Тирикчилик ташвиши Ўзбекистон аҳолисини қийнаб қўйгани бор гап. Қорин тўйдириш, оиласини боқиш, болаларининг эҳтиёжини қондириш илинжида юзлаб юртдошларимиз мамлакатнинг турли бурчакларига иш излаб кетгани ҳам ҳақиқат. Айни кунда улар ёт юртларда мусофирликнинг аччиқ таъмини татиб, тўрт танга топиб, Ўзбекистонда қолган оиласини тебрaтмоқда. Эзгу мақсадда ўзга юртларга отланган ватандошларимиз бегона элларда йўлларини топиб кетишса-ку, яхши-я, нур устига аъло нур. Бироқ, тилини, ёт ёзув-чизувини, мавжуд қонун-қоидасини билмаган биродарларимиз ўзга юртларда азоб чекмаслигига, қийналмаслигига кафолат борми? Ҳўш, мусофир юртда муаммоларга дуч келиб қолса-чи? Иссиғи чиқиб, тоби қочиб, жони оғриб қолса-чи? Унда нима бўлади? Уларнинг кейинги тақдири қандай кечади?
Айни кунда Жиззах вилояти, Пахтакор туманидаги истиқомат қилувчи Жамила опа Бегматовани худди ана шу каби ўй-ҳаёллар ўз исканжасига олган. Гап шундаки, ишлаб пул топиш мақсадида Москва шаҳрига кетган укаси Санжар Бегматовдан мана, беш йилдирки дом-дарак йўқ.
Санжар 1988 йилда Тожикистон Республикаси, Хўжанд (илгариги Ленинобод) вилоятининг Ўратепа (ҳозирги Истарафшон) туманидаги Чорбоғ қишлоғида тўғилган.
Отаси Ўктам ака Бегматов ва онаси Хурсаной Бегматоваларнинг ўртасидаги ўзоро келишмовчиликлар, тушунмовчиликлар оиланинг барбод бўлишига олиб келди. Ота-онаси ажражгач, Санжар 5 ёшида Ўзбекистонга, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига кўчиб келди. Оиланинг парчаланиб кетиши, пароканда бўлиши опа-акалари қатори Санжарни ҳам маънавий, моддий ва руҳий жиҳатдан қийнаб қўйди. Гоҳ Янгийўлда, отасининг ёнида, гоҳо Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида, онасининг бағрида вояга етган Санжар иш қидириб Москва шаҳрига кетишга мажбур бўлганди.
– Мен бир нарсани, укам Санжар 2007 йил бошларида Москва шаҳрига кетганини биламан. Аввал бошда икки-уч ой қўнғироқ қилиб турди. Ҳол-аҳвол сўрарди. Кейин негадир қўнғироққ илмай қўйди. Ким Москвага борса, ёки ким у ердан келса, барчасидан сўраб-суриштираман. Ҳеч ким кўрган эмас, у ҳақида билмайди ҳам. Беш йилдирки укамни кутаман, ҳали қўнғироқ қилиб қолар, ҳали эшикдан кириб келиб қолар дея кутаман, аммо дараги йўқ , – дейди ғамга чўмган Жамила Бегматова андуҳ билан.
Санжар мустақил ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйган ёш йигит эди. Ҳали умрининг 25- баҳорини кўришга, кутиб олишга улгурмаган йигитнинг бегона элларда бедарак кетиши кишини қайғуга солади албатта. Ёш йигитнинг тақдири нима кечдийкин деб ташвишга тушади одам. Эҳтимол, айни пайтда, Санжар Бегматовнинг ўзи дунёнинг қай бир бурчаги, қайсидир шаҳрида ушбу ёзганларимизни ўқир, эҳтисол, опаси Жамила Бегматованинг хавотирларидан хабар топар. Нима бўлган тақдирда ҳам биз Санжарнинг ҳаётидан хавотирдамиз, унинг кейинги тақдири ҳақида билишни, аниқлик киритишни истаймиз. Бу борада эса, сиз, азиз ўқувчиларнинг кўмагига муҳтожмиз.
Тожикистон Республикасининг ҳозирги Хўжанд ( олдинги Ленинобод) вилояти, ҳозирги Истарафшон ( илгариги Ўратепа) туманидаги Чорбоғ қишлоғида туғилиб, Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида вояга етган Санжарни кўрганлар, у ҳақида билганлар, эшитганлар борми?
Қанисан, қаердасан, Санжар? Жигарларинг, туғишганларинг сендан хавотир олишмоқда. Агар бизни ўқиётган, эшитаётган бўлсанг, яқинларингни ташвишга қўймай, дарак берсанг, яхши бўларди.
Россиянинг Москва шаҳрига иш қидириб кетиб, бедарак йўқолган Санжар Бегматовни опаси Жамила Бегматова қидирмоқда. Мабода Санжарни билганлар, таниганлар, унинг тақдиридан хабардор кишилар бўлса, илтимос, Ж. Бегматова билан боғланинг, укасининг тақдиридан вофиқ қилишга шошилинг. Мурожаат учун телефонлар:
+99894 574 78 07
+99890 539 47 08
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот хизмати




