
2011/12/3
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Бошқарув Ҳайъатининг жорий йилнинг 3 декабрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Мажлиси борасида
Шу йилнинг 4 декабрь куни “Бирдамлик”халқ ҳаракати Бошқарув Ҳайъатининг интернет тармоғининг скайп алоқаси ва телефон боғлануви воситасида навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис кун тартибида битта масала: Малоҳат Эшонқулованинг ҳаракат аъзоси Саодат Амоновани Ҳаракатнинг Матбуот марказига раҳбар этиб тайинлаш борасидаги тавсияси кўриб чиқилди. Муҳокама чоғида Баҳодир Чориев С. Амоновани кейинги бир-икки йил давомида хориж матбуотларидаги чиқишлари орқали танишлигини таъкидларкан, М. Эшонқулованинг тасвиясини тўла қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Ҳаракатнинг Бошқарув Ҳайъат аъзоси Дилором Исоқова “Сафимиз ёшлар ҳисобига кўпаяётганидан фақат хурсанд бўлишимиз керак. Тўғри, С. Амонова қатор йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида кўр-кўрона мамлакатда фаолият юритаётган барча журналистлар каби маддоҳликка зўр берди, жамиятдаги йўқ нарсани бор деб кўрсатишга уриниб келди. Ҳамма нарсанинг хотимаси бўлгани каби, бу ёлғонлар Саодатнинг ҳам буғизига келди. Унинг бундай кўзбуямачиликлар буҳронидан чиқиш йўлидаги кейинги уринишлари эътирофга лойиқ деб биламан. Ўйлайманки, С. Амонова Ҳаракатнинг Матбуот хизматини муваффақиятли олиб боради” дея таъкидлади. Шунингдек, Гулчеҳра Нуриллаева “Мен С. Амонованинг номзодини икки қўллаб тасдиқлайман ва унга тўлиқ ишонч билдираман” дея ўз розилигини баён этди.
Мажлис якунига кўра М. Эшонқулованинг С. Амоновани Ҳаракатнинг Матбуот котиби этиб тайинлаш борасидаги тавсиясига битта бетараф, битта қарши овоз берилди. С. Амонованинг номзодини маъқуллаганлар сонинг устунлигига асосланиб, Бошқарув Ҳайъати С. Амоновани “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот марказига раҳбар этиб тайинлаш юзасидан қарор қабул қилди:
Бошқарув Ҳайъатининг қарорига кўра С. Амонова “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати матбуот маркази раҳбари этиб тайинланди.
Шунингдек, Бошқарув Ҳайъат аъзолари С. Амонованинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар тилади.
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот маркази



