Муҳтарам президентларимиз бўлмиш Ўзбекистон президенти Каримов И. А. ва Тожикистон президенти Эмомали Рахмон жаноблари дарҳол учрашишлари лозим. Улар халқларимизнинг тинчлиги, дўстлиги,ўзаро ҳурмати ва келажаги учун хафагарчиликларни унутиб, бир-бирига қўл бериши керак. Ҳозирги ҳолат шундай дўстона қадам қўйиш заруриятини тақозо этяпти. Уларнинг учрашувида ҳал қилиниши керак бўлган биринчи масала икки давлат ўртасида кетаётган ахборот урушини тўхтатишдир.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам ҳал қилиниши керак бўлган муҳим масалалар анча йиғилиб қолган.Роғун ГЭСи қурилиши муаммоси, виза тартибининг бекор қилиниши, чегараларни миналардан тозалаш, савдо-иқтисодий келишувлар, умрбод дўстлик ва бошқа масалалар ижобий ҳал қилинишини кутмоқда.Икки тараф ҳам суҳбатни бир-бирига турли бўҳтонлари қилиш ва мағзава ағдаришни тўхтатишдан бошлаш керак.
Тан олиш керакки, вазият жуда кескинлашган. Бизнинг Россиядаги меҳнат мухожирларимиз бир – бирлари билан ёқалашиш, ҳатто ўлдириш даражасигача етмоқдалар. Чегарачилар эса террористларни эмас, чегаранинг у тарафида турган қуролдош дўстларини нишонга олиб отмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси миллатлараро қон тўкилишининг энг ёмон белгиларидир. Шуни унутмаслик керакки, ўзбек ва тожикларнинг биродаркушлиги маълум доираларнинг манфаатларига мосдир.
Айтишларича, икки одам урушганида уларнинг ақллироғи айбдор бўларкан. Менинг фикримча, агар икки халқ уришса,барча айб шу халқнинг зиёлиларида бўлади. Демак, улар асрий дўстликни сақлаб қолиш учун қайғурмаган ва турли миллатчи – сафсатабозларга баҳона топиб берган. Агар қандайдир сафсатабоз бутун бир халқни ҳақоратласа ва биз бунга бармоқ орасидан қарасак, демак биз ҳар қандай иммунитетимизни йўқотиб, маънавий касаллика дучор бўлганмиз.
Шунинг учун ушбу республикаларнинг обрўли арбоблари: ёзувчилар, олимлар, санъаткорлар ўз давлат бошлиқларини бир стол атрофида ўтириб, музокара олиб боришига мажбур этишлари керак. Айнан улар, дўстлик биносининг мустаҳкамланишига ёрдам бериш ўрнига ғийбатлар билан шуғулланаётган ва шуни орқасидан ўзларига арзон обрў орттираётган шовинистларга мос жавоб бера олиш имкониятига эга. Ахир, бизнинг умумий аждодларимиз Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Имом ал – Бухорий, Хўжа Аҳрори Вали урушларни олдини олишган, биродаркушлик можароларига доимо қарши бўлишган. Ҳукмдорлар уларнинг фикрига қулоқ тутиб, улар билан ҳисоблашишган. Менинг фикримча бизнинг президентлар ҳам ақлли одамларнинг овозига қулоқ тутишади.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, бизнинг барча ташвишларимиз, харакатларимиз, бунёдкорликларимиз инсоннинг бир томчи қони олдида ҳеч нарса эмас. Агар биз янги жамият яратсак, баланд гидростанциялар, химия-нефт комбинатлари қурсак, лекин дўстлик биносини таъмирламасак бизнинг ҳаётимиз, бизнинг фаолиятимиз ўз маъносини йўқотади. Келажак авлодлар бизни бу нарса учун кечирмайди. Шуниси ачинарлики, интернет сайтларидаги бу ифлос ғийбатлар, бир- бирини ҳақоратлашлар изсиз ўтмайди. Аждодлари ҳозирги республикалар пайдо бўлишидан анча олдин шу ерларда яшаганига қарамай Тожикистондаги ўзбекнинг ва Ўзбекистондаги тожикнинг ҳаёти енгил эмас.
Ҳар иккала республикада тожиклаштириш ёки ўзбеклаштириш кетаётгани сир эмас.Агар Душанбеда қандайдир эзма Ўзбекистонни ғийбат қилса, бу ерда яшаётган тожикка шубҳа билан қаралади. Сен давлат билан эмас ўз хотининг билан ўз она тилингда гаплашаётган бўлсанг ҳам дўконларда,автобусларда давлат тилида гаплашишни талаб қиладиган миллатчилар пайдо бўлишди.( Паспортда “миллати” деган жой фақат бизда- Ўзбекистонда ва Тожикистонда қолган) Бизга ёмон ниятлар билан умумий тарихимизни тафтиш қилиш керак эмас.Буюк рус,ўзбек,тожик олимлари бизнинг тарихимиз тўғрисида бутун ҳақиқатни баён қилишга улгуришган. Ҳозирда ҳар қандай ҳудудий даъволар бизнинг дўстлигимиз ва барқарорлигимизга раҳнадир.Биз ягона давлатнинг фуқаролари эдик.Тарихий жараёнлар ҳозирча, ҳеч бўлмаса, маънан қайта бирлашишни талаб қилаяпти.
Роғун масаласида эса менинг ўз нуқтаи – назарим бор. Мен тўғоннинг баландлигини ҳеч бўлмаса 50 метрга камайтиришни таклиф қиламан.Тежалган пулларга яна битта кичикроқ ГЭС қурса бўлади деб ўйлайман. Ўзбекистондаги баъзи “олимлар” бу ГЭСнинг мақсадга номувофиқлигини ва хавфлилигини жуда бўрттираётганини тан олишга тўғри келади. Ҳатто вилоят,туман газеталарида, сатирик журналларда бу ГЭСнинг лойиҳасини саёз танқид қила бошлашди. Ҳолбуки, бу ГЭС Тошкентда лойиҳалаштирилган.Мен ГЭСнинг тагида улкан туз кони борлиги,у эриб кетиши ёки зилзиланинг маркази айнан Роғуннинг остида жойлашганини ёзаётган баъзи бир муаллифларнинг фикрига қўшилмайман. Умуман олганда,ҳар қандай сув иншоотининг яхши ва ёмон томонлари бор,аммо сув иншоотларсиз ҳам қийин.Қачонлардир, Тошкентнинг тепасида бутун бир денгиз қурилди.Каттақўрғон шаҳрининг тепасида ҳам улкан сув омбори қурилган.Бу иншоотлар юзасидан турли хил фикрлар айтилган, хавотирлар билдирилган,қизғин баҳслар бўлган.Ҳақиқатдан ҳам, тасаввур қилиб кўринг,агар дамбалар бузилса қандай фожеавий натижалар бўлиши мумкин.Худога шукр,улар мустаҳкам экан.Қозоғистонда ҳатто АЭС қуришмоқчи.
ЙТҲ натижасида йўлларда ҳар йили минглаб одамлар ҳалок бўлишади, аммо автомобилларни ишлаб чиқариш тўхтатамай ошиб бормоқда, чунки улар керак.Иккала қардош республика халқларининг келишувига биноан Роғун ГЭСи ҳам фойда келтириши керак.
Роғундан унча узоқ бўлмаган Нурек ГЭСининг лойиҳаси ҳам Тошкентда тайёрланган.Худога шукр,40 йил ўтган бўлса ҳам ҳеч қандай кўнгилсизлик бўлмади.Роғун нимаси билан Сарез табиий кўлидан хавфлироқ? Сарез кўли пайдо бўлганига 100 йилдан ошган бўлса ҳам, бу ерда бўлган саноқсиз зилзилалар натижасида унинг қирғоқларини мустаҳкамлаш зарурияти эндигина пайдо бўлди.
Ўзбеклар ва тожиклар тили бошқа бўлган бир миллат дейишади.Авваллари, ҳар соатда Самарқанддан Душанбега самолётлар учар эди.Ҳозир эса виза олиш ҳам катта муаммо.Бунга бир неча кун кетади.Авваллари бизнинг томонларга Тожикистоннинг машҳур ёзувчилари,артистлари келишарди.Бизлар ҳам нафақат Душанбе, балки Хўжанд,Қўрғон- тепадаги декадаларда иштирок этардик.Ҳозир эса,ҳатто қўнғироқ қилиш ҳам катта муаммо.Соғинч туйғулари ва муаммолар сон – саноғсиз.Мен халқларимиз орасидаги самимий дўстлик тарафдориман ва бу йўлда бошимни эгиб, Ислом Абдуғаниевич билан Эмомали Шариповичга ялинишим ҳам мумкин.Хафагарчиликларни унутиб,бир – бирига қўл узатиш учун улар барча нарса қилишади деб умид қиламан.



