Бугун соат 10.00 лар аторофида ҳамқишлоғим билан туман ёшларни никоҳдан ўтказувчи Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимига бордик. Биласиз, никоҳ қоғозини олиш учун фуқаро маълум миқдордаги тўловни амалга ошириши зарур. Ана шу мақсадда тўлов қоғозини олиб, Пахтакор туман Халқ банкига йўл олдик. Борсак, банкда электр энергия йўқ экан. Аксига олиб, бизнинг қўлимизда пластик карточка. Бор-йўқ давлатимиз пластик деб аталувчи мана шу матоҳнинг ичида. Бусиз бизнинг банк билан олди-берди, ҳисоб-китоб қилишимиз даргумон. Пластик билан тиллашадиган, яъни ундан пулни қоқиб оладиган “терминал”га жон ато этиш учун эса электр токи даркор. На илож, нақд икки соат кутиб ўтиришга мажбур бўлдик. Кута-кута кунни туш ҳам қилдик. Тушлик вақти бўлганлиги сабабли эшик оғаси – яъни навбатчиликда турган милиция ходими биздан ташқарига чиқиб туришимизни талаб қилиб қолди. Умид билан банк ходимларидан бирига учрашгандик, у “ток бўлмаса, терминал ишламайди-ку? Қандай қилиб пластикларингиздан пул ечишимиз мумкин? Бунинг имкони йўқ. Шу сабаб бирорта бир бошқа банкка боришларингни маслаҳат берардим” дея паттамизни қўлимизга тутқазди.
Қизиқувчанлигим қурсин, воқеа ривожига бўлган қизиқиш мени ҳамқишлоғим билан бирга-бирга тумандаги Миллий банк томон бошлади. Қаранг, аксига олиб бу банкда ҳам электр энергияси йўқ экан. Бунинг оқибатида яна бир соатлар чамаси кутиб қолдик. Ниҳоят ток келди! Дунё топган телбалардек севиниб, банк ходимларининг ҳузурига ошиқдик. “Касса”да ўтирган ходим “ Опахонлар, бу пластик Агра банкдан (Пахта банк) берилган экан-ку? Ўша ерга, Пахта банка боринглар” деди қошларини кериб.
Беҳуда ўтган ярим кунлик умримиз учун пластикдан нолидик. Пластикни гўрдан олиб, гўрга сола-сола бўшашибгина Агробанкка кириб бордик. Буни қарангки, бу ерда пластикдан туловни амалга ошириш учун ариза ёзиши керак экан. Мана-э, деб ариза ёзиб бердик. Кейин пластигимизни кўтариб Оломос исмли ходимга рўпару бўлдик. «Ариза ёзганларингиз яхши-ку-я, бироқ бу мурожаатларингизнинг тепасида ҳошияси йўқ-ку?”, дея мийиғида кулди у, кейин қўйишб қўйди, “Бу аризаларингизга бошлиққами, уринбосаргами бориб, имзо қўйдириб келинг». Аризамизни кўтариволиб, бошлиқни қидиришга тушдик. Қабулхона остонасида бошлиқнинг жимжимадор имзосига талабгорлар бисёр экан. “Икки соатдан бери кутамиз, раҳбардан дарак йўқ” нолишарди улар. Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтдиямки, на бошлиқ бор, на унинг ўринбосари ишга келай, кабинетимга кирай демайди.
Аризаларига имзо чектириш истагида кутиб турганларнинг бирига кимдир телефон қилиб тезда келишини сўраса, яна кимдир ишга кеч қолаётганидан нолирди. Бошқа бири эса уйида ёш болалари ёлғз, қаровсиз қолганини айтиб, асабийлашарди. Хуллас, ҳамманинг асаблари қақшаган, асаблар таранг. Нега? Мана шу пластик сабаб!
Бир маҳал бир чойнак чой кўтариб келган ходамлардан бири қулф турган эшикни тақиллатди. Эшик очилди. Хона ичкарисида 4 – 5 киши кўринди. Эшик яна қулфланди. Кейин билсак, банк раҳбари Суннат Исмоилов эшикни ичкаридан кулфлаб олиб, улфатлари билан қайноқ-қайноқ чой ичиб, қизғин суҳбат қилаётган экан. Эшик тагида илҳам турган саккиз киши таажжубдан елка қисиб, бир-бирига қараб қолди. Охийри тоқатларим тоқ бўлиб, эшикни бир эмас, беш-олти марта тақиллатдим. Ичкарида, курсисида ястаниб ўтирган банқ бошлиғи С. Исмоилов улфатлари билан қизиғандан-қизиған суҳбатнинг белига тепгиси келмади чоғи, ҳатто “ким у” деб ҳам овоз бермади, сўрамадим. Эшик очишни эса умуман ўзига эп кўрмади.
Кутса – кутабди-да! Ким бўпти бу эшик тагида ўтирганлар?! Бақирса овози, чўзса қўли ҳеч ерга етмайдиган оддий бир одамлар-да!!! Суннат Исмоилов эса, кимсан, тумандаги Агро банк бошлиғи!
Нихоят бошлиқнинг “қулфлари очилди”! Исмоилов жаноблари барча аризаларга муборак имзоларини чекдилар. Эҳ эсиз, токи Суннатжоннинг “қулфудили” очилгунга қадар, банкда аллақачон электр энергияси яна учииии—ииб ўтирибди-да! “Терминал” тегани, қарабсизки, яна тил-жағсиз қолибди-да! “Касса” туйнуги ёнида эса 20 нафардан ортиқ одам пластик карточкаларини кўтарганча умидвор турарди.
Аввалига банк бошлиғи ўринбосарни кутдик, сўнг бошлиқнинг ичкаридан қулфланган эшиги тагида соатлаб сарғайдик. Энди эса электр энергиясини кутамиз. Ниҳоят соат 16.00 дан ўтди. Аттанг, бир кунлик умрини банк эшиги тагида ўтказган бўлса-да, ҳарчанд уринса-да, барибир одамлар туловни амалга ошира олмади.
Шунақа гаплар… «Бу пластик нариги банкники, ўша банкка боринг!” деган иддаолару, электр токининг йўқлиги сабаб биргина ҳамқишлоғим эмас, ёинки нафақат туманимиз фуқаролари, балки бутун Ўзбекистондаги оддий одамлар овора-ю сарсон бўлишмоқда. Бунисига нима дейсиз?…
Саида Қурбон
Жиззах вилояти, Пахтакор тумани
16. 12. 2011 йил.



