Ҳурматли ёзувчимиз Нусрат Раҳматнинг Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига ёзган, интернет нашрларида чиққан мурожаатномасини қўллаб қувватлайман! Ҳақиқатан ҳам ўзбек ва тожик халқлари икки тилда гаплашувчи бир миллатдир! Уларнинг юз тузилишидагина эмас, урф одатларида, меъморчилигида ўхшашликлар кўп. Уларнинг дини ҳам, имони ҳам бир. Бозори ҳам, мозори ҳам бир! Тожикистонда яшайдиган ўзбек, Ўзбекистонда яшайдиган тожикнинг тилинигина эмас, дилини ҳам тушинади… Ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар ва маданият ходимлари, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари, деҳқонлар ва ишчилар бу мурожаатга қўшилишлари, керак бўлса ўзлари ҳам шу хил очиқ хатлар ёзишлари, нусхаларини ўз ҳукумат раҳбарларига жўнатишлари лозим. Чунки, ҳар икки халқ ичида ҳам ҳар хил бўлмағур гапларни ёзиб, гапириб оми халқларни гиж гижлайдиганлар бор!
Бир хил одамлар, “подадан олдин чанг чиқарманг, ҳеч нарса бўлмайди”, деб ўзларини ва сизларни ҳам овутишлари мумкин! Аммо бундайларга ишонманг! 1989 йили Турк ва ўзбек биродарларнинг қони тўкилганда ҳам шундай дейишганди. 1990 йили Ўш, Ўзган фожиаси ҳақида зиёлилар бонг урганда ҳам шундай индамай туришганди… 2010 йил Ўш ва Жалолобод қирғинида ҳам индамай туришувди…
Нусрат Раҳматнинг очиқ хатига ўхшаган мурожаатларни кўплаб ёзайлик! Уларни ёзибгина қолмай, ҳар икки республикада чиқадиган нашрларда кўплаб чоп эттириб, Олий ва Ўрта таълим муассасаларида, мактабларда, деҳқонлар ва ишчилар орасида тарқатайлик, тушунтириш ишларини олиб борайлик! Токи бу ҳақиқатлар кар қулоқларга ва ақли ноқис кимсалар онгига ҳам бориб етсин! Акс ҳолда, Худо асрасин, одамларнинг уволига қолиш ҳеч гап эмас… Шунингдек, ҳар икки мамлакатда ҳам зудлик билан МИЛЛАТЧИЛИККА ҚАРШИ ҚОНУН қабул қилиш лозим. Кимки миллатчилик оловларини ёқмоқчи бўлса, шу қонун асосида жазолансин!



