Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 19 йиллик байрамини нафақат Ўзбекистондаги,балки қўшни давлатлардаги ўзбекистонликлар ҳам нишонлашди. Чунончи, қўшни Қирғизистонда яшовчи “Бирдамлик” фаоли Адхам Тангриев “Ўзбекистон Конституцияси” китобини Қирғизистонда яшовчи ўзбекистонликларга тарқатиш мақсадида уни кўп нусхада сотиб олиш учун шу ердаги китоб дўконларини айланиб чиқиб топа олмагач, Ўзбекистон Конституцияси матнини интернетдан қидириб топиб, принтерда 30 нусхада чоп эттириб, ватандошларимизга тарқатди.Бу ишда унга “ Бирдамлик” нинг бошқа бир фаоли Маматқулова Муборакхон ҳам баҳоли қудрат ёрдам берди.
– “Асосий Қонунимиз бўлмиш Конституциямизни ўрганиш ҳар бир ўзбекистонлик учун ҳам қарз, ҳам фарз деб ўйлайман, чунки барчамиз Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларимизни билиб, уларни топташни бас қилишни қонуний йўллар билан ҳукуматдан талаб қилишни ўрганмагунимизча ҳозирда аянчли аҳволга тушиб қолган жонажон Ватанимизда яхшилик томон ўзгаришлар бўлиши жуда ҳам қийин. Ватандошларимнинг кўпчилиги Конституциямизда ва халқаро пактларда кафолатланган ҳуқуқларини билмаслигидан ҳозирги режим усталик билан фойдаланмоқда. Бунга чек қўйиш керак ” – дейди “Бирдамлик” фаоли Адхам Тангриев.
– “Ўзбекистон Конституциясининг матнини топиб,чоп этиб, уни бу ердаги ўзбекистонликлар орасида тарқатиш каби хайрли ишга ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман, чунки биз ўзбекистонликлар ўз ҳуқуқларимизни қанчалик яхши билсак ва фарзандларимизга ўргатсак шунчалик яхши.Мен барча ватандошларим “Бирдамлик” фаоли Адхам Тангриев каби ҳаракатчан ва курашчан бўлишини истардим” – дейди “ Бирдамлик” нинг фаоли Маматқулова Муборакхон.
Ўз навбатида Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати ўзбекистонликларни “Конституция куни” билан яна бир бор табриклаб, уларни Ўзбекистон Конституциясини чуқур ўрганишга ва ўз ҳақ –ҳуқуқлари учун курашда фаол бўлишга чақиради.
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати



