ПАХТАКОР ТУМАН БОЗОРИДА ГЎШТ НАРХИ ТУШДИ

Саида Қурбонова

Жиззах вилояти, Пахтакор  тумани  бозорида  бир  кило  гўштнинг  нархи   15.000 (ўн беш минг)  сўмдан 11.000 (ўн бир минг)  сўмга  туширилди. Барча  гўшт  расталарининг “пешона”да  «Мол  гўшти  11000  сўм»  деган  ёзувлар  пайдо  бўлди. Гўштнинг тушурилган ушбу нархини шу маромда ушлаб  туришни  туман хокимлиги   ва туман солиқ   инспекцияси ўз  назоратига  олган. Бироқ, назорат  озгина  сусайтирилса  қассоблар   нархни яна  кўтаришиб  олмоқда. Шу сабаб  Пахтакор  туман  хокимлиги  ва  туман  солиқ  ходимлари бу нархни  ушлаб туришга  қаттиқ  киришишган.

Нима  бўлганда  ҳам  ойлаб  оғзига  гўшт  тегмаган  оилалар  учун  яхши  бўлди. Зора ойига  лоақал ярим килограмм бўлсаям   гўшт  ейишса. Айниқса, янги  йил  олди гўшт нархининг арзонлашиши айни  муддо бўлди.  Байрам дастурхонинг  харажати  қисман бўлса-да  камайди ҳисоби.  Бунинг учун туман хокимлигига  ва  солиқ  ходимларига   раҳмат. Бироқ  чорва емларининг  нархи  ҳалиям осмонда. Бир  кило мака  1200 сўм, бир кило  кунжара 800 сўм. Назаримизда, гўшт нархининг арзонлашуви, чорва озуқасининг нарх-навоси билан, истаймизми, йўқми, узвий боғлиқ.  Гўшт нархининг пасайишига эришиш учун, чорва озуқаларининг  бу  нархини  ҳам   туширишга эришиш лозим. Хокимият навбатдаги эътиборни айни ана шу масалага қаратса,  мақсадга  мувофиқ бўларди. Мол  боқаётганлар  ҳам  зарар  кўришмасди. Акс ҳолда чорвадорлар касод бўлиши, чорва ишига зиён заҳмат етиши мумкин.

Қолаверса,  Пахтакор  деҳқон  бозорида –  қўлда,  савдо  дўконларида  пахта  ёғининг  бир литри 5500  сўм,  1 кило  қантнинг баҳоси  5000 сўм,  бир кило ун 1200 сўм. Бундай нарх-наво   оддий  аҳолии  учун  қимматлик  қилади. Қараб турсам, туман хокимияти ва солиқ ходимлари муштни муштга бериб ишлашса,  бирлашса, жуда  катта   хайирли ишларни амалга  оширишлари мумкин бўларкан. Демоқчи бўлганим,  келгусида кундалик эҳтиёж моллари, айрим зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ҳам  тегишли мутасаддилар томонидан  бир  кўриб  чиқилса,  яхши  бўларди.

 Саида Қурбонова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими раҳбари  

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares