(эркин таржималар)
***
Жозеф Редйард Киплинг
(1865 – 1936)
***
ЛОЖУВАРД АТИРГУЛЛАР
Ёримга даста қилдим бозивард
Атиргуллардан мен қизил ва оқ.
Атиргулларни лек у ложувард,
Келтиргил, дея, қилди ноз-фироқ.
Севгилим учун мен кездим жаҳон,
Чаманларни кўп айладим навард.
Кулишди мендан ҳар қайда, дебон:
– Атиргуллар ҳеч бўлмас ложувард.
Гулларни бундай тополмай асло,
Келсам уйимга қиш чоғи қайтиб,
Вафот этибди ёрим бу асно,
Гулларни тим кўк хоҳлашин айтиб.
Атиргулларга ёрим ложувард,
Эришди, балки, бақода мангу.
Бенаф экан лек бўлмоқ жаҳонгард,
Шундоқ ҳам оддий гуллар гўзал-ку?!
***
АҲМОҚ
Бор экан бир (художўй) аҳмоқ,
(Худди мендек ва, балки, Сиздек).
Устухонни бир сочи пахмоқ,
Кўкраги ва орқаси бўртиқ,
Севар эди жонидан ортиқ
(Худди мендек ва, балки, Сиздек).
Устухонин дерди – Маликам,
Гул ҳам, пул ҳам ташиб паёпай,
Таъминларди рўзгорин бекам,
Унга эса Малика – арқам,
Этмасди рад… деса; бир ўпай.
Совурарди бор-йўғин аҳмоқ
(Худди мендек ва, балки, Сиздек),
Оёғидан чақнарди чақмоқ,
Ўктам, абжир ва жасур эди,
Лек бари-бир тепкини еди
(Худди мендек ва, балки, Сиздек).
Тугади тез лаззатли хаёт,
Чил-чил бўлди орзу-умидлар.
Шунча вафо зоему, нахот?!
Нахот, севги янглиғ хиссиёт
Бўлса фақат совға харидлар?!
Пок-покиза шилинди аҳмоқ
(Худди мендек ва, балки, Сиздек),
Ном ҳам олиб элда “беаҳлоқ»,
Хору расво бўлди-ки буткул,
Худкушлик ҳам қилайёзди ул
(Худди мендек ва, балки, Сиздек).
Илло уни асраб қолди ор,
Эмас, ахир, тамоман аҳмоқ!
Билиб олди лек энди шунқор –
Билмас экан севгини зинхор
Устухони ул сочи пахмоқ!
***
ЎТИНЧ
Мехнатларим этсангиз қадр,
Сал арзисам ҳурмат қилгали,
Беркитса-да, хоҳ, мени қабр,
Сизга эса бу эрта ҳали,
Қилмоқ учун унгача иҳсос
Армонлару хитобларимни,
Олиб қўлга, гоҳ-гоҳ, илтимос,
Сиз варақланг китобларимни!
***
ОНАИЗОРИМ
Дорга оссалар мени мабодо,
Онаизорим, Онаизорим,
Меҳринг ул рамақ менга ирода,
Онаизорим, Онаизорим!
Кўз ёшларинг, гар чўксам уммонда,
Онаизорим, Онаизорим,
Уммон тубига етгай шу онда,
Онаизорим, Онаизорим!
Ёғса ё тухмат ва лаънат менга,
Дуоларинг нур, куч, мадад менга,
Онаизорим, Онаизорим!
*****
АНДИЖОН
1 01 2012
***
PS:
*… арқам – олачипор илон
*… бозивард – совға
*… иҳсос – ҳис қилиш, сезиш
*… ложувард – тўқ мовий ранг
*… навард (қилмоқ) – кезмоқ
*… рамақ – ўлим олдидан сўнги нафас
***
Барчани Янги Йил билан самимий қутлаб, аъло кайфиятлар тилаган ҳолда, ҳурма ила,
С.Равоний.




