
Мусулмонлар бир умр ҳажга боришни, Оллоҳнинг фарзларидан бирини бажаришни орзу қилиб ўтадилар. Барчамизга мана шундай амалларни бажариш насиб этсин. Мен ушбу мақоламда пешона тери билан пул топиб ёки фарзандларининг кўмагида ҳаж амалларини бажариб келган юртдошларимиз ҳақида гапирмоқчи эмасман. Уларга ҳавасимиз келади. Лекин кейинги ўн йил ичида одамлар орасида бир савол пайдо бўлди” «Ҳажга ўзи кимлар боради?». Бундай савол берилиши бежиз эмас.Оллоҳнинг ўзи кечирсину, ҳозир кишилар бир-бирларини ҳурмат қилиб, «Ҳожи ака» деб мурожаат қилсалар, одам ўзини ноқулай сезадиган бўлиб қолди. Нега? Яқинда шу саволга жавоб топгандек бўлдим. Биринчидан: ҳозир оддий одамлар учун ҳажга бориш осон бўлмай қолди. Ҳажга бориш учун 6-7 миллион сўм атрофида пул топиш керак. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Иккинчидан: ҳожи бўлиб келганларнинг аксарияти ислом ақидаларига зид ишлар қилиб, эл одида обрўларини тўкиб қўймоқдалар. Кейинги пайтларда ҳожиларни кутиб олиш ҳам дабдабали маросимга айланиб кетмоқда. Ҳожиларнинг яқинлари аэропортда уларни «Лимузин» машинаси ва қўлда гулдасталар билан кутиб оладилар. Ярим тунда, иқтисодий имконияти етмаганлиги сабабли ҳажга бора олмаётган кишиларнинг ҳавасини келтириш учун бўлса керак, давомли сигналлар чалиб, атрофдагиларни безовта қилиб, ҳонадонларига кириб борадилар. Эртасидан келди-кетди бошланади. Ҳожиларни кўргани келганларга ёзилган дастурҳондаги нозу-неъматларни оддий инсонлар тушларида ҳам кўрмаганлар. Табиийки, ҳожилар ҳаждан қуруқ қайтмайдилар. Ҳожи дўппи, рўмол, жойномоз, тасбеҳ, обизам-зам суви ёки мушк-анбарларни совға сифатида олиб келишади. Албатта келтирилган нарсаларини йўқлаб келувчиларнинг барчасига етказиш амри маҳол. Энг қизиғи шундаки, ана шу совғаларнинг аксариятини ҳожиларнинг яқинлари улар Хаждан қайтиш арафасида ўзимизнинг бозордан арзимаган нарҳда сотиб олиб, тайёр қилиб қўядилар. Мазкур совғалар ҳожиларни йўқлаб келганларнинг мавқейига қараб тарқатилади. Ҳажга кетишига ёрдам берган ёки юқорироқ лавозимли кишиларга совғанинг «дода»си, қолганларга эса оддий нарсалар ҳадя қилинади.
Айримларнинг тўрт-беш марталаб ҳажга боришганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бъзилар эса фақат тижорат ишларини битириб олиш учунгина ҳажга борадилар. Бунга ҳожиларни аэропортда кутиб олганлар кўп бор гувоҳ бўлганлар. Чуст туманида бир издағомда ўтириб қолдик. Косагул «Ҳожи ака, қани, олсинлар» деб бир соқоллик кишига ароқ узатди. У ароқни бир кўтаришда ичиб юборди. Бошида бу кишини ҳақиқий ҳожи эканлигига ишонмадим. Сўраб билсам, у ҳақиқатда ҳам ҳажга бориб келган экан.
Гувоҳи бўлганингиздек, юқоридаги ҳолатлар муқаддас динимизнинг амалларига бутунлай зид ишлардир.Оллоҳни уйига бориб келганлар буни сиз билан биздан кўра яҳшироқ биладилар. Ҳеч ким уларга «Ҳой, қилаётган ишларинг Ҳудонинг қаҳрини келтиради. Жамиятимизда одамларни динимизга бўлган эътиқодини сўндираяпсилар» демайди. Гўёки юртимизда иймон- эътиқодли одамлар қолмагандек. Телевидениеда турли экстремистик оқимларга алоқидорликда айибланаётганларни кўрсатиб, «Булар динни ниқоб қилиб олганлар» деяётганлар эса, ҳожиларни юқоридаги ишларини кўриб, кўрмасликка олаяптилар. Айтингчи, мана шундай ярамас ишларни қилаётган ҳожиларнининг турли давлатларида ислом дини номидан ёвузликлар уюштириб, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритиб, дунё жамоатчилигига исломни олабўжи қилиб кўрсатаётган экстремистлардан нима фарқи бор? Улар сиёсатга қарши чиқмаяпдилар ҳолос. Бирор жойни портлатиб, одамлар қонини тўкмаяпти, холос. Лекин улар ҳалқимиз қалбини заҳарлаяптилар. Иймонини сусайтирмоқдалар. Иймони суст ҳалқ эса қулликка мойил бўлади. Мусулмонларнинг ҳаж сафарини назорат қилаётганлар ҳам, агар ниятлари ҳолис бўлса, юқоридаги ҳолатларга эътибор қаратиб қўйсалар ёмон бўлмас эди.
Носир Зокир



