ва Сирдарё оралиғида пайдо бўлган Мовароуннаҳр давлати (ҳозирги Марказий Осиё ҳудудини қамраб олган ҳудуд) ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
– Турон тарихи ҳақида гапирганда, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш керак. Жалолиддин ғаним билан курашиб, асирга тушмаслик учун ўзини Инь дарёсига ташлаганида унга камон ўқини отмоқчи бўлган аскарларига Чингизхон «Отанинг ўғли мана шундай булиши керак!», деб айтади.
Шу ўринда тарих жуда катта тарбиявий кучга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Мен бутун умримни тарихни урганишга бағишладим, у ҳақда ҳаққоний ёзишга интилдим ва бунга эришдим ҳам деб ўйлайман.
Умуман, мен тарих аслида қандай бўлса, у ҳақда шундайлигича ёзиш керак, деб ҳисоблайман. Менинг «Моя родная история», унинг 2-қисми бўлган «Национальный вопрос в СССР» деб номланган рус тилидаги иккита китобим босмадан чиққандан кейин қаттиқ танқид қилинди. Гарчи, мен ҳақиқатни ёзган бўлсам-да, негадир мени тушунишни исташмади. Бу асарларда мен тарихга холис ёндашганлигимни айтмоқчиман. Чунки Москва давлат университетида таҳсил олган йилларимда менга тарихни нима учун ёзишни ургатишганди. Кейинчалик, Оксфорда тарихни қандай ёзишни ургандим. Мен виждонимга қарши бора олмайман.
Суҳбатимиз анчагача давом этди. Суҳбат сўнгида Гога Хидоятов бизни ўз ижод хоналарига, у кишининг таъбири билан айтган «лаборатория”ларига бошладилар. Олим ижодхоналарида, энг аввало, инглиз тилида чоп этилган «Бобурнома»ни фахр билан кўз-кўз қилдилар. Қалин, чиройли безаклар берилган бу китоб бизнинг ҳам эътиборимизни тортди. Тарихчининг таъкидлашича, «Бобурнома» инглиз тилига ниҳоятда ччиройли, гўзал таржима қилинган. Унинг таржимаси ўзбек тилидагисидан ҳам жозибали чиққан.
Биз “лаборатория”га кирганимизда, Жаҳон дурдона асарлари жамланган бундай кутубхонага ҳамма ҳам эга бўлавермайди. Бу ердаги суратлар ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Мана, Гога Ҳидоятов Ироқнинг собик президенти Садам Хусайн билан тушган сурат. Тарихчининг маълум қилишича, бу сурат 1990 йилда, у кутлуғ 60 ёшни қаршилаган чоғида олинган. «Мана бу ерда мен Колорада хиндулари билан суратга тушганман. Мана бу сурат эса Лондондаги машҳур Трафалган скверда олинган. Бу сурат эса 1940 йилда олинган. Унда оиламиз аъзолари тасвирланган», дейди ўша даслар хотирасида жонланган тарихчи олим мамнуният билан.
– Яқинда «Шайбаниды» – «Шайбонийлар» деб номланган рус тилидаги асаримни ёзиб тугатдим. 470 бетдан иборат бу китобда кўплаб тарихий далиллардан фойдаландим. Энг муҳими эса, бу китобимда жуда қадим суратларни илова қилганман. Ушбу китобни нашр эттириш учун менга ҳомий керак.
Бу китобда ҳам ҳақиқатни ёздим. Чунки менга шуни ургатишган. Мен ўз юртимни севаман, у ҳақда ҳаққоний ёзиш менинг бурчим. Ватаним қандай бўлса, уни шундайлигича кўрсатишни истайман. Ҳаётда кўп нарсани йўқотиш ва топиш мумкин. Дўст топилади. Ҳатто ота-онани ҳам топиш мумкин. Фақатгина ватан битта, ягона. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Биз тарих фанининг чуқур билимдони Гога Ҳидоятов билан ўтмиш ҳақида, хусусан, Турон тарихи борасида ҳали яна кўп суҳбатлашгимиз бор. Чунки бизда олимнинг Турон тарихи ҳақидаги сарҳад билмас уммонидан, билимлар булоғидан баҳраманд бўлиш истаги устун. Шу саба ҳам Яратгандан яна дийдор насиб айлашини сўраб, тарихчи олим билан хайрлашдик….
Суҳбатни Саодат Амонова ёзиб олди.



