ОДИЛ АКА “ОЛОЙДА – ОШ”ГА КЕЛОЛМАДИ….

Одилжон Юсупов

        Ўзбекистон Республикаси Конституцияси айёми муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати томонидан 7 декбарь куни ўтказилиши режалаштирилган “Олойда – ош” хайрия лотерия тадбири иштирокчилари кўпчиликни ташкил этмаганидан хабарингиз бор.  Ҳатто мазкур тадбирга айрим Ҳаракат аъзолари ҳам  қадам ранжида қилишмади. Нега? Шу савол туғилиши табиий. Ташриф буюришни исташмадими, ёки…  Йўқ,  Ҳаракатнинг барча аъзолари тадбирда иштирок этишни ҳоҳлашганди. Шу мақсадда турли вилоятлардан пойтахт томон йўлга ҳам отланишганди. Бироқ етиб келишолмади. Анироғи ҳокимият ходимлари уларга халақит беришди. “Олойда – ош”га етиб келиш илинжида Шуҳрат Назаровнинг билан сафарга отланган  “Бирдамлик” Халқ” Ҳаракатининг Фарғона вилояти бўйича раҳбар ўринбосари Одилжон Юсупов ҳам ҳукуматнинг йўлда қўйган қопқонига тушиб қолди.

            Пойтахтга киришга салкам бир қадам қолган эди-я. Аммо Тошкент вилоятининг  Оҳангорон  “ГАИ” постида  О. Юсупов ҳамроҳи билан ўтирган автомашина кутилмаганда тўхтатилди. Гарчи йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортлари ёнларида бўлса-да, “шахсни аниқлаш” баҳонаси билан уларни Олмалиқ шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб кетишди.

        – 7 деабрь куни соат 9.30 да бизни Олмалиқ шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб бориб, алоҳида-алоҳида хоналарга киритишди.  Жиноят қидирув бўлими ходимларидан бирининг хонасида шеригим, яна бирида мен нақд 36 соат ўтирдим. Ёнимга бирор зоғ кирган эмас, ҳеч ким мен билан суҳбатлашмади ҳам. Фақат 9 декбарь куни тунги соат 24.30 ларда “Бўлди, ака, шахсингизни аниқладик, энди боришингиз мумкин” деб мени қўйиб юборишди. ИИБдан чиққач, қарасам, шеригим йўқ.  Ноилож уйга қайтишга мажбур бўлдим. Кейин аниқ бўлишича, ИИБ ходимлари менга  ҳамроҳлик қилган Шуҳрат Назаровдан   бизнинг сафимизга қўшилмаслик  тўғрисида тилхат олишгач, бир соатлар  ичида қўйиб юборишган экан. Ҳатто Олмалиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари 8 декабрдан 9 декбарга ўтар кечаси “Кечирасиз, англашилмовчилик бўлибди, ака” дея мендан узур сўраб,  уйимга, Қўқонга қайтишим учун текин машина хам беришди,   – дейди ИИБ биносида вақти бесамар ўтган Одилжон ака хуноб бўлиб.

            Гарчи фуқаролик паспорти ёнида бўлса-да, кишини “шахсни аниқлаш” мақсадида  ИИБга олиб кетиш, нақд 36 соат ушлаб туриш мумкинми? Назаримизда, буларнинг бари Одилжон ака ва ҳамроҳининг “Олойда – ош” тадбирида иштирок этишларига тўсқинлик қилиш мақсадида махсус уюштирилган. Йўқса, Шуҳрат Назаровдан “Одил аканинг сафига қўшилмаслик” хусусида тилхат олишармиди? Гапнинг қисқаси, “Олойда – ош” га келиш истагида йўлга чиқиб,  Ҳукуматнинг шу каби турли баҳоналардан тўқилган  макр тузоғига тушиб қолган фуқаролар сони анчагина.

– Узоқ мудатлик сиёсий фаолиятимдан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги барча демократ кучларни бирлаштириш вақти келди деб ўйлайман. Мен демократ кучларни бирлаштириш дастурини тузиб чиққанман.  Айни дамда менга нисбатан бўлаётган тазиқлар бисёр. Кейинги хатларимда демократ кучларни бирлаштириш дастури ва менга қўлланилаётган таҳдидлар борасида батафсил малумот бераман, – дея сўзига якун ясайди Одилжон ака куйинчаклик билан.

 

 Малоҳат Эшонқулова 

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares