А Ф О Р И З М

Носир Зокир

Бир газетада шундай ёзишибди: “Барча ташвишлар ақлдан – ёки унинг кўплигидан ёки унинг етишмаслигидан”.  Доно фикр. Аслида ақлли инсонлар демократик мамлакатларда мазмунли ҳаёт кечирадилар. Ақлсиз инсонлар эса бундай жамиятларда яхши яшай олмайдилар. Аксинча, ақлсиз инсонлар нодемократик мамлакатларда ақлликларга қараганда яхши яшайдилар. Бундай жамиятларда пул билан ҳамма нарса қилиш мумкин. Тўхтанг. Хулоса чиқаришга шошилманг. Айтмоқчисизки, ақлли инсонлар ҳар  қандай  жамиятда ҳам яхши яшайдилар,ақлсизлар эса ҳар иккки тузумда ҳам яхши яшай олмайдилар. Шундайми? Мана энди мана шу фикр атрофида мулоҳаза юритамиз.Сизнинг фикрингизча, ақлли инсонлар нодемократик мамлакатларда, ўша тузум сиёсатига мослашиб, тирикчилигини қилаверади. Шундай демоқчи эдингиз-а? Топдимми?

 

            Кечирасиз. Нодемократик тузумларда кўп ақллилик қилиш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Бундай жамиятларда ўзини аҳмоқ, ҳеч нарсани тушунмайдиган қилиб кўрсатувчи шахслар  ҳақиқий  ақллиларга қараганда яхшироқ яшайдилар. Машҳур файласуф  Ж.Лабрюйер «Аҳмоқларнинг устунлиги ақлли одамлар устидан кулишдир»-деган эди. Бу фикрни тушунмаган бўлсангиз тушинтириб қўяй. Бир пайтлар бир «ақлли» менга айтган эди: “Носирвой нима қиласан аҳмоқ бўлиб, сиёсат билан шуғулланиб? Бизга ўхшаб, бизнесингни йўлга қўйиб, мазза қилиб юравермайсанми?» Ҳозир уни бизнесини ҳам оёғини осмондан қилишди. Ҳозир у ҳар куни ароқ сотадиган жойда кимларнингдир саҳоватини кутиб юрибди.

 

Мен «аҳмоқ» ҳам оч қолаётганим йўқ..Дарвоқе, мен ақлли инсонлар деганда ўз манфаати учун ҳар қандай тузумга ҳам мослашиб кетаверадиган шахсларни назарга тутганим йўқ. Мен ақлли инсон деганда, ҳар кандай шароитда ҳам миллатни манфаатидан келиб чиқиб иш қиладиган, сиёсий томондан чуқур фикрлай оладиган кишиларни назарда тутдим. Бундай инсонлар нодемократик малакатларда бемалол яшай олмайдилар. Ақлсиз, сиёсат деганда бир чўчиб тушадиган, фикрсиз кишилар эса  аксинча, демократик мамлакатларда яхши яшай олмайдилар. Яна гапимни бўлмоқчи бўлаяпсиз -а? Шошилмай туринг.Фикрингизни тушуниб турибман. “Ақлли” инсонларга нодемократик жамиятларда яшаш қийин бўлса, «Қачон демократик жамият қурилади деб юраверамизми? Ахир умримиз ўтиб кетяптику?» -демоқчисиз- а? Шундай жамиятда яшашни ҳохласангиз, бунинг учун ҳам  яна ақлни ишлатишга тўғри келади. “Қандай қилиб?”- демоқчимисиз? Буёғини ҳам айтиб қўйсам, сизга нима иш қолади? Сизлар учун ҳамма нарсани кимдир қилиб бериш керакда-а? Кечирасиз. Бундан кейин бундай бўлмайди. Буёғини ўзингиз фикрланг. Бўлмаса бир умр ботқоққа ботиб юраверасиз.

 

Носир Зокир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares