ЎЗБЕКИСТОН: ЎҚУВЧИЛАРНИНГ СОҒЛИҒИ САРИҚ ЧАҚА…

Ўзбекистондаги қай бир матбуотни варақламанг, радио ёхуд теливезор қулоғини бураманг, нуқул бир нарса хусусида: мамлакатдаги фалон сонли мактаб пусмадон маблағ эвазига таъмирланганлиги ҳақида  оғиз кўпиртирилади. Шундай ҳам дейлик, мана сиз – ушбу


 
тасвирлар орқали ана шундай қойилмақом қилиб таъмирдан чаққан мактаблардан бирининг спорт залини кўриш, кузатиш имкониятига эгасиз. Йўқ, сиз таъмирга эътибор қилманг, ўқучиларнинг оёғига қаранг, oёғига! Кўрдингизми, ўқувчилар қишнинг совуқ кунларида пойабзалсиз, ярқираган полда биттагина пайпоқда оёқ яланг юришибди. Нега экан дейсизми? Унда эшитинг:  Ушбу тасвирлар Тошкент шаҳрининг  Чилонзор туманида, шундоққина Чилонзор метроси биқинида жойлашган ( биринчидан,   ушбуларни тасвирга олган ўқувчининг хавсизлик нуқтаи назаридан атай  мактаб рақамини ошкор қилишдан ўзимизни тийдик. Иккинчидан, ўқувчиларни шу усулда таҳқирловчи бундай мактаблар нафақат пойтахт Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бисёрлиги сабаб, мактаб рақамини аниқ кўрсатиш шарт эмас деган тўхтамга келдик.)  мактабнинг спорт залида тасвирга олинган.

       Ҳа, тўғри топдингиз, спорт зали ажойиб жиҳозланган,  қойилмақом қилиб таъмирдан чиқарилган. Полда аксингиз кўринади. Дахшат! Бироқ бу қойилмақомлик ўқувчиларга қимматга тушадиган бўлди.  Гап шундаки, шахсан мактаб директорининг топшириғи билан ўқувчиларга спорт залига красовкада  кириш ҳам таъқиқлаб қўйилди. Мана, бир йилдирки, одам акси кўринадиган полини қириб қўймаслик учун икки мингдан ортиқ ўқувчилар қишнинг аёзли кунларида ҳам таъмирдан чиққан мактаб спорт залига пойабзалсиз, оёқ яланг  киришга маҳкум.  Қаранг, ҳатто спорт пойабзали ҳисобланган красовка ҳам ялтираб турган полнинг “юзини бежаб қўйиши мумкин экан!”.

Давтаввал, ўқувчилар мактаб директори ва физкультура ўқитувчисининг амирга сўзсиз амл қилганди. Бироқ, қиш қишлигини қилди, биттагина пайпоқда муздек полга оёқ қўйган ўқувчилар, айниқса, қизлар совуқдан қотиб қолишди. Бетоб бўлгани қайси, иссиғи чиқиб, узун-қисқа йўталгани қайси, ўпкасини совуққа бериб қўйгани қайси… Хуллас, охийри совуқ заҳри жонларидан ўтган ўқувчи қизлар мактаб маъмуриятининг, хусусан физкультура ўқитувчисининг бундай беъмани буйруғига буйсунмасликка қарор қилишди. “Биз спорт залига яланг оёқ кирмаймиз. Модомики красовкада кириш таъқиқланар экан, физкультура дарсига қиришдан бош тортамиз” деб туриб олишди. Шу сабабли ҳам ҳозир сиз кўраётган тасвирларда фақатгина ўқувчи йигитлар акс этган холос. Энг ёмони, айни кунда мактаб маъмурияти физкультура дарсини мунтазам равишда қолдираётган ўқувчи қизларга чора кўриш, уларни жазолаш ишлари билан машғул. Айни шу мақсадда айрим қизларнинг ота-оналари мактаб директорининг ҳузурига чорланган. Бундан муддао “Ўқитувчиларга бўйсунишни истамаётган қизларни мактабдан бадарға қилиш” борасидаги дағ-дағалари билан ота-оналарнинг, хусусан ўқувчиларнинг юрагига ғулғула солиш, чўчитиб қўйишдан иборат.

Ана энди, бу – Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги ўқув даргоҳларида рўй бераётган одатий бир ҳол. Узоқ вилоят ва қишлоқлардаги мактаблар қай аҳволда? Буни Худо билади.

 Бизни эса ташвишга солаётган, ўйлантираётган нарса шу: Миллат боласининг, ўқувчининг соғлиғи сариқ чақами? Таъмирланган мактаб жиҳозлари шунчалар азиз-авлиёми? Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими Вазирлигида болаларни ўйлайдиган бирорта валломат бормикин, топилармикин?

 

Малоҳат Эшонқулова, 

“Бирдамлик”  Халқ  Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари                  

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares