‘Бирдамлик’ Тошкентда Конституция нусхаларини тарқатмоқда

Шодиёр Сайф

Би-би-си, Олма ота

 

Мухолифатдаги «Бирдамлик» халқ ҳаракати Ўзбекистон руспубликаси Конституцияси қабул қилинганига 19 йил тўлиши муносабати билан Тошкент шаҳрида Конституция нусхаларини тарқатган.

Ушбу ҳаракат бугун «Олойда-ош» хайрия лотереяси ўтказишни ҳам режалаганди, аммо сўнгги дамларда Ўзбекистон қонунчилигига зид эканлиги инобатга олиниб бу фикрдан қайтилган.

Тадбирда бирдамликнинг 10 дан зиёд фаоли қатнашгани айтилмоқда. Кузатувчилар бу каби номукаммал тадбирлар Ўзбекистон мухолифатининг чунқур инқироз ҳолатида эканлигидан дарак беришини таъкидлалашади.

«Олой» бозорига кираверишда одамларга конституция китобларини тарқатиш тадбирида «Бирдамлик»нинг 15-16 нафар фаоли қатнашган. Ҳаракат фаолларини бу вақт давомида фуқаро кийимидаги ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари кузатиб тургани айтилмоқда.

«Бирдамлик»нинг Ўзбекистон бўлими раҳбари Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишича, 30 нафардан ортиқ махсус куч вакиллари оддий одамларнинг ҳаракат фаолларига яқинлаштирмаслик учун жонли тўсиқ ташкил қилишган.

«Олой бозорининг бош дарвозаси олдида каттагина яланглик жой бор. Ўша ерда туриб конституция китобларини тарқатаяпмиз. Ҳамюртларимизни Конституция байрами билан табриклаяпмиз. Атрофимизни махсус хизмат ходимлари жонли девор билан ўраб олишганки, биронта зоғ ёнимиздан ўтмайди. Аҳолини бизга яқинлаштирмаслик учун камида 50 метр масофа наридан айлантириб ўтказиб юбораяпти», – дейди Малоҳат Эшонқулова.

Тадбир давомида 35 та рус тилидаги конституция нусхалари тарқатилган. Ҳаракат фаоллари Тошкентнинг китоб дўконларида Конституция йўқлигини айтишади.

«Бирдамлик» Конституция куни муносабати билан «Олойда – ош» хайрия лотерея тадбирини ўтказишни режалаганди. Унга кўра ушбу лотереяда 50 доллардан тортиб минг долларгача ҳадялар ўйналиши ва иштирокчилар тадбирдан сўнг ош қилиб ўтириши керак эди.

Аммо «Бирдамлик»нинг Ўзбекистондаги раҳбари Малоҳат Эшонқулова ҳаракат фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу лотерея ўйинини ўтказмасликка қарор қилади. Ҳаракат аъзолари бу каби тадбир Ўзбекистон қонунчилигига зид эканлигини ўрганиши бунга сабаб бўлган.

«Бизнинг яъни «Бирдамлик» нинг моддий манфаатдорлиги йўқ деб ўйлаган эканман ва бунга лицензия олиш шарт эмас деб калта ўйлаган эканман. Кейин қарасам, жиноят кодексининг 190-моддасида «Махсус рухсатсиз, лицензия олмасдан фаолият олиб бориш, агар маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса 3 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш» жазоси белгиланган экан,» дейди олдин қарийб 3 миллион сўмлик маъмурий жазога тортилган Малоҳат Эшонқулова.

«Бирдамлик» бунгача ОШ (Оммавий шикоят) тадбири ўтказишга ҳаракат қилганди, аммо шикоятчиларнинг ўта камлиги ушбу тадбирнинг режаланганидан амалга ошмаслигига сабаб бўлган.

Сиёсий таҳлилчи Камоллиддин Раббимов «Бирдамлик» ҳаракатининг бу каби номукаммал тадбирлари мухолифатнинг қай даража инқирозда эканлигини кўрсатувчи бир омил эканлигини айтади.

«Мен ушбу ташкилот атрофида ҳам унинг йўлбошчилари томонидан ҳам бир жиддийликни кўрмаганман. Ўзининг устида ишламаслик, муаммога, масалага жиддий ёндошмаслик ёки енгил тадбирлар билан бамисоли катта обрў топишга интилиш ўзбек фуқаролик жамияти ва мухолифатининг ҳалокатли ҳолатидан далолат беради», – дейди Камолиддин Раббимов.

Демократик давлат эканлиги даъво қиладиган Ўзбекистонда мухолифатнинг фаолият олиб боришига кескин тўсиқлар қўйилган. Бирорта мухолиф ҳаракати ёки партияси республика ҳудудида рўйхатдан ўтказилмаган.

 

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/12/111207_cy_birdamlik_oloy_osh.shtml

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares