ГОГА ХИДОЯТОВ: МЕНГА ТАРИХНИ КАНДАЙ ЁЗИШНИ ВА НИМА УЧУН ЁЗИШНИ УРГАТИШГАН

Саодат Амонова

 28 декабрь куни «Бирдамлик» Халқ Ҳаракатининг бир гуруҳ фаоллари жахонга таниқли тарихчи олим  Гога Хидоятовнинг хонадонида меҳмон бўлишди. Тўғри, Гога Ҳидоятовни оммага таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, чунки бу ҳассос олим ўзининг ўлмас илмий асарлари билан Нафақат Ўзбекистонда, балки ҳорижий давлатларда ҳам чексиз донг таратган, ҳурмат қозонган инсонлардан бири. Шундай бўлса-да, учрашув тафсилотлари ҳақида сўз юритишдан олдин тарихчи босиб ўтган  ҳаёт йўлини ўқувчиларги қисқача эслатиб ўтишни жоиз деб билдик:

Гога Хидоятов 1930 йилда Тошкентда,  ўлмас санъаткорларимиз Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраеваларнинг оиласида таваллуд топган. Тарихчи олим дастлаб Москва давлат университади таҳсил олган, кейинчалик  Англиядаги Оксфорд университетида ўз малакасини ошириб қайтган.

Тарих фанлари доктори ўттиздан ортиқ монография ва дарсликлар, 200дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

Гога Ҳидоятов  ўз фаолияти давомида  Жавохарлал Неру номидаги, Пекин, (Мадрасс) Мадорасс ( ўзбекчасига адашмаётган бўлсам), Ерусалим, Колумбия, Мерименд университетларида, шунингдек, Нью Йорк Сити коллежи талабаларига ҳам маърузалар ўқиган.

81 ёшли тарихчининг хонадонида бўлиб ўтган суҳбат жуда қизикарли кечди. Турон тарихи ҳақида гапириб берсангиз, деган саволимизга Гога Хидоятов “Бунинг учун бир ой вақт ҳам етмайди” дея таъкидлади. Олимнинг фикрича, Турон тарихи ўсиш, ривожланиш билан бирга, турфа истеълоларни бошидан ўтказган,  шиддатли қирғин-баротларга гувоҳ бўлган. Бу – босиб ўтилган улкан йўл, бой ўтмиш ҳисобланади.

 Тарихчи олим энг аввало шоҳ ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳақида тўхталаркан, Покистонда учирилган биринчи ракетага айнан Бобурнинг номи қўйилганини ўзгача ғурур, ифтихор билан тилга олди.  “Эътибор қилинг,  ҳатто Толибонлар Афғонистонни  босиб олишганларида  Будда ҳайкали каби турли тарихий ёдгорликларни вайронага айлантиришган. Бироқ  Алишер Навоий ва Бобурнинг қабрига тегинишмаган”, дейди қалби фахрга лиммо-лим бўлган Гога Ҳидоятов севинч билан.

Тарихчи олим Бобурнинг қуйдаги фикрларини эслади:  «Фақат ажал дарвозасининг олдида турган инсон ҳаётнинг нақадар яхшилигини билади”. 

Г. Ҳидоятов биз, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаолларига  инглиз чоп этилган “Бобурнома” китобини кўрсатаркан, “Бу асар шунчалар нафис, шунчалар дилбар, нихоятда гўзал таржима килинганки, ўқиб ҳузур қилади киши. Шунинг ўзиёқ Бобур шахсига бўлган  буюк ҳурмат ва эҳтиромдан далолат” дея таъкидлади. Олимнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир каломидан Ватанга, унинг тарихига, буюк алломаларимизга бўлган юксак меҳр, чексиз муҳаббат тафти уфириб турарди.

Суҳбат давомида  Гога Ҳидоятов  икки дарё оралиғида пайдо бўлган қадим Турон тарихи, ўзбекларнинг пайдо бўлиши борасдиаги билмларини, шунингдек,   тарихга бўлган бугунги муносабат ҳақидаги бор фикрларини биз билан ўртоқлашди.

Ижод хонасида биз олимнинг Садам Хусайн билан тушган суратига кўзими тушди.

Тарихчи олим  билан суҳбатлашарканмиз, она Турон ўтмиши, Туркистон кечмиши гуё кўз олдимизда гавдалангандек бўлди.   Ва яна суҳбат давомида шунга амин бўлдикки, Гога Ҳидоятов  бутун борлиғини, ҳаёти, азиз умрини тарихга бағишлаган, ўтмишни ўрганишга бахшида қилган, қила олган  инсонлардан бири. Ўз ишининг пири, комили.   Худди ана шу иқрорлик, бизни  Гога ҳидоятов билан ҳар ҳафтада бир маротаба ўтмишнинг сарҳад билмас хилқатларига элитгувчи, саёҳат қилдиргувчи  15 дақиқалик  кўрсатув тайёрлаш иштиёқини уйғотди. Ҳатто бу борада  тарихчи олим билан  келишиб ҳам олдик.  Насиб этса, тез орада “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати қошида ташкил этилган “Турон-ТВ” теливединияси дастурлари  Турон тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи ажойиб бир кўрсатув ҳисобига  бойийдиган бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас,  Гога Ҳидоятов босиб ўтган йўл, унинг тарихнинг сирли сандиғига том маънода тилсим бўлувчи, бўла олувчи илмий асарлари ҳақида қанчалик гапирмайлик, кам. Нечоғлиқ гапирмайлик, адо бўлмайди. Демак, билингки, Гога Ҳидоятов билан куҳна тарих сарҳадлари сари ҳали кўп ва хўп саёҳат қиламиз. Бу бошланиши эди, холос. Кутинг, бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Саодат Амонова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати  матбуот маркази раҳбари

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares