“ОЛОЙДА – ОШ” ТАДБИРИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА ТАҲДИДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 19 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати  томонидан ўтказилиши режалаштирилган  “Олойда – ОШ” хайрия лотериясига турли вилоятлардан  қатнашиш истагида келган фуқароларга айни кунда маҳаллий ҳокимиятлар томонидан таҳдид бошлаб юборилди.

Хусусан, Жиззах вилоятининг  Пахтакор тумани Самарқанд жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи Жамила Бегматова Тошкент сафарида юрган пайтида, яъни 7 декбарь куни   усатка нозири “Самарқанд” Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Нормамат Жиянов ҳамроҳлигида унинг уйига бостириб келган. Ҳукумат томонидан амал билан “қуролланган” босқинчилар Жамила Бегматованинг турмуш ўртоғи  “Эр бўла туриб хотинингни йўлингга юрдираолмайсанми?! Биласанми, хотининг ҳозир қаерда?! Тошкентда қандайдир намойишларга қатнашиб юрибди. Хотинингни ўзинг йиғиштириб оласанми, ё биз кўмаклашайликми? Ўзимиз уни тийиб қўяйликми?!” дея дағдаға қилишган. Ҳатто участка нозири “Хотингни қайтарсанг, қайтардинг, йўқса, уйларингни тити-питисина чиқариб, бир айбларингни топаман-да, қаматиб юбораман. Билиб қўй, мен 20 йилдан буён милисада ишлаб, бундай ишларга устасифаранг бўлиб кетганман!” дея кўкрак керган. 7 декабрь куни маҳаллий ҳокимият вакиллари бу каби таҳқирли таҳдидлари билан Ж. Бематованинг хонадонида кун бўйи бир эмас, уч бор кун бўйи меҳмон бўлишган. Хонадон эгаларини қўрқитишган. Участка нозири ва қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг пўписасидан юрак олдириб қўйган уй соҳиби рафиқаси Ж. Бегматовага минг бир ҳавотир билан қўнғироқ қилган.

– Турмуш ўртоғимнинг айтишича, участка нозири билан “Самарқанд” фуқаролар йиғини раиси Нормамат Жиянов уйга бостириб келиб, кун узоқ  бақир чақир қилишган. Эримни таҳқирлашган. “Тезда хотинингни топ, чақиртир, сенларни қамоқда чиритаман” дея қўрқитишган, – дейди Жамила Бегматова биз билан телефон орқали  бўлган суҳбатда.

Шунақа, Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият вакилларига ҳамма нарса мумкин. Истаса  дуч келган фуқаронинг уйига бостириб киради, агар ҳоҳласа дўқ уради, таҳқирлайди. Ҳатто “қаматиб юбораман” дея ҳайқириб, оламни бузади. Бузадигина эмас, сохта айбловлар билан қамоққа тиқишга ҳам қодир улар. Қачонгача?

 

Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares