“МИЛИСАЛАР МЕНИ ОШГА ЧАҚИРИБ, “БЕАРҚОН ОСИБ” ҚЎЙИШДИ…”

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаоли  Акромхўжа Муҳиддинов “Олойда – ош” тадбирига кеклолмади. Боиси, бу гал махсус хизмат ва ички ишлар ходимлари Акромхўжа аканинг йўлини тўсиш мақсадида мутлақо ўзгача макр ишлатишди.

Гап шундаки, икки-уч кундирки А. Муҳиддиновнинг эшиги олдида туну-кун соқчилик қилиб турган “айғоқчилар” аёзли қишнинг узун тунида  автомашина ичида музлаб қолишига бир баҳия қолди. Хизматчилик-да, ит азобида тонг оттиришди. Акромхўжа ака эса  икки-уч нафар паспонларнинг тумшуғининг тагида тонг оттиришларига куниб қолганлардан.

          7 декабрь куни саҳарда, тахминан соат 4.30 ларда   Муҳиддиновлар хонадонининг дарвозаси таққиллади. “Ким у?” овоз берди сигир соғиш тараддусида  молхона томонга йўл олган рафиқаси.

– Акромхўжа аканинг уйларими, кеннайи? Бу биз, акани саҳарга ошга хабар қилгани келгандик, –  дарвоза ортидан эркак кишининг овози эшитилди.

Бир томони қишлоқ кишиларига хос соддадиллик, бир жиҳати меҳмондўстлик эмасми, кўнглига ҳеч бир шубҳа соя солмаган аёл дарвозани очди.  Қарасаки, башанг кийинган бир йигит турибди.

– Ассалому алайкум, хайрли тонг, кеннайи. Акромхўжа акамларни чақириб қўясизми?, – деди йигит тавозе билан.

“Бугунам ош ерканмиз-да” деган ширин ўйда эшикка чиққан Акромхўжа акани нотаниш йигит машинасига таклиф қилди. Автоуловга ўтираётган А. Муҳиддинов шундагина ҳов нарида, девор биқинида бекиниб турган участка нозирига кўзи тушди. “Участкавой”ни кўрди-ю, юраги бир “шиғ” этиб қўйди.

Машинага ўтиришгач, йигитлар уни ўт олдиришга шошилишмади. Аввалига биттадан чекиб олишди. Кейин фуқаро формасидаги йигит мақсадга кўчди:

– Ака, начальнигимиз сиз билан гаплашмоқчилар. Биз билан бирга боришингизга тўғри келади, – деди ўта мулойимлик билан.

Ўзбек ширин сўзнинг гадоси. Икки оғиз яхши гапирилса бўлди. “Кимсан? Нимасан?” деб сўраб ўтирилмайди. Итоат этиб кетаветарди. Бу гал ҳам шундай бўлди.

“Совчи”лар Акромхўжа акани аввалига Янгийўлдаги Халқабод ички ишлар бўлинмасига олиб боришди. А. Муҳиддинов  ИИБ биносининг эшиги тагида сарғайиб кўп кутди. Саҳарги совуқда эти жунжикиб, совуқ қотиб кетди. Кута-кута тоқатлари тоқ бўлгач, охийри “Қани начальнигинг? Менда нима иши бор экан?” дея тилга криди. Важоҳат билан ичкаригага йўналган эди ҳамки, ИИБ ходимлари  уни “Ҳали иш вақти бўлган эмас, ака, шунинг учун бошлиқ келганмас. Сиз ташқарида турманг, совуқ еб қоласиз. Машинага ўтириб, чекиб туринг. Шошилманг” дея тинчлантиришга уринди. Акромхўжа ака бу гал уларнинг гапларига унамади. Бироқ йигитлар барибир уни ичкарига қўйишмади. Унинг қўлтиғидан олиб, қайта машинага ўтқазишди-да, Янги йўл туман ички ишлар бўлимига олиб келишди.

“ Мени иккинчи қаватга олиб чиқишди. Бир хонага киритишди. Эшигининг тепасидаги ёзувини ўқисам, терроризмга қарши кураш бўлими экан. Мени қуршаб олган фуқаро формасидаги 5-6 олтита йигитлар “Ҳа, дода, қариганнингизда кетингизни қисиб ўтирсангиз бўлмасмиди?” дея   заҳарханда қилишди. Кейин “Мен терроризимга қарши кураш бўлимининг бошлиғиман. Исмим Ёқуб” дея қаршимда бир йигит пайдо бўлди. “Мени “ишончли қўлларга топширганидан” кўнгли тўлди шекилли, участка нозиримиз, капитан Жамолжон ғойиб бўлиб қолди. Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Ёқубжон  менга ўтиринг, деб мулозамат қилди. “Ўтирдим. Ёнингизда нима бор? Одатда сизларда диктафон бўлади” деди у  ҳазиллашган бўлиб. Кейин қўл телефонимни олиб, овоз ёзилаяптими, йўқми, кўздан кечирди.  Ёзилмаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, қўлимга қайтариб берди.  “Хўш, дода, бугун қаерга боришни режалаштиргандингиз?”. Ёқуб шундай деб савол берган ҳам эдики, телефони жириглаб қолди.  Адашмасам,  вилоят ички ишлар бошқармасдиан қўнғироқ бўлганди. Буни телефон орқали бўлган савол-жавобдан фаҳмладим. Қолаверса, гўшак ортидаги одамнинг овози ҳам менга  элас-элас эшитилиб турарди.  “Ҳа, ҳа, Муҳиддинов шу ерда” ҳозиржавоблик қилди Ёқуб. Шунда  гўшак ортидаги киши  Ёқубга “Қамаманглар, ушлаб туринглар. Қачон команда бўлса, қўйиб юборасизлар” дея кўрсатма берди. Суҳбат тугагач, Ёқуб менга юзланди. “Қаерга бормоқчи эдингиз, гапимиз чала қолди, дода. Шулар ҳақида ёзиб берсангиз”  деди. Мен ҳеч нарса ёзмадим, унамадим. Терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи ҳам мени ортиқ қистовга олмади. Гап йўқ, сўз йўқ, бир-биримизга термулишиб ўтирдик. Гап орасида “Аммо   туман прокурорини бопладингиз, дода. Лекин эҳтиёт бўлинг-а, сизга у тиш қайраб юрибди” деди Ёқуб гап орасида. Тушлик бўлдиямки, жавоб берай дейишмайди. “Қорин пиёзнинг пусти бўлиб кетди-ку?” деб хархаша қилгандим, Ёқубнинг югурдакларидан бири менга иккита сомса билан иккита гумма олиб  келиб берди… Кеч туша бошлагач, мени олиб чиқиб, йўлдан бир матиз автомашинасини тўхтатишди. Унга ўтқазиб, то уйимгача кузатиб қўйишди. Йўлда бозорга, дўконга тушмоқчи бўлгандим, “Ким билан учрашмоқчисиз?” деб изн беришмади.

Бир сўз билан айтагнда, милисалар мени ошга чақириб, “беарқон осиб қўйишди”. Шунинг учун ҳам, эсиз, “Олойда – ош”га бора олмадим”, дейди Акромхўжа Муҳиддинов афсус билан.

А. Муҳиддиновнинг гапларига кўра, Ички ишлар ходимлари шу билан қаноатланган эмас. 8 декабрь куни ҳам катта лейтенант Шуҳрат ( шарифи аниқ эмас)  ва участка нозирининг ёрдамчиси  тонг саҳарлаб кўриқчиликка етиб келишган.  Натижада эртаси куни ҳам А. Муҳиддинов кун бўйи уй қамоғида ўтиришга мажбур бўлган.

Белига “милиция” деган ёзувдан белбоғ тақиб олган ички ишлар бошқармасининг махсус хизмат машиналари эрта-ю-кеч Акромжўжа аканинг эшиги тагида туриши, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг  соқчилик  қилиши бежиз эмас. Буларнинг барчаси олдиндан тузилган пухта бир режа. Бир режаки, бу режанинг асл мақсади А. Муҳиддиновна, ҳа, ҳа, мамлакатдаги жамики Акромхўжа акаларни  одамларга қора қарғадек кўрсатиш, элдан айриши, номини булғаш, ёмон отлиқа чиқаришга қаратилган. Ҳукумат ҳақ учун, ҳуқуқ учун курашаётган элпарварларни худди мана шундай  ҳийла-найранглар, турфа  усуллар орқали ўз йўлларидан олиб ташлайдилар.

 

Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares