“ МАБЛАҒИМ ЙЎҚЛИГИ САБАБ “ОЛОЙДА – ОШ”ГА БОРА ОЛМАДИМ….

Шарифа Тўйчибоева

       Гарчи бир қадам бўлса-да, Ҳаракатнинг Тошкент вилоят бўйича раҳбари Шарифа опа Тўйчибоева негадир Олой бозорида кўринмадилар. “Тинчликмикин?” деган ҳадигу хавотирда опага қўнғироқ қилдим. “Шарифа опа, тинчмисиз? Тадбирда кўринмаганингиз учун хавотир олдим” дея ҳол сўрадим. Бошига тушган минг бир азоб-уқубатларни мардонавор енгиб,  сув келса симириб, тош келса кемиришга қодир Шарифа опа Тўйчибоева ҳасрат дафтарини очиб қолди:

“7 декабрь куни  Ҳаракатимиз Конституция куни муносабати билан Олой деҳқон  бозорида хайрия лотореяси ўтказишни билардим.  Тадбирда қатнашишга, Тошкентга боришга астойдил бел боғлагандим. Бироқ, қўлим қурғур калталик қилиб қолди-да. Бир неча йилдан буён ишсиз бўлсам, моддий жиҳатдан мен жабр чекмай, ким чексин ахир?!  Шу сабабли, бир кун олдин “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича собиқ раҳбари, айни дамда Бошқарув Ҳайъати аъзоси Дилоромхон Исоқовага қўнғироқ қилиб,      киссамнинг касаллигидан ҳасрат қилдим.

             Барака топсин, Дилоромхон, “Опа, сиз Қўйлиқ бозорига қадар келаверинг. Ўзим кутиб олишга чиқаман. Йўлкирангизни тўлаб, ўзим сизни “Олойда – ош”га олиб келаман” деб қолдилар. Кўнглим тоғдек кўтарилиб, 7 декабрь куни қайдасан, Тошкент деб йўлга чиқдим. Қўйлиққа етар-етмас, Дилоромхон Исоқованинг рақамини тердим: “Дилоромхон, мен келдим, ана-мана дегунча Қўйлиқда бўламан”  дея хабар бердим. Бахтимга қарши айнан шу куни Д. Исоқованинг тоби қочиб, бир тўшак бўлиб ётган экан. “Шарифа опажон, мен қаттиқ касал бўлиб, ётиб қолдим. Тобим йўқ. Қўйлиққа қадар боришга ҳолим йўқ. Опажоним, шу ерга қадар етибсиз, энди Олойга ўзингиз келишингизга тўғри келади. Мен боролмайдиган бўлиб қолдим” дея Дилоромхон узр-маъзурини айтиб қолди. Не қилай, осмон узоқ, ер қаттиқ. Шундай пайтлар бўларканки, чўзай десанг қўл калта, юрай десанг йўл калталик қилиб қолар экан. Ҳатто Олой бозорига бориш учун арзимаган 600 ( олти юз) сўм топа олмаганлигим боис, тадбирга боролмадим. Минг бир ўкинч, аламу изтироб билан уйга қайтишга мажбур бўлдим. Биласиз, бўйнимгача қарзга ботганман, шунинг учун уйимдан ҳам айрилиб қолиш эҳтимоли бор…”

Бошқарув Ҳайъати аъзоси Дилоромхон Исоқова сафдошлари билан Олой бозорида, 7 декабр соат 10-50.

           Юқоридагилар Шарифа опанинг сўзларидан ёзиб олинди. Иқтисодий танглик ёқасига чанг солган Тўйчибоеванинг ҳасратларини тингларканман, модомики, Ҳукумат фуқароларнинг фаровонлиги учун жон куйдирмас экан, биз -“Бирдамлик”чиларни, жамики ҳуқуқ ҳимоячиларининг, турли ном билан аталаётган барча мухолифат фаолларининг қилиши, амалга ошириши шарт ва зарур бўлган улкан ишлари, юмушлари бисёр.

 

  Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares