ҲАҚИҚАТДАН ҚЎРҚҚАН ОДАМ ЁЛҒОННИНГ ПАНАСИГА БЕРКИНАДИ

Носир Зокир

         (Ўзбек ёзувчилари ижодига бир назар)

 

              Эркин жамиятларда  зиёлиларнинг ижоди гуллаб яшнайди. Қайта қуриш пайтлари бизнинг ўзбек  ёзувчи-шоирларимиз шундай асарлар яратдиларки, уларни ҳозир  ўқисангиз ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганига гувох бўласиз. Лекин мустақиллик йиллари аксарият ёзувчи-шоирлар ўз ёзганларига амал қилмай, баъзилари депутат бўлиб, баъзилари эса амал орқасидан қувиб, ўз жонларини асрашга уруниб ҳалқ қахрига учрадилар. Баъзи бир иймон-эътиқодли ёзувчиларимиз ўзларини кўрсатиш ёки амал учун телевизорга чиқиб олиб, қайсидир масабдор шахсни мақтамадилар. Рухсат берилган даражада ижод қилиб, икки оғиз бўлса ҳам ўз асарларида ҳақиқатни ёзиб ҳалққа  етказавердилар. Уларни ҳалқ «сен полон мансабдорни мақтамадинг»деб ёмон кўриб  қолгани йўқ. Улар ҳозир ҳам халқ эъзозида. Баъзи ижодкорлар эса сал бошқачароқ йўл танладилар. Депутат бўлдилар, хукумат ва уни амалдорларини мақтадилар. Лекин  сиз билан биз номларини лаънатлаб эсга олувчи шоир ёки ёзувчилар сингари казо-казо амалдоларни  хотин кишига ўхшаб қучоқлаб, кўксига бошларини қўйиб йиғламадилар.Уларнинг юбилейлари ҳам дабдабали ўтмади. Улар имконият бўлиши билан ўзларини панага олдидар.

 

Шундайлар сафига  ёзувчиси Ўткир Ҳошимовни ҳам қўшиш мумкин. Бугун мен ёзувчининг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» номили китобидаги фикрлар ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдирмоқчи бўлдим. Эҳтимол китобни ўқигандирсиз, эҳтимол ўқимагандирсиз. Эҳтимол ўқиб баъзи жойларига кўпроқ эътибор қаратмаган бўлишингиз мумкин. Ишонинг, китоб зўр ёзилган. Одамни фикрлашга, ўйлашга, мушоҳада юритишга мажбур этади. Китобдаги фикрлар билан ҳозирда ижтимоий–сиёсий масалаларга қизиқувчи ёки ўз ҳалқини бугунги аҳволига бефарқ бўлмаган дўстларимиз ҳам танишиб чиқсалар фойдадан ҳоли бўлмайди. Сарлавҳадаги фикр ҳам Ў.Ҳошимовни китобидан келтирилган. “Ҳақиқатдан қўрққан одам ёлғоннинг панасига беркинади”. Ҳақиқатда ёзувчи айтганидек, ҳақиқатдан қўрққан одам ёлғон сўзлаб ҳақиқатни  яъни ўзининг айбини беркитишга харакат қилади. Агар бундай шахс юқори лавозимли амалдор бўлса борми, ўша миллатни ҳудо урди деяверинг. Чунки ҳақиқат ошкор бўлиб унинг ёлғончилигини халқ билиб
қолса, бундай шахс эркин мамлакатлардагидек истефога чиқмайди. Ҳалқдан узр сўрамайди. Энди у ҳақиқатни билиб қолган  халққа қарши зулмни кучайтиради. Жиноятлар қила бошлайди.У бу зулми билан йиллар давомида раҳбарлик лавозимида туриши мумкин,лекин абадий эмас. Буни уни ўзи ҳам билади. Бўшаса ҳалқ олдида  қилган жиноятлари учун жавоб бериш керак. Бундан қўрққан ҳукмдор зулмини баттар кучайтириб бир жиноят ортидан орқама-орқа жиноятлар содир эта бошлайди. Ҳокимиятдаги умрини ҳалқни қўрқувда ушлаб туриш орқали  чўзишга ҳаракат қилади.Табиийки вақтики келиб бу ҳам иш бермай қўяди. Бундайларни тақдири нима билан тугаши ҳаммага аён.

 

Ў.Ҳошимов китобида ёзганидек “Одамларни қўрқиб яшашга мажбур қиладиган жамият – энг омонат жамиятдир”. Ёзувчи яна  ёзади. ““Отчопар” бозорида эски дўстимни учратиб қолдим. Математик…Олим…Сигарет сотиб ўтирган экан… Мени кўриб кўзини яширди. Иккаламиз бир-биримиздан нега уялганимизни билмайман. Негадир…йиғлагим келди”. Телевизорда олимларимиз нималарнидир ихтиро қилаётганлари хақида гапириб қолишади. Ўша олимлар совет даврини ёмонлаб, ҳозир эркин ижод қилаётганликлари ҳақида гапиришади. Эхтимол шундайдир. Лекин ҳар сафар олимларнинг шундай фикрларини эшитсам, бир воқеа эсимга тушиб кетади. Бир куни хизмат сафари билан Тошкентга борган эдим. Хусусий таксига чиқдим. Ўзимизнинг 06 русумли машина экан. Иригатция иниститутига олиб бориб қўйишини илтимос қилдим. “Домламисиз?” деб сўради киракаш. “Йўқ, мен ишлайдиган радиони бюроси уша ерда” дедим. “У ерда қанақа радио бор экан?” деб суриштира бошлади. “Озодлик” радиосида ишлашлигимни айтдим. Шу заҳоти ўзини таништира бошлади.У фан доктори, профессор олим экан. Ҳозир эсимда йўқ, қайсидир илмий текшириш иниститутида ишлаган экан. “Иккита ўғлимни уйлашим керак. Олаётган маошим етмади. Яхшиям бир пайтлар шу машинани олиб қўйган эканман. Оиламизни хозир шу боқаяпди” деди. Гапни очиғи, ўша пайтгача бунақа воқеага дуч келмаган эдим. Бу воқеа менга
қаттиқ таъсир қилди. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида Ў.Ҳошимов яна бир долзарб масалани кўтаради. «Осмон баравар план бердилар.

-Бажарасан!-дедилар.

-Бажаролмайман,-деди.
-Бажарасан!!-дедилар.
-Бажармайман!!-деди.
-Қамаласан!!!-дедилар.
-Бажарди…Орден бердилар. Планни ошириб бажаргани учун. Кейин…қамадилар…қўшиб ёзгани учун. Болалари кўп эди». Изоҳга хожат бўлмаса керак. Чунки ҳозир ҳам юқори лавозимли раҳбарни қуйи лавозимли раҳбардан сўзсиз планни бажаришини талаб қилаётгани ҳақидаги ҳабарлар қулоғимизга чалиниб қолади.

 

Ёзувчи қаҳрамонларидан бири, ўқитувчи. У ўз ўқувчиларига доимо бир сўзни қайтарар экан. “Ҳақиқатни кўрганларни кўзи кўрдир,Ҳақиқатни тинглаганни қулоғи кар”. Ўқитувчини бирга ишлайдиган сафдоши юқоридаги сўзларини келтириб юқорига ёзиб беради. Уни узоқ йилга қамайдилар. Унинг ўрнига дарсга кирган сотқин ўқувчилар олдинги устозлари ҳақида сўрашса, “Шоир маълуминг Магаданда.У-маълум эмас, ҳалқ душмани…Мутаассиб, диндор. Маълумингни соғинган бўлсанг, отанга айт; иккалангни маълуминги олдига жўнатамиз” дейди. Шу жумлаларни ўқиб ўйланиб қолдим. Қизиқ. Ҳозир муаллим айтган юқоридаги сўзлар учун қамамайдилар. Лекин сотқинлар орамизда яшаяпди. Гарбачёв бир пайтлар бошқариладиган бозор  иқтисодиёти ҳақида гапира бошлаган эди. Лекин кўпчилик руслар бу сиёсатга қарши чиқдилар.Чунки хеч қачон бошқариладиган бозор иқтисодиёти бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтилдими, энди хукуматни вазифаси бозорни қонунийлигини назорат қилишдангина иборат бўлади. Аслида бозор иқтисодиёти бу, капитализм дегани. Лекин совет даврида «Биз коммунизм қурамиз»деб халқни алдаган, капиталистик дунёни одамлар кўзига ола бўжи қилиб кўрсатган, коммунистик ғоялар билан мияси тўлиб тошган  раҳбарлар ва уларнинг атрофида гирдикапалаб бўлиб юрган  кимсалар, бозор иқтисодиётини ҳам  ўз манфаатлари йўлида  ишлатишга ҳаракат қилаётганларини кўпчилик кўриб турибди. Айнан мана шундай кимсалар туфайли баъзи кишиларни бозор иқтисодига бўлган муносабати салбий тус олмоқда.

 

Ёзувчи Ўткир Ҳошимов ўз китобида бозор иқтисоди фақатгина бойлик ортиришдангина иборат эмаслигини шундай ифодалайди: “Кеча колхозда кетмон чопиб бири икки бўлмаган деҳқон ер олиб, бола-чақаси билан гуллатиб қўйса… қувонаман. Омадини берсин! Бу-бозор иқтисоди. Кеча заводдан олган маошини қай бирига етказишни билмай ранги сарғайиб юрган инжинер бугун қўшма корхона очса-ю, нест-нобуд бўлиб ётган мевалардан шарбат олиб бойиб кетса, яна қувонаман. Қандини урсин! Бу – бозор иқтисоди. Аммо кеча алифни калтак деёлмаган атеист бугун минг кишини тўплаб “амри- маъруф” қилса-ю, унга дашном берган ўқитувчиси чой тошиб юрса, ҳайратланмай иложим йўқ! Ўша ўқитувчи мактабни ташласаю, “Иппадром”га чиқиб сигарет сотса, ҳайратланмай иложим йўқ!

…Давранинг бир бурчида ўтирган шоир юрак қони билан ёзган ғазаллари тупроққа қоришганидан кўнгли ўксиб издаҳомдан бош эгиб чиқиб кетса, ҳайратланмай иложим йўқ! Кеча буюк ихтиролар қилган олим, бугун энг яҳши шогирдидан айрилгани учун маъюсланиб бекатда турсаю, “кантракт” билан ўқишга кирган биринчи курс талабаси «иномарка»сида унга лой сачратиб ўтса, ҳайратланмай иложим йўқ. Олим шу аҳволда трамвайга чиқишга ийманиб уйига пиёда кетса, ҳайратланмай иложим йўқ! Бунақа бозорга ўт тушиб, алангаси осмонга чиқсин!!!» Ёзувчи ҳақ. Ҳақиқатда ҳам ҳалққа бир тўда амалдорларни чўнтагини пулга тўлдирувч бозор иқтисоди эмас, балки ҳалқни ҳар томонлама фаровонлигини таъминловчи бозор иқтисоди керак. Бозор иқтисодиёти оғизда эмас амалда керак.

 

Ў.Ҳошимов ўз китобида ёзган мана бу жумлалар ҳам ўз қадр-қимматини ҳалигача йўқотгани йўқ. «Дунёда энг ақлли жонвор балиқдур. Ҳам гапирмайди, ҳам доимо думини ликиллатиб туради» Тушинган бўлсангиз ёзувчи балиқни инсонга қиёсламоқда. Гапирмайдиган, бунинг устига доимо ҳушомад қилиб турадиган одамлар қайси раҳбарга ёқмайди дейсиз. Ёзувчи энди бундай инсонларни бошқачароқ тасвирлайди. «Бу одам лойдан ясалган қўғирчоққа ўхшайди. Замон сал ўзгарса, бошидан жиндай сув қуядида, лойни ийлаб-ийлаб, ўзини қайтадан ясаб, бошқа қиёфага кириб олади… қаттиқроқ ёмғир ёғса, балчиққа айланиб кетади-ёв!» Офарин Ўткир ака.Ўзи бунақа одамлар бизнинг тарихимизда доимо бўлган. Бундан кейин ҳам бўлади. Баъзан « Бу дард бизни миллатга қаердан ёпишди экан»деб ўйланиб қоласан. Бундай «Лойдан ясалган» одамлар бир раҳбар ҳокимиятга келса кўкларга кўтариб мақтайдилар. Худди у бир умр хокимиятда турадигандек. У бўшагач бечорани кулдан олиб кўсовга санчиб, шунақанги ёмонлайдиларки, аста қўяверасиз. Баъзан бундай кимсалар билан миллатдош бўлганингдан афсусланиб кетасан. Ўткир Ҳошимов ҳам бир марта ўзбек бўлганидан уялиб кетган экан. Тўй қиламан деб қарзга ботган қўшнисини уйига кирса, қўшнисини хотини саккизинчи синфда ўқийдиган қизини койиятган эмиш. “Сен қиз ўлгирга қачон ақл киради-а? Мен буни нонга чиқарсам, китоб олиб келибди!… Ҳаҳ, ўша санга китоб ўқишни буюрган ўқитувчингни уйига ўт тушсин! Ўттиз сўмга ҳам китоб оладими, жувонмарг?!  Китоб сенга ош билан нон бўлармиди, ер ютгур». Қизалоқ айвон устинига суяниб турар, кафти билан юзини тўсганча, унсиз, ўкиниб-ўкиниб йиғлар эди…

…Ростини айтсам, умримда биринчи марта…ўзбек бўлганимга уялдим» дейди ёзувчи. Ёзувчининг мана бу фикрлари ҳам қизиқ. «Одам кўп қизиқса, шунча кўп ўқийди. Қанча кўп ўқиса, шунча кўп билади. Қанча кўп билса, яшаши шунча қийин бўлади.» Рост фикр. Мақтанишга йўймангу, кўп ўқийман. Кино кўраманми, ашула эшитаманми, доим фикрлаб ўтираман. Худога шукур, фикр эркинлиги бор. Чунки бу фикрларимни ҳали гапирганим йўқда. Кўчада юрсам ҳар бир нарсага эътибор қаратаман. Ҳақсизликни кўрсам жим тура олмайман. Аралашгим келади. Телевизор кўриб ўтириб, ёлғон гапираётганларнинг  ёлғонларини эшитиб ғазабим келади. Жавраб ўтираман. Болаларимни онаси «Ҳой, нима қиласиз куйинавериб? Сиз куйинганингиз билан булар ўнгланиб қолармиди? Асабингизни бузиб нима қиласиз? Касал бўлиб қоласиз» дейди. Ҳар замонда «Мени ҳам Оллоҳ оддий ўзбек қилиб яратиб қўйса бўлмасмиди? Одамларга ўхшаб, тирикчиликдан бошқасини билмай, маза қилиб юрардим» деб ўйланиб қоламан. Шу захоти ўйлаган ўйимдан чўчиб кетаман. «Йўқ.Ҳозиргидек  қилиб яратганига шукур.Ахир дунёга инсон нима учун келади? Ҳеч нарсага эътибор бермасдан, фақат қоринни ўйлаб ўтиб кетиш, Бу дахшат эмасми?» деб кўнглимга таскин бераман. Қадимги бир нақл бор. “Келажакка қадам қўйганда ўтмишдан йўлни сўранг” дейишган. Ҳозир ОАВларида совет даврини «Империя даври эди. Ҳеч нарсага рухсат йўқ эди» деб роса ёмонлашаяпди. Гўёки ўзлари совет даврида яшамагандек. Казо-казо лавозимларда ишламагандек. 1990 йили компартияни Россияда обрўси тушиб, ундан ҳамма воз кечаётган пайтда «Улар воз кечса-кечсин! Биз Ўзбекистонда компартияни сақлаб қоламиз» деб телевизорга чиқиб мақтанганлар. 1991  йил, 17 март куни СССРни сақлаб қолиш ниятида ўтказилган референдум тарғиботининг тепасида турганлар совет даврини қоралаб турса, жуда қизиқ туйилар экан. Ахир қуруқ ёмонлашдан кўра  ўша империя даврининг кирдикорларини очиб ташласак бўлмайдими? Ўшанда одамлар аслида Ленин ким, Сталин ким билар эди-ку.Ҳозир аксарият аҳоли бу жаллодларни  миллатимиз бошига не кунларни солганларини, миллатимизни гули бўлган минглаб зиёлиларимизни, фикрли кишилар бўлганликлари  учунгина авахталарга ташлаб, қатл этганини билмайдилар. қуруқ ўтмишни қоралавериш ёмон оқибатларга олиб келишини Ўткир Ҳошимов шундай тасвирлайди. «Нуқул ўтмишдан нолийдиган одам келажагини барбод қилиши мумкин. Ўз илдизини инкор қилган дарахт қуриб қолади.» Ёзувчининг мушук ҳақида ёзганлари ҳам кишини мушоҳадага чорлайди. «Ўзи итдан қочиб, дарахтга чиқиб олади-да, тағин қушларга дағдаға
қилади… қўрқоқ шалақи бўлади.» Ёзувчининг шу ёзганларини ўқиб  бир воқеа эсимга тушиб кетди. 1990 йили эди. Бир груҳ демократик кучлар вакиллари билан Вилоят партия комитетининг идиология бўйича котибини олдига кириб, Обком биноси жойлашган «Коммунистлар» кўчаси номини «Амир Темир» деб ўзгартиришни таклиф қилдик. Шу пайт Обком котиби бақира кетди. «Давлат тили ўзбек тили бўлсин дедиларинг, индамадик. Ҳусусий машиналарни такси қилиб юришига руҳсат беринглар дедиларинг. Индамадик. Ҳатто Ўзбекистонни мустақил бўлсин деб жанжал кўтардиларинг, индамадик. Энди бир жаллотни номини кўчага қўймоқчмисизар? Ўзи қанақа одамсизлар?» деди. У бизнинг гапларимиздан қўрқиб кеган эди. «Сизлар  ҳохлайсизларми йўқми, барибир бир кунлар келиб бизни айтганларимиз бўлади» дедик-да чиқиб кетдик. Ўша Обком котиби узоқ йиллар Наманган вилояти маорифини бошқарди. Шу йил ёздагина ишдан олинди. Маорифимиз 20 йил шундай «лойдан ясалган» одамлар қўлига топшириб қўйилганидан  ачиниб кетасан киши. Ўткир Ҳошимов ўз китобида ўзбек жамиятидаги яна бир иллат ҳақида ёзади. Бой гердайса – салобат, қамбағал таъзим қилса-хушомад. Бой гапирса – донолик,  қамбағал сукут  сақласа – нодонлик. Бой «Мерседес» олса – камтарлик, қамбағал велосипед олса – манманлик. Бой жиноят қилса – «шўхлик», қамбағал шўхлик қилса – жиноят. Бой ўлса – мотам, қамбағал ўлса – «бандалик…»  Ёзувчи Ў.Ҳошимовнинг орзўйи, «қани энди, қайтадан гўдакка айланиб қолсанг-да, ўйлаганингни қўрқмасдан айтаверсанг!» Менинг орзўйим, “Қани энди катта бўлганингдан кейин ҳам, ўйлаганингни бемалол айтаверсанг»

 

Ёзувчи Ўткир Ҳошимовни «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асари ҳақидаги фикрларимни ёзувчининг мана бу сўзлари билан тугатмоқчиман. «Адолат Кучга  бўйсунган юрт – вайрон юрт. Куч Адолатга бўйсунган юрт – бўстон юрт» Шундай юртда яшашлик барчамизга насиб этсин. Ўткир Ҳошимовнинг афаризмга тўла «Дафтар ҳошиясидаги битиклар китоби, унинг олдинги китоблари каби ҳар қандай замонда ҳам  ўз қадр-қимматини йўқотмайдиган мукаммал асардир.Ўткир акага узоқ умр ва ижодларида ўлкан зафарлар тилаб қоламиз.

 

Носир Зокир

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares