
Жиззах вилояти Пахтакор туманида маҳаллий ҳокимият аҳолига босиб ўтказишга, ноқонуний ишларга уста кўринади. Йўқса, 7 декабрь куни Саида Қурбонованинг уйига бостириб киришармиди?
– 7 декабр куни мен “Олойда – ош” тадбирига – Тошкентга кетгандим. Уйда болаларим ёлғиз қолишганди. Эгнига форма кийган тўрт нафар йигитлар келиб ўғлимга дўқ қилишибди. Ўғлим бу йигитларнинг қандай форма кийганини ажратолмабди. Прокуратура ходимларининг формасими, миллий хафсизлик хизматиникими, ички ишларникими, аниғини билмайди болам бечора. Уйга бостириб келган формали кишилар ўғлимга “Онангнинг ўлик ё тириклигини биласанми, йўқми? Қаерда у? Нега бемаъни ишларга аралашиб юрибди?! Жуда ўзидан кетиб қолган онанг? Келсин, эсини киритиб қўямиз!” дея бақиришибди. Ўйғлим “Менинг онам номаъқул ишларга бош қўшймайди, нимаики қилса тўғри қилади” деган экан, “Буни қаранглар-а, тили узун экан-ку, бунинг? Суғириб олиш керак бунақа тилни!” дея чиранишибди. Ўғлим қўрқувдан дағ-дағ титраб қолган. Мана, икки кундирки, эшигим тагида бир эмас, иккита машина турибди. Менинг ҳар бир қадамимни, ҳар бир нафасимни кузатишмоқда, – дея зорланди болаларининг тақдиридан ташвишга тушган Саида Қурбонова.
Маҳаллий ҳокимият вакилларининг хурмачага сиғмайдиган бу қилиқларини нима деб аташ мумкин? Ўзидан кетишми, ё қутиришми? Бир сўз билан айтганда ички ишлар, прокуратура, миллий хафсизлик ходимлари томонидан оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилиниши – бу – биринчи ҳодиса эмас, охиргиси ҳам. Мамлакатимизда маҳаллий ҳокимият вакиллари йиллар давомида ҳамиша оммани таҳқирлаб келмоқда. Токи фуқаролар лоқайдликни йиғиштириб, бир ёқадан бош чиқармас экан, бу каби салбий ҳолатлар яна узоқ давом этади, этаверади….
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари



