ЎЗБЕКИСТОН: БУВАЙДАДА СОЛИҚЧИЛАР БОСАР-ТУСАРИНИ БИЛМАЙ ҚОЛГАНМИШ…

Малоҳат Эшонқулова

         Бугун Фарғона вилояти, Бувайда тумани, Ибрат шаҳарчаси, Келажак кўчаси, 15- уйда истиқомат қилувчи ёлғиз аёл Раънохон Усмонованинг синглиси Саидахон Ҳасанова “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаоли Акромхўжа Муҳиддиновга қўнғироқ қилиб, туман ички ишлар ходимлари ва солиқчиларнинг жабру-зулумидан арз-дод қилди.

           Мутасадди идора ходимларининг жафосидан жабр кўрган аҳоли вакили нега энди ҳукумат идоралари-ю, қонун посбонларига эмас, айнан “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаолига нажот истаб мурожаат қилиди? Бу энди жиддий масала, алоҳида бир мавзу. Демакки, халқ ҳукуматдан, ҳуқуқ-тартибот идораларидан  қўлини ювиб, қўлтиғига суртган, аллақачон умидини узган кўринади. 

         Гап шундаки, 27 декабрдан 28 декабрга ўтар кечаси тахминан соат 22.00 ларда бева Раънохон Усмонованинг дарвозасини  кутилмаганда кимдир таққиллатди.

          – Эшитганмисиз, йўқми, Бувайдада бир кеча-кундузда 2-3 соат электр токи берилади. У ҳам бўлса, аҳолига кераксиз вақтларда. Кечаси эса чироқ умуман ёнмайди. Шунинг учун аҳоли эртароқ уйқуга кетади. Эшик таққилаган пайтида опам  уйқуга ётганлиги сабабли, дарвозани уларнинг қизи Феруза Деҳқонова  очишига тўғри келган, – дейди Р. Усмонованинг синглиси Сидахон Хасанова телефон орқали биз билан бўлган суҳбатда, –  Дарвозани очгач, эркак кишининг қорасига кўзи тушган. Нотаниш киши “Уйда ким бор?” деб сўрабди. Жияним Ферузахон “Аям борлар, ухлаяптилар” деганини билади, ичкарига 14-15 нафар эркак киши бостириб кирган. “Кимсизлар, сизларга нима керак?” деб сўраган Ферузахонни эркаклардан бири  елкасидан бир силтаб, четга улоқтирган: “Биз уйларингизни текширишга, тинтув ўтказишга келганмиз. Устингиздан чақув ( Шикоят ариза демоқчи. Муаллиф) тушган. Бир тўда эркак кишиларнинг важоҳатидан қўрқиб кетган Феруза бақириб юборган. Қизининг овозидан чўчиб уйғонган опам Раънохон ташқарига чиқққан. У ўзини ўнглаб олганида ҳукумат идорасидан келган 15 нафарча тунги “босқинчи”лар аллақачон тинтувни бошлаб юборишган экан.  Улардан на ҳожатхона, на молхона, на ертула, ҳеч ер қолмаган. Ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилиб чиқишган. Уй эгасининг ҳой-ҳойлашига ҳам эътибор қилишмаган. Электр токи йўқ, ҳамма ёқ зима-зиё. Тинтувчиларнинг ҳар бирини қўлида эса фонар. Шунда опам улардан бирининг овозини таниб қолган. Уй эгаси бўлмиш Раънохон  “Қўчқормисиз?” деб сўраса, “Ҳа, мен Қўчқор Йигиталиевман” деб жавоб қилибди. Бу Қўчқор деганлари Бувайда туман солиқ идораси бошлиғи. Унинг шерикларидан бири Солиқ идораси савдо бўлими бошлиғи Адҳам Олимов, яна Қосим деган солиқчи ҳам бўлган. Тинтувчиларнинг тенг ярми солиқчилар кийимида, ярми эса  ички ишлар формасидаги йигитлар экан. Қўқисидан бўлган бундай муомала-муносабатдан опамнинг қон босими кўтарилиб, юраги ёмон бўлиб қолган. Ўзингиз ўйланг, эркаги йўқ уйга ярим тунда бир эмас, икки эмас, нақд 14-15 нафар эр кишилар бостириб киришса, турткилашса, қўрқувдан юраги ёрилмайдими одамнинг?  Опамнинг соғлиғи ёмонлашуви натижасида тез ёрдам чақиришга мажбур бўлишган. Бақир-чақирдан бунут маҳалла кўчага отилган. Опамнинг уйидаги тинтувга томошабин бўлган.

           -Саидахон, сиз тунги тинтув воқеасининг шоҳидимисиз?, – сўрадим ундан.

            – Қисман. Чунки қўрқиб ктеган опам Раънохон ва жияним Ферузахонлар шу онннинг ўзидаёқ барча қариндошларга, жумладан менга ҳам қўнғироқ қилганди, тезда етиб келганман. Келсам, мана шу аҳвол, – дея жавоб қилди Саидахон.

            – У ҳолда мазкур воқеа юзасидан ўзларини жабирдийда сифатида ҳис қилаётган опангиз ёхуд жиянингиз билан гаплашсак бўладими? Уларнинг ўз сўзларидан эшитишни истардик, – дедим.

            – Опам ҳам, жияним ҳам жон-жон деб гапиришган бўларди. Бироқ уларнинг сўзлайдиган ҳоли йўқ. Шу бугун ҳам икки бор тез ёрдам чақиртиришга тўғри келди. Мана, бир тўшак бўлиб ётишибди. Шунинг учун опам сизларга қўнғироқ қилишни мендан, синглисидан илтимос қилганди. Мана, ҳозир ўзлари ҳам ёнимда. Ётибдилар, – деди Саидахон Ҳасанова.

          – Унда опангиз Раънохондан сўрангчи, тунги тафтишчиларнинг қўлида тинтув ўтказиш ҳақида ордери бормикин? Кўрсатишганмикин?

          –  Ордер-пордери бўлмаган. Қўлларида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, опамга ҳам ҳеч қандай қоғоз кўрматишмаган. Тўғри бостириб кираверишган. Ҳатто ўзларини ҳам таништиришни эп кўришмаган, – деди Саидахон куюниб.

           –  Унда Раънохондан сўрангчи, тунги тафтишчилар уйларидан айнан нимани қидиришган экан? Жамият учун хатарли бўлган, ёхуд таъқиқланган бирор нарса топишибдими?

           – Қизиғиям шунда-да, – Саидахон жиғибийрон бўлди, – Ҳеч нарса топилмаган. Қидира-қидира, қўлларига ҳеч нарса илинмагач узр-маъзурни насия қилиб, жўнаворишган. Биз, қариндошлар кечаси келдик, Раънохонни тинчлантириб, қайтиб кетдик, ранги оқариб, бир аҳволда қолди бояқуш. Бу ҳам майли-я, янаям ташвишлиси, тунги соат 24.00 лардан ўтганда, Раънохоннинг  биз, қариндошлари кетгач,  Бувайда  туман солиқ идораси бошлиғи Қўчқор Йигиталиев Қосим исмли бир ходими билан яна қатиб келибди. Қайта обдон тинтув ўтказибди. Аана энди маҳалла-куй, қўни-қўшнилар ўртасида “Раънохоннинг бир нарсаси бордирки, ҳукуматнинг форма кийган 10-15 нафар ходими ярим тунда уйига  бостириб кирган, қайта-қайта тинтув ўтказган” деган гап-сўз бўлмоқда. Э йўқ, бе йўқ, опам гапга қолди, ҳамсоя-халқ ўртасида шарманда бўлди. Бизнинг Бувайда туманида ўзи шунақа, милисаман, солиқчиман дегани босар-тусарини билмай қолган. Кўнглининг кўчасига келганини қилишади. Эгнидаги формасига ишониб, аҳолини истаганча оёқ ости қилишади. Буларнинг ҳам танобини тортиб қўйдиган мард топилармикан-а? Бу мўштумзўрларнинг дастидан  икки ўртада опам Раънахон билан жияним Ферузахонларнинг қўрқувнинг зўрлигидан соғликларини йўқотганлари қолди…, – деди суҳбатдошим надомат билан.

         Ҳали айби исботланмаган шахсга жиноятчидек муносабатда бўлиш, махсус рухсатнома бўлмаган ҳолда вақту бемаҳал фуқаро уйини ағдар-ўнтар қилиш, ноқонуний  тинтув ўтказиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, оёқ ости қилиш, бу нафақат Фарғонада, Бувайда туманида, балки Ўзбекистон деб аталмиш алдовлар оролида биринчиси эмас, охиргиси ҳам… Афсус…

Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares