Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг “Қишлоқларни шаҳарга тенглаштирайлик” деган иборалари мамлактада деярли шиорга айланиб бўлган. Ниҳоят 20 йил деганда, Ўзбекистон Президентининг амри вожиб бўлди, айтганлари ҳақиқатга айланди. Буни қарангки, қишлоқлар шаҳарларга, ҳатто пойтахтга тенглашиб бўлди ҳисоби. Ўзбекистонда қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовут ҳақиқатдан ҳам аста-секинлик билан йўқолиб бормоқда. Ишонмаяпсиз-а? Ишонаверинг! Бу нималарда кўринади, дерсиз? У ҳолда фикрларимни асослашга уриниб кўраман.
Айни кунларда, дейлик, Хоразм воҳасидаги Шовот туманидаги, ёхуд водийнинг Қува туманидаги қишлоқлар билан пойтахт шаҳар Тошкент аҳолисининг турмуш тарзи, яшаш шароити мувафиқлаштирилмоқда. Мана, масалан, қишлоқ аҳолиси бир неча йилрики, “Бизга бир кунда бор йўғи икки-уч соат электр токи берилади. У ҳам бўлса, ярим тунда. Яшаш биз учун азобга айланди. Шаҳарликлардан бизнинг қаеримиз кам?” дея нолишгани нолишган эди. Адашмасам, қишлоқ аҳолисининг бу каби ҳақли эътирозлари Хукумат арбобларининг қулоғига етиб борган чоғи, давлат амалдорлари енг шимариб, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги бундай номутаносибликка барҳам беришга киришиб кетди. Мақсад битта: шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини тенглаштириш. Нима, қишлоқларга электр токи бериладиган бўлибдими, дейсизми? Эй, йўқ, адашдингиз. Хукумат тепасида ўтирганлар ҳам анойи одамлар эмас, онасининг сутини ангишвонада пишириб ичганлар хилидан. Қишлоқларга электр бериб, харажатга тушишнинг нима кераги бор! Бу давлат хазинаси учун кону зарар-ку! Қишлоқ аҳолисининг оғзига уриш учун, яхшиси, шаҳар хонадонларини ҳам электр токидан мусавво қилган маъқул. Ана шунда қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовутга маълум маънода барҳам берилади, шароитлар тенглашади, қишлоқ аҳолисининг ҳам жағи тинади-қўяди! Айни кунларда Хукумат қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги баъзи бир номутаносибликларга барҳам бериш истагида пойтахнинг Учтепа туманида жойлашган кўпқаватли биноларда истиқомат қилаётган аҳоли устида юқорида айтиб ўтилган усул асосида тажриба синовлари ўтказишга киришиб кетган.
Гап йшндаки, мана, 10 кундирки, Учтепа туманига қарашли Чилонзор -12-, 13-, 20-, 22-, 23-, 24-, 25- мавзеларида жойлашган хонадонларда ҳар куни 3-4 соатлаб электр токи узиб қўйилмоқда. Ҳатто 17 декбар куни тунги соат 3.00 ларда учган электр чироғи, ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, 18 декабрь куни кундузги соат 14.00 ларга қадар ёнмади. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, электр айни қоронғу тушиш арафасида, соат 18.00 ларда узиб қўйилмоқда. Айни шу пайтда эса ишдан хориб келган аёл қоронғуликда қозон осишга, овқат қилишга мажбур бўлмоқда. Ҳа, дарвоқе, ўчган чироқнинг қачон ёниши шу соҳа ходимларининг истак-ҳоҳиши, кайфиятига боғлиқ. Исташса, 2 соатдан кейин, ҳоҳлашча 3-4 соатдан кейин электрни секингина улаб қўйишмоқда.
Пойтахтнинг Учтепа туманидаги “дом”ларда чироқ ўчиши билан аҳоли телефон гўшагига ёпишади, туман электр тармоқлари корхонасининг телефон рақамини теришади. Шахсан ўзим ҳам бир-неча бор териб кўрганман. Бироқ, афсуски, телефон гудоги қанчалар буғилмасин, “ду-ду”ламасин, нафақат туман электр тармоқлари идорасида, ҳатто шаҳар элекрт тармоқлари идорасида ҳам бирор бир зоғ қўнғироққа жавоб қилай демайди. Фуқароларнинг барча қўнғироқлари жавобсиз қолаверади….
Сиз шошманг, ҳали бу бошланиши, хамир учдиан патир, пойтахтнинг киндигидаги “дом”ларда бир кунда 3-4 соатлаб чироқнинг узиб қўйилиши, бу – “шаҳар ва қишлоқни тенглаштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутга барҳам бериш” борасидаги илк қадамлар. Синов тариқасидаги дистлабки одимлар. Ҳали бу ҳолат тажрибадан муваффақиятли ўтса, яъниким, шаҳарлардаги кўпқаватли уйларни электр энергиясидан узиб қўйиш натижасида мумайгина фойда олинса, бу ҳолат бутун пойтахт сари ёйилади. Кейинчалик Тошкент шаҳридаги барча туманларга тадбиқ этилади.
Қарабсизки, кўп ўтмай, юрт отасининг амри вожиб бўлади, “қишлоқлар шаҳарга тенглаштирилади!”, “Шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут барҳам топади!”. Ана шунақа….”Бир қадам олдинга, икки қадам орқага”…
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари



