“МЕНГА НИСБАТАН ТАҲДИДЛАР АНЧА ОЛДИН БОШЛАБ ЮБОРИЛГАНДИ…”

Гавҳар БЕРДИЕВА

           Менга нисбатдан бўлаётган ноҳақликларга қарши 20 ноябрь куни Елена Урлаева билан биргаликда Тошкентда,  Мустақиллик майдонида

тинч йўл билан  норозилик намойиши ўтказишимиз хусусида  хабар тарқатгандик. Ана шу хабар боис 2 декабрданоқ менга нисбатан тазйиқ бошлаб юборилганди. Ўша кундан буён  мени умуман уйимдан ҳеч қаерга чиқаришмади. Айтилиши мумкин бўлмаса-да гапиришга мажбурман, ҳатто  ҳожатхонага қадар ортимдан кузатиб борадиган бўлишди. Шундай бўлса-да, асабларимни аранг жиловлаб, уларга қўпол муомалада бўлишдан тийилдим.

Тобим йўқлиги туфайли шифохонага боришимга тўғри келди, улар ҳам менга дум бўлишди. Бозорга кирдим, мен билан бирга-бирга юришди. Ёлғиз ўзимга йигирмадан ортиқ  қоровул бор, агар ишонсангиз.

            Натижада, 6 декабрь куни кечаси ўз уйимдан қочдим. Бир танишимникида тунашимга тўғри келди.  7 декабрь куни саҳарда синглим ва   қизимнинг ҳамроҳлигида “Олойда – тош” тадбирида қатнашиш учун Тошкентга йўл олдик.  Соат тахминан 10.00 лар эди, адашмасам, Тошкент вилоятининг  Янгийўл  “постГАИ”сига етганимизда “ГАИ” ходимлари машинани тўхтатишди.  Улар ҳужжатларимизни ўта сустлик билан текшира

бошлашди. Орадан 5-6 дақиқа ўтгач,  орқадан давлат рақами бўлмаган оқ нексия  автомашинаси келиб тўхтади.  Машинадан тушган  йигитлардан бири ёнимизга келиб, менга қарата “Опа, одамларингиз билан  мана шу машинага ўтиб ўтиринг. Ҳеч қаерга бормайсиз! Нима иш қилаётганингизни биласизми?! Ўтинг дедим сизга?!” дея бақириб кетди. Мен ундан исм-шарифини,  нима иш қилишини суриштирдим. У ўзини  Камол деб таништирди. Фамилиясини айтишни лозим топмади. Дағдаға қилган йигит ҳайдовчи кўмагида  зўрлик ва куч ишлатиб  мени оқ некцияга ўтказишди.  Қизим билан синглим ҳам мен ўтирган машинага ўтишга мажбур бўлишди.

Бизни тўғри Жиззах  вилоят  Ички ишлар бошқармасига олиб келишди. Бир хонажа кеч соат 18.00 га қадар  мажбуран ушлаб ўтиришди. Ички ишлар бошқармасида ўтирганимизда, ҳеч қандай ортқча гап-сўз бўлган эмас. Қоронғу аралаш  барчамизни уларнинг ўзлари уйга, Ғаллаоролга олиб келиб қўйишди.

Кейинчалик, маълум бўлишича, 6 декабрь куни уйдан қочиб чиқиб кетганимдан сўнг ярим кечаси менга пойлоқчилик қилаётган йигитлардан бири –   Жониқулов Комил уйимга кириб мени хўп қидирибди. Топаолмагач, хуморидан чиққунича сўкинибди.  мени уйим ичидан излаб Ички ишлар бошқармаси ходимларининг гапларига кўра,  Ғаллаорол туман миллий хавфсизлик ходимлари ҳам 2 декабрдан бошлаб мени мени кузатувга олишган экан.

              Улар айтса-айтмаса, уйим атрофида қоровуллар жудаям бисёр эди.

Менга бир дунё  елғон ваьдалар беришди. Ҳеч бирига ишонмадим. Чунки ишончимни аллақачонлар паймол қилишган. Хуллас, ички ишлар ва махсус хизмат ходамларининг шарофати билан “Олойда – ош” тадбирига бора олмадим. Ушбу ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, демак, бирор бир тадбирга бориш учун бир кун эмас, бир неча кун олдин “ғойиб” бўлиш керак экан. Соқчилардан қачон ҳалос бўламан, буни Худо билади…

 

 Гавҳар БЕРДИЕВА

 “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Жиззах вилоят бўйича раҳбар ўринбосари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares