АДОЛАТЛИ БОШҚАРУВ ТИЗИМИГА ҚАНДАЙ ЎТИШ МУМКИН?

Мухторали Матғозиев

Мен бугун  сизларнинг ҳукмингизга биринчи мақоламни ҳавола этмоқдаман. Бу мақоладаги фикрлар менинг шахсий фикрларимдир. Эҳтимол, баъзи дўстларимизга маъқул келмас, лекин мақолани ўқиб чиқсангиз фойдадан холи бўлмайди деган умиддаман. Барчамизга маълумки,  ўз вақтида «Осиё йулбарси» деб ном олган Таиланд  иқтисодиёти  асосчиси  қирол  Пумипон  Адулядет  1946 йилдан бери мамлакатни идора этиб келмоқда. Қирол аллақачон миллат ифтихорига айланган. Таиланд халқи қиролни қаттиқ ҳурмат қилади. 17 та давлат тўнтариши, 15 марта конституцияни ўзгариши, 20 та бош вазирни кўрган қирол дунёдаги энг узоқ ҳукмронлик қилиб келаётган монарх саналади. Аввал инқилобчиларни қўллаб-қувватлаб турган халқ инқилобчилар қиролга қарши боришганда  ўз қиролини ҳимоя қилиб, энди инқилобчиларга қарши бўлиб қолишларини боиси нимада? Нима учун Таиланд халқи ўз қиролини бунчалар қаттиқ ҳурмат қилишади? Менимча, қирол ўз вақтида ўз халқига нимадир берганки, халқ қиролидан рози. Ўша нимадир ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий эркинлик бўлса керак.

Ўзбекистонда ҳам президент ўз фуқароларига  нимадир  берса, бундан барча баробар рози бўлса, бунинг натижасида президент дунёдаги энг одил ҳукмдорга айланса, халқ фаровон, мамлакат  обод бўлса эди. Бунинг  учун президент Ватанни озод қилиши, халқ озод Ватанни обод қилиши керак бўлади. Шундагина биздан озод ва обод Ватан қолади. Ленин бошчилигидаги коммунистлар ҳокимият тепасига келганларида мамлакатдаги, аниқроғи империядаги барча ер ости ва ер усти бойликлари давлатникига айлантирилган эди. Ўзбекистон ҳам совет давлати бағрида пайдо бўлди. Демак, Ўзбекистон совет давлатининг боласи десам тўғри бўлади. Бошқарув усуллари ҳам советлардан қолган. Бундан  олти йил олдин Вазирлар Маҳкамасининг қўшма йиғилишида президент бошқарув бюрократик эканлигини, у ислоҳ қилинмас экан ривожланиш бўлмаслигини айтган эди. Совет давлати империя бўлиб, кўпгина мамлакатларининг халқларини ўзига бўйсундирган, тобе қилган бўлиб 1991 йил совет давлати парчаланганда, фақат Москва билан республикалар ўртасидаги занжир узилди холос. Қишлок ва шаҳарларга солинган кишанлар ечилмади.Ватани,юрти қарам халқ ҳам тобе бўлади, қул бўлади. Қачонки Ватан озод бўлса, халқ ҳам озод бўлади.         

       1991 йили эса давлат мустақил бўлди холос. Ватан эмас. Ватанни озод қилиш керак .Айтишадику, «Келажакни билмоқчи бўлсанг, бугунги қилинаётган ишларга боқ» деб. Ер юзига назар солсангиз кўпгина халқлар, давлатлар, мамлакатларни кўрасиз. Ўзбекистон ҳам мана шу мамлакатлар қаторида мисоли бир оила. Ўзбекистон деган оилада ҳам давлат ота, ҳукумат эса она, фуқаролар мисоли бир фарзандек бўлиши керак. Давлат ва ҳукумат халқнинг меҳрибони, ғамхўри бўлиши керак .Совет даврида одамларнинг онгига «ҳамма нарса давлатники»деб сингдирилганлиги боис ҳозир ҳам ҳамма нарса далатники деган тушунча ва ишонч одамлар онгида қатъий. Ота-онадан кейин барча нарса фарзандларга қолиши керак бўлганидек, совет давлати ва ҳукумати парчалангандан кейин, энди советлардан қолган мерос халқники бўлиши керак эди, лекин  одамлар онгида давлатники деган тушунча, янги мустақил Ўзбекистон ҳудудидаги ер ости, ер усти бойликларини  давлатникига айлантириб олинишига имкон берди. Ўзбекистон ҳудудидаги ўзлаштирилган ерлар, қазилган ариқ-зовурлар, қурилган йўллар, кўприклар, завод-фабрикалар, яъни одам меҳнати билан яратилиши мумкин бўлган барча нарсалар асосан ўзбек халқининг оғир ҳамда ўта машаққатли меҳнатлари эвазига бунёд этилган эди. Совет давлати ҳамда ҳукумати бошчилигида қилинган бу ишлар ўта оғир шароитларда, яъни  даҳшатли жаҳон урушини ўз танида ҳис қилган ва буни натижасида очарчилик, йўқчиликларни мардона енгиб, 1991 йилгача улкан мерос шакллантирган оталаримиз-оналаримиз, боболаримиз – момоларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига бунёд этилган эди. Ўша машаққатларни ўз танида ҳис қилган,меҳнати синган ёши улуғ инсонлар, яъни тирик гувоҳларнинг анчаси бизнинг орамизда, биз билан яшамоқда. Ўзбекистон Конституциясининг 55- моддасида: «Ер, ер ости бойликлари умуммиллий бойликдир. Давлат ҳимоясидадир »деб қўйилган. Бу дегани давлатники деган эмас. Бу ерда «давлат ҳимоясида» дейилмоқда, яъни талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эга бўлиш, бошқа давлатлар,халқлар томонидан босиб олинмаслиги учун давлат ўз ҳимоясига олгани тўғри, лекин такрорлайман бу аслида давлатники дегани эмас. Нега бўлмаса амалда бунинг тескариси бўлаяпти? Ўзбекистонда ислоҳотлар қандай бўлиши керак? Сизларни зериктириб қўймаслик учун юқоридаги саволларга кейинги мақолаларимда жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ҳозирча эса хайр.

 

Мухторали Матғозиев

 «Бирдамлик» Ҳаракатининг  Мингбулоқ тумани бўлими раиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares