
2011 йил 6 декабр куни мен Қарши шаҳридан чиқиб 7 декабр куни Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Бирдамликнинг “ОШ” тадбирига бормоқчи эдим, шу сабабдан Америка элчихонасига сим қоқдим, лекин чучварани хом санаган эканман. Қашқадарёдан чиқиб кетаётганимизда бизни ДАН ходимлари тўхтатиб қолди ва ҳайдовчининг ҳужжатларини текширишни баҳонасида биз уч кишини ҳам ушлаб туришди. “Нексия” ҳайдовчисининг ҳайдовчилик гувоҳномаси муддати ўтган экан ва унинг йўловчиларни ташишга лицензияси йўқ экан. Қизиғи шундаки, мени бошқа машинага ўтириб кетишимга йўл қўйишмади. Мени ҳайдовчи пул эвазига Тошкентга олиб кетаётганини ёзишга мажбур қилишди. Барча мени Тошкентга олиб кетмоқчи бўлиб тўхтаётган машина эгаларига агар олиб кетишса МХХда жавоб беришларини айтиб қўрқитишди.
Албатта, ҳеч ким МХХга тушишни ҳохламайди. Орқамдан 4-5 эркак юришди, атрофимда яна 10-15 киши туришди. Баъзилари милиция кийимида, баъзилари чарм кийимида, баъзилари ҳарбий кийимдаги кишилар. Улар бошқа машинага ўтириб кетмаслигим учун мени итаришар, кийимимдан тортишар, кучуклари билан қўрқитишар эди. Итлари 5-6 та, ҳатто биттаси ечиб ҳам юборилган эди. Мен ҳуқуқ ҳимоячиси Е. Урлаевага сим қоқишга зўрға улгурдим. У ҳозироқ интернетта шу ҳақда ёзишини айтди. Ўзбекистон бўйича раҳбаримиз М. Эшонқуловага хабар бердим.
Эрталаб мен касаллик варақасини очтирмоқчи эдим, лекин бош шифокоримиз Ергараева қўнғироқ қилиб барча шифокорларни менга касаллик варақаси очмасликларини тайинлаб қўрқитибди. Сўнгра менга бош врач ёрдами билан пул эвазига 2 – чи гуруҳ ногирони ҳужжатини олган бемор Ольга Воронцова қўнғироқ қилиб қаердалигимни сўради. Унинг ёнида эса бизнинг бош шифокоримизнинг овози эшитилиб турарди. Мен бош врачимиз пора олиши ҳақида прокуратурага ёзган эдим, лекин прокуратура бу нарсаларга қулоқ солмаган эди. Мен О. Воронцовага қаердалигимни айтдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан бомжларга ўхшаб кийиниб олган иккита аёл келиб, менга ташланишди, кийимларимдан тортишди, мени ҳар ҳил ёмон гаплар билан хақоратлашди. 300.000сўм пул талаб қилиб, мени урмоқчи бўлишди. Бир тарафдан чарм кийимидаги МХХ ходимлари тортқиласа, иккинчи тарафдан бу аёллар-даҳшат. Ҳамма мендан пул талаб қилиб бақиряпти, орқада киракаш ҳам ДАН ходимларига пул бериши кераклигини айтиб мендан пул сўраяпти. ДАН ходимлари киракаш мени Тошкентга пул эвазига олиб кетаётгани ҳақида ариза ёзишимни сўраяпти. Киракаш эса мен уни таниши ва ҳаттоки қариндоши эканимни, қолган иккита эркак эса унинг дўстлари эканини ва у мени текинга олиб кетаётганини айтиб бақираяпти. Тўсаттан қаердандир милиция ходими пайдо бўлиб қолди ва у билан бирга бўлимга боришимизни талаб қилди.
Аниқланишича, бу пост Чироқчи туманига қарашли экан. Аввал мени “Нексия” машинасига ўтқазишди, кейин “Жигули” русумидаги бошқа машинага ўтқазишди. У ерда мени кечки соат 22 гача ушлаб туришди. Милиция анави аёллар учун ўзи ариза ёзди. Чироқчи ИИБсидаги барча ходимлар ўша куни мени қўриқлаш билан овора бўлди. Мен бошлиқ билан учрашувни талаб қилдим, лекин у ишга келмади. Ҳатто хожатга чиқишга хам рухсат беришмади, мени эса цистит касалим бор ва бу кўп ҳожатга чиқишни талаб қиладиган касаллик. Мен ҳеч кимдан қарзим йўқлиги, бу аёллар менга 3000.000 сум беришлари кераклиги, бу ҳақда бош врачимиз Ергарева ва 2 -гуруҳ ногирони, бош врачнинг дугонаси О. Воронцова ҳам билиши ҳақида ариза ёздим. ИИБда қўнғироқ қилишга ҳам рухсат беришмади, қаердалигимни хабар бериш учун яқинларимга айтишга қўйишмади. Мени 30 кишидан иборат Чироқчи РОВД ходимлари ҳожатга қочиб кетмаслигим учун қўриқлаб ўтирдилар. Улар 10 соатдан ошиқ ҳожатга чиқармай ушлаб ўтиришди. Кечки соат 21 да милиция ходимлари мени овқатлантириш учун пиво, колбаса, нон олиб келишди, гўё мен ўша пайтда овқат ея оладиган ҳолатда бўлгандек. Мен 5та эркак билан ўша хонада ўтирдим. Улар овқатланишар ва Ўзбекистонда ҳаёт қандай яхшилиги, уруш йўқлиги ва энг асосийси – Чироқчи милицияси энг адолатли эканлиги ҳақида гапиришди. У ер жуда совуқ, чироқ тез – тез ўчарди.
Кечки соат 22 да мени Қаршига олиб кетишди.Хақиқатни ёзганларга, бошқа ёзмаслиги учун мана шунақанги таъқиблар. Мен барибир кетдим, бироқ бу сафар поездда. Мен Тошкентталигимда ЖЭК бошлиғи ва барча нарсани аллақачон ёзиб берганимга қарамай икки ойдан бери ногиронлигини расмийлаштира олмаётган ягона беморим тинмай қўнғироқ қилди. Беморнинг ёнида эса менга нима гапиришни ўргатиб турган бизнинг бош шифокорнинг овози эшитилиб турарди. ЖЭК бошлиғи қўнғироқ қилиб, уйимни сув бостириб юборган аёл пул тўлашини айтганини ва мен ҳозироқ ЖЭКка боришим кераклигини айтди, чунки улар мени президент аппаратига мурожаат қилишимдан қўрқиб кетишибди. Мен келганимдан кейин бошлиқ яшириб олди, демак буларнинг ҳаммаси ёлғон экан.
Бизнинг давлатда сиз ҳақиқатни гапира олмайсиз. Бизда мана шунақа “демократия”. Касал бўла олмайсиз, ҳатто касаба иттифоқи пулларини доимий тўлаб турсангиз ҳам. Президентга мурожаат қилиб, бундай тартибсизликларга нима сабабдан йўл қўяётганини сўрагим келади. Агар у мамлакатни бошқара олмаса ёки бошқаришни ҳохламаса, ўрнини бошқа яхши ишлайдиган, халқини боқа оладиган, қонуний давлат барпо қила оладиган одамга бўшатиб берсин. Бундай мустабид тузумда одамнинг яшагиси келмайди, ахир. Ёки у одамлар инқилоб қилишини кутaяптими. Одамлар ахир қон тўкилишини исташмаяпти. Қамоқларда шунча инсонлар ўтирган бўлса, демак одамлар чиндан ҳам норози. Ўзбекистон учун озодликни, яхшироқ ҳаётни ҳохлайдиган барча инсонлар – “террористлар” номинин олишган. Бир кун келиб эса улар қахрамон номини олишади. Ахир президентнинг ўзи шу ўринга ҳеч ким билан курашмасдан ўтириб олди. У ўз миллатини, халқини, давлатини ҳурмат қилиши даркор, ахир фарзандлар улғайишяпти ва улар ҳаммасини тушуниб боришаяпти. Ҳозирда мамлакатда нималар содир бўлаётгани ҳаммага аён. Ҳеч ким ёрдам беролмаслиги, ёрдам сўраб ҳеч кимга мурожаат қила олмаслик жуда аянчлидир. Ҳамма ерда порахўрлик, коррупция. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳадидан ошишган. Ташкилот бошлиқлари ўзларини худди ташкилот уларнинг шахсий мулкидай тутадилар. Бу мақолани президент ўқишини жуда ҳохлар эдим. Балки ҳамма нарсани ҳали тўғирлаш мумкиндир.
Башорат Хидирова



