ПАХТАКОР ТУМАНИ ИИБ ХОДИМЛАРИ “ЮҚОРИ ТЕЗЛИКДА” ИШЛАЙДИ

Саида Қурбонова

Сиз Нуринисони қисман танийсиз. Жиззах вилоятининг Патакор туманида истиқомат қилувчи бу аёл  турмуши бузилиб, фарзандининг тирик етим бўлиб қолганидан куйгани етмагандек, энди эри ва унинг қариндошлари уни  уйидан, бошпанасидан маҳрум қилишга уринишмоқда. Ноҳақликлар буғзига келган Нуринисо яқингинада  “Бирдамлик” сайти орқали Олий суд раиси Б. Мустафоев номига ишончу умид билан мадад сўраб, очиқ хат йўллаган жабирдийда.  Собиқ турмуш ўртоғи ва қариндошларининг қўли узун келган чоғи, айни кунда ҳатто туман ҳокимияти арбобчалари ҳам   ёлғиз онага таҳдид қилишмоқда. Ҳа, Пахтакор  туман  рахбарлари-ю  раҳбарчалари,  ката-кичик барчаси  ёлғон маълумотларга  асосланиб ёлғиз  аёл  Нуринисо ҳамда унинг тирик  етим  қолган гўдаги Умиджонни  қандай қилиб  бўлмасин   шу бугунги  кунгача  қонуний  рўйхатдан  ўтиб, яшаб  келаётган  уйидан зўрлик билан сиқиб  чиқариш  учун бел боғлаганлар.
         Туман ҳокимлиги айни кунда Нуринисога зулм ўтказиш борасидаги кирдикорларига ИИБ  ходимларини  ҳам  ҳамтoвоқ қилишган.  Ёлғиз онага жабр қилиш жабҳасидаги Хокимиятнинг чақириғига “лаббай” деб жавоб берган  Пахтакор туман Ички ишлар бўлими ходимлари ўз навбатида  кўмакка ошиқишди. ИИБ ходимлари    ҳатто  дам  олиш  куни  бўлишига  қарамасдан  енг  шимариб,  ишга  тушиб  кетишди. Аксарият  ҳолларда  «Аризангизни  урганиб  чиқишимиз  учун ҳали  вақтимиз  бор» дегувчи,  ишни пайсалга солувчи, гоҳо ўғрини қўлга олишолмасаларда,  ўғирланган  молларни   топиб  беришдан тап тортмайдиган бу азаматлар бу гал чаққон чиқиб қолишди.

           Ўзи яшаб  келаётган, ўз маблағига сотиб олган хусусий мулки – уйини  бўшатиб қўйиш борасидаги ноқонуний талабларни  рад этишга журъат қилаётган, хокимиятнинг гапини  икки  қилиб,  курашаётган  Нуринисони   “ўта хавфли жиноятчи” деб билган ИИБ ходимлари тезкор ҳаракат қилишга киришган бўлишса, ажаб эмас.  

          “Жамият учун ўта хавфли шахс” бўлган  Нуринисо Холбоева  2011 йилнинг 18 декабрида,   якшанба –  дам  олиш  куни бўлишига қарамасдан, Пахтакор туман   ИИБ бошлиғининг  биринчи  ўринбосари  Акмал  Жахонов томонидан «Сиз Жиззах  вилоят иллий хавфсизлик хизматига  ариза  ёзган экансиз. Шу масала юзасидан  тушунтириш хати  ёзиб беришингиз  керак» деган  важ ила алдов йўли билан  ички ишлар бўлими идорасига чақириб  олинди. (Шундай  хавфли  жиноятчи  билан  яккама-якка,  юзма-юз гаплашиш  бу  жасорат. Қахрамонликни  қаранг.  Ҳадемай  ўринбосар  А. Жахоновнинг бу жасорати  мукофотланса  керак.   Туман  ички ишлар бўлимига  бошлиқ  этиб  тайинланса, ажабмас. Ахир  бизда  кўза  синдирган  доимо  азиз-ку.)

          Тушунтириш хатини  ёзиб, ортига, уйига қайтишга тараддуд кўраётган Нуринисога ИИБнинг  икки  ходими кутилмаганда  бошлиқлари  Акмал  Жахоновдан урганган  усулни  қўллашди.  Аёлни судраб  хоналарнинг  бирига  олиб  киришди-да, эшикни  ичкаридан  қулфлаб  олишди. Ахир   барзангидек икки  йигитнинг  кучи етамасди-да ёлғиз аёлга. Нақд  40  килограм  огирлиги  бор-а!

          ИИБ ходимларининг кутилмаган  такаллуфидан таажжубланган Нуринисонинг  « Мени  бу  ерга  қамаб, мажбуран  ушлаб  туришга нима ҳақларинг бор?! Қайси  айбим, қандай  жиноятим учун?» деган саволига, улардан  «Мана, Сизнинг  устингиздан  ариза тушган.  Сиз   тушунтириш  хати  ёзиб  беришингиз  керак. Тушунтириш  хатини  биз сўзма-сўз  айтиб  турамиз, биз  айтиб  турган сўзларни    ёзиб  берасиз» деган жавоб олди.

              “Пахтакор  туман  хокимининг  ташкилий  ишлар  бўлими  бошлиғи Оқбута Толипов менинг устимдан шикоят   ёзган экан.  Хокимият  ходимнинг  аризасида  «Холбоева  Нуринисо   Саида Қурбоновага  маълумот  етказиб  бермокда. С. Курбонова  эса у етказган хабарларни  интернет орқали  тўхтовсиз  ёритмоқда» дейилган экан. ИИБ ходимлари    қўлларимни  орқага  қайиб, тушунтириш  хати  ёзишга  мажбурлашди.  Хатто улардан бирини  бир  шаполоқ  урдим  ҳам. Шу зайилдаги мажбурлов   беш  соатдан ортиқ давом этди. Охийри ИИБ ходимларининг  зўровонлиги   остида тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлдим. Бироқ,  улар  айтиб турган гапларни ёзмадим,  ўз сўзларимни, ўз фикрларимни қоғозга тушурдим: « Мен  бош уриб бормаган  жой  қолмаганлиги  учун, зўровонлик  давом  этганлиги  учун, ёлғиз  ўзим  курашиб,  чарчаганлигим  учун, бошқа чорам  қолмаганлиги учун  ўзим Қурбонова Саидадан    илтимос  қилиб, бошимдан ўтганларини   интернетга  чиқартирганман» деб баён қилдим.

        Аслида  менинг  уйимга  одам  киритиб, яшамаган  одамларни  яшаган  деб  ёлғон  маълумотнома  бериб, ёш болам билан  сарсон  бўлишимга  шу Оқбута Толипов  сабабчи. Чунки 2010 йили  у қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси  бўлиб  ишларди.  ҚФЙнининг раиси бўлган чоғидамен яшаётган уйни   Чиндалиев П. га тегишли  деб  маълумотнома берган ҳам ўша.   Туманнинг ер- мулк  кадастр бўлимидан  олган  уй  кадастир рўйхатидан ўтмаганлиги  тўғрисидаги  қўлимдаги маълумотномани  нима  учундир  ҳеч  ким  инобатга олмаяпти. Мен  қишнинг  қоқ  чилласида,  одамлар  ҳатто итининг  ҳам  жойини  иситиш ғамини  ейдиган  бир  пайтда   қоронғу, музлаб  кетган  уйда барча  шароитлардан  маҳрум ҳолда вояга етмаган  болам  билан  кун  кечираяпман. Бормаган  жойим, учрашмаган одамим  қолмади. Туман  хокимлигига  ёрдам  сўраб  бормаган  куним  йўқ. Охирги марта қабулига кирганимда туман  хокими   «Менга  шантаж  қилма.  Ҳоҳлаганин одамингга бориб  шикоят  қилавер. Менга  деса  Президентга  чиқмайсанми. Хонамни бўшат! Чиқиб  кет!»  деб дўқ урганди. Энди юртимиз  эгаси  бўлган  Президентимиз  И.А. Каримов номига  очик  хат  ёзсамми  деб  юрибман. Юрт  эгасининг  айтганларига  қарши чиқаётган, топшириғини  бажармаётган Пахтакор туманининг  зўровон  хокимга  ҳам  чора  кўрадиганлар  бордир?”,  дейди Нуринисо Холбоева андуҳ билан. Ўзбекистонимизда қачонгача замона зўрларники бўлар экан-а?

 

Саида Қурбонова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати жиззах вилоят бўлими раҳбари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares