УЗР, ТАДБИРГА ЕТИБ БОРА ОЛМАДИК

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан, 7 декабрь куни Тошкент марказий “Олой” дехкон бозори олдида, “Бирдамлик” ЎХҲ ўткизажак “ОШ” (Олойга шошилинг) тадбирга, Харакатнинг Фарғона водийси бўйича координатори, Носир Зокир ва Андижон бўлиминингг раиси, мен, Саиджаҳон Зайнабитдинов, биргаликда 6 ноябрь куни бормоқчи бўлдик.

Мен, телефон орқали келишганимиздек, шу куни, кундузи соат 2-ларда Наманганга, Носир аканинг уйига етиб келдим. Носир аканинг уйида бирга тушлик қилиб, кеч соат 5-ларда Тошкентга борувчи таксилар бекатига чикдик. У ерда бир таксист билан, Тошкентга борганда машинасида эрталабгача ўтириб, дам олиш шарти билан келишиб, машинасида ўтирган эдик. Хайдовчи яна бир йўловчи олмоқчи бўлиб юрганда, олдимизга 2 нафар фуқаро кийимда ходимлар келиб, бизни яқин орадаги Маҳалла Фуқоролар Йиғинининг идорасига таклиф этишди.

Бизга қўполлик қилишмади. Мен ва Носир ака билан жуда такалуфли гаплашишди. Мақсадни дабдурустдан айтишмасдан, анча, ундан-бундан сухбатлашиб, пировард, “Қўйинглар, шу, Тошканни, байрамни уйда тинчгина ўтказинглар, перевал беркик, овора бўлиб, қайтиб келасизлар”, дейишди.

Биз нима дердик, “хўп” дедик. Улар билан хайрлашганимиздан сўнг эса, мен Носир акага “Қаердан қайтаришса, ўша ергача бороврайлик-чи, балким, ҳеч гап йўқдир”, дедим. Лекин кўпни кўрган Носир ака “Борсак бороврамиз, лекин бундан нима фойда? Бизни первалданмас, Намангандан ҳам чиқаришмайди. Хой, сиз ёш боламассиз-у, ука”, деб шаштимдан туширди. Мен буни ўзим ҳам яҳши билсам-да, кинояли “шунақами?” десам, Носир ака, узундан-узун “ҳаааааааа!”, дедилар.

На илож? Андижонга қайтдим. Носир акага рахмат, кеч бўлишига қарамай, қўярда-қўймай йўл кирани таксига ўзи тўлаб (координатор-да), мени кузатиб қўйди.

Энди, шу ўринда, ҳайрон қоладиган бошқа бир иш ҳам бўлибди. Ҳаракатимизнинг Фарғона вилояти  бўлим раиси Неъмат ака Сиддиқов Тошкентга 6 декабрь куни кечки пайт етиб борибди. Лекин бориб-ла, яна дарҳол орқага қайтиб кетибди. Билишимизча, мехмонхона масаласида тушунмовчилик бўлган. Келгусида бундай кўнгилсизларнинг олдини олиш зарур, деб ўйлаймиз. Ҳар ҳолда, Неъмат ака Тошканга етиб борибди. Яқин ва бундай вазиятда, осон йўлмас-ки, ўзимизга боғлиқ сабаблар билан, қайтиб кетаверсак.

Лекин биз – мен ва Носир ака, объектив сабаблардан бўлганлигидан қатъий назар, “ОШ” тадбирига етиб боролмаганимиз учун, ташкилотчиларимиздан УЗР сўраймиз.

***

С.Зайнабитдинов “Бирдамлик” ЎХҲ

Андижон

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares