
Қиличини яланғочлаб қиш ҳам кириб келди. Калласи жойида инсонларнинг ҳаммаси ёзда қиш ғамини еб қўйишган, лекин иссиқ кунларнинг ортидан совуқ кунлар борлигини унутганлар ҳам йўқ эмас. Ғаллаорол тумани бўйича 90 та умумтаьлим ўрта мактаблари бор. Ота-оналарнинг дод – фарёдини кўриб мактабларга алоҳида эьтиборни кучайтирдик. Ҳайратдан ёқа ушлайсан. Ғаллаорол шаҳрининг Бахт махалласида жойлашган Нодирабегим номли 78-умумтаьлим ўрта мактабида шароит айниқса абгор. Гарчи 2008 йил мактаб капитал ремонтдан чиққан бўлсада амалда кўзбўямачиликдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган Бундай дейишга асосимиз бор.
Алмаштирилиши керак бўлган мактаб томи шиферлари алмаштирилмади. Пол қилиниши керак бўлган синф хоналари номигагина пол қилинди. Эшик-ромлар алмаштирилмади. Хуллас, сирти ялтироқ ичи қалтироқ мактаб ўз жойида қолди қўйди. Бу дахмазанинг кимга кераги бор деб ўйларсиз, албатта. Бу мактабни тўлиқ таъмирлашни ўз бўйнига олган фирма раҳбарига керак. Ҳа, жон куйдириб иложини топиб фарзандларимиз ўқийдиган мактабдан болалари учун насиба ола билибдими демак, у “ҳақиқий” тадбиркор.
Мактабга ёмғир ёғаётган вақтда бориб қолсангиз мактабнинг иккинчи қаватида сув кечиб юрасиз. Сохталаштирилган таъмир пайтида мактабнинг спорт залига бир пачка оҳак ҳам насиб қилмади. Мана шу қиш- қировли кунларда ҳам ўқувчилар ташқарида физкультура дарсини ўтишмоқда. Мактабдаги талабга жавоб бермайдиган, фойдаланишнинг умуман иложиси бўлмаган спорт залининг ўқув йили мобайнида ёпиқ туриши ажабланар эмас. Мактаб томидан ўтаётган томчи учинчи қаватдан биринчи қаватгача оқиб ўтади. Синф хоналарига кирсангиз совуқдан музлаб қоласиз. Мактабда иситиш тизими умуман ишлагани йўқ. Қувурлар совуқдан ёрилиб кетай деб турибди. Сабаби мактабга табиий газ умуман берилмаган. Шундай совуқ қиш кунлари фарзандларимиз ана шундай умуман шароити йўқ мактабда таҳсил олишмоқда. Қанчадан қанча ўқувчи шамоллаб қолиб ёки томоғи оғриб дарсга ҳам бора олмаяпти.
Ғаллаорол туман ХТБ мудири қаерга қараяпти? Қўл остидаги шунча мактабнинг шароити билан қизиқмаса у нима билан қизиқади? Биламиз у нима билан қизиқишини. Мактаб ўқувчиларининг ҳар биридан металлом учун 1.200 сўмдан пул йиғиб олинди . 78-мактабда жами 312 нафар ўқувчи бор. Мажбурий равишда макулатура йиғилмоқда. Спорт бадали сифатида 1000 сўмдан пул йиғилди. Хуллас, мактабда ҳар куни пул йиғиш учун баҳона тайёр. Ота-оналарнинг куйиб ёнганича бор ахир. Бу аҳволни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Мактабга масьул шахслар бу борада сал олдинроқ ўйлаб кўришса яхши бўлар эди. Ҳар доим бир ишнинг гувоҳи бўламиз. Қачон қаерга шикоят билан чиқилса ўша шикоят ҳал бўлмасдан қолиб кетмокда.
Мана, бугун биз мактаблардаги шароит ҳақида куйиб ёниб гапираяпмиз. Эртага мана бу ҳаққоний мақоламдан сўнг бўладиган текширувдан бир – икки кун олдин мактабга табиий газ берилиб, синф хоналари исиб колиши мумкин, аммо текширув тугагач яна газ бўлмайди. Ҳаммаси эски тос эски хаммомлигича қолаверади. Мактаб директорлари оғзига талқон солиб, ХТБ мудирининг олдида жим турмасдан мактаб таъмири ва қишки тайёргарликни ўз вақтида бажарганларида мактабларимиз бундай аҳволга тушмаган бўлар эди. Ҳурматли ХТБ мудири, биз ота-оналар сиздан мактабларимиз учун озроқ бўлса ҳам жон куйдиришингизни илтимос қиламиз. Ахир, фарзанд ота-она учун ҳамма нарсадан азиз. Ҳар нима бўлганда ҳам аввало инсон бўлайлик. Ахир, келажагимиз бугундан бошланади.
Г.Бердиева
Жиззах.



