Ҳар йили қиш бошида бутун Узбекистондаги каби Хоразм воҳасида ҳам бензин автобиль ёқилғиси сифатида ишлатиладиган газ тақчиллиги юзага чиқади. Бу йил ҳам бир неча ҳафтадирки, шу муаммо автобиль ҳайдовочиларини ташвишга солмоқда. Давлатга қарашли автомобиль ёқилғи шаҳобчалари олдида турли маркадаги машиналар куни бўйи қатор тизилиб туради. Бу қаторлар километрларга чўзилади. Қанча-қанча инсонларнинг вақти шу навбатда бекор сарфланади. Ноқонуний савдода, яъни халқ тили билан айтсак, “қўлда” бензин ҳам, газ ҳам етарли, аммо анча қиммат.
Яқинда бир шаҳар таксисига минганимда таксичи ёқилғи тақчиллигидан сўз очиб, “Бутун куним бензин навбатида ўтди. Энди мана тундагина ишга чиқишга улгурдим. Навбатда туриш ишимизга жуда ҳалақит бераяпти. Натижада кира ҳақини оширишга мажбур бўламиз. Бундан йўловчилар норози бўлишади”, дея нолиди. Ҳақиқатан ҳам, ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ, жамиятда занжир реакцияси мавжуд. Бензин тақчилиги ҳам, ҳудди коммунал хизматлардаги ноқисликлар каби, нафақат таксилар, балки бошқа турли соҳалардаги ишларнинг кўнгилдагидек бажарилишига тўсқинлик қилади. Урганч шаҳридан ташқари барча жойларда йўналиш транспортлари кира ҳақини оширганини кўриш мумкин.
Навбатларнинг гувоҳлари, шунча машаққат билан олинган ёқилғи сифатсизлиги, айниқса, баллонга тўлдириб бериладиган газ ёқилғиси стандартларга мос эмаслигини таъкидлайдилар. Фалон километрга мўлжаллаб тўлдирилган баллондаги газ, машина шу километрларни босиб ўтмасданоқ, тугаб қолади. Автомобиль мойлаш материаллари ундан ҳам сифатсизроқ.
Айрим фуқаролар таъкидига кўра, автомобиль ёқилғиси тақчиллиги навбатдаги нархларни ошириш олдидан амалга оширилаётган ўзига хос тадбирдир. Маълумки, ҳар сафар пенсия ва ойлик маошлари оширилиши билан нархлар улардан ҳам ошиб кетади. Декабрь ойида маошлар ошади. Демак, ҳамма нарса қимматлайди. Автомобиль ёқилғисини ҳам арзон баҳода сотиб юбормаслик учун кам сарфлашмоқда, дейишмоқда автомобиль эгалари. Бундан ташқари, аҳоли орасида автомобиль сотиб олувчилар сони кўпайиб бораяпти. Айниқса, Россия ва Қозоғистон каби яқин хориж мамлакатларида оғир меҳнат эвазига доллар, евро, рубль ишлаб қайтганлар эндиликда тўй қилиш модасидан янги машина сотиб олиш модасига ўтиб олишган.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.




