“Биз ҳар йили пахта теримида далага чиқиб пахта терамиз” – дейди Пахтакор тумани 28 Самарқанд хўжалигида истиқомат қилаётган бир гуруҳ аёллар. Рўзғоримизнинг кам – кўстини, болаларимизнинг уст-бошини шу пахта терим пули билан оламиз. Бу йил ҳам маҳалладан пахтага чикдик.6 сентябрдан бошлаб З. Омонович раҳбарлигидаги фермер хўжалигига пахта тердик. Маҳалла, болалар боғчаси ходимлари, мактаб ўқувчилари, касалхона ва бошқа ташкилотлардан жами 800 киши шу фермер хўжалиги даласида пахта тердик. Терим кетаётган жойда шароит умуман йўқ. Чой, ичимлик суви, иссиқ – овқат ташкил қилинмаган. 800 теримчига битта тарози, иккита тележка қўйилди. Кундузги терган пахтамизни соат 12 дан сўнг тортиб олишди. Тушгача терган пахтамизни тарозидан ўтказгунимизча соат 15 дан ўтиб кетарди. Тушдан сўнг терган пахталаримизни соат 17 дан ўтгач тарозида торта бошлади. Тарозидан ўтказаётган пахтамизнинг килосини билишнинг умуман иложи бўлмади, чунки қоронғу тушиб қоларди. Ҳар этак пахтанинг килосидан 1-2 кило, баъзан ундан ҳам кўпроқ уриб колинди. Тортиб олган пахтанинг неча кило чиққанини сўраганларга ҳам айтишмайди. Теримчилар билан тарозибон ўртасида ҳар куни жанжал чиқарди. “Шундай тўс- тўполон билан тарозига тортаётганларида,- дейди Жамила – ўғлимнинг бир этак (20 кг чиқадиган) пахтани елкалатиб тарозига жўнатдим. Бир соатлар ўтгач ўғлим оғзи -бурни қон бўлиб олдимга келди. Нима бўлганлигини сўрадим. У тарозига пахтасини илганини, пахтани тортмай,олиб отиб юборганини, ўзини эса куч билан итариб юборганини, ерга юз тубан қаттиқ йиқилганини айтди”.
Болам азондан кечгача минг чаноққа минг эгилиб меҳнат қилиб, эвазига калтак еганини кўтара олмадим. «Нима учун 800 кишига битта тарози қўясан. Тердирадиган бўлсанг шароитингни тўғирлаб қўймайсанми. Нима учун боламнинг меҳнатини ерга отасан. Нимага ёш болани итарасан» – деб бақирдим ва аччиқ устида тарозибон Ваҳобни бир шаполоқ урдим. Буни кўриб турган фермер хўжалиги раҳбари теримчиларга қараб: “Йўқол ифлослар, мега бунақа моллар керак эмас. Чиқиб кет. Ҳохлаганинг тер, ҳохламасанг чиқиб кет. Терсанг 100 сўмдан пул тўлаяпман. Сенларга мен пахтамни териб бер демаганман”, – дея куракда турмайдиган сўзлар билан сўкиниб кетди. Ф/х раҳбари айб ўзидалигини била туриб теримчиларни ҳақоратлади.
-“Бу зўравон яхши биладики”, – алам билан гапини давом эттиради Жамила – “мен каби оддий аҳоли пахта терим мавсумини кутиб туради, чунки шу терим пули рўзғорининг кам – кўстини, болаларининг уст -бошини бутлаб олиши учун озгина бўлсада асқотади. Шу сабаб, шароит борми-йўқми, сув борми-йўқми, очми-тўқми қатъий назар, қийналса ҳам, урса ҳам, сўкса ҳам, ҳайдаса ҳам, камситса ҳам, пахта теришга, яъни пул ишлаб топишга мажбур. Уйга етиб келгунумизча соат 21 – 22 баъзан ундан ҳам кечроқ бўлади. Бунинг устига газ йўқ, ичимлик суви йўқ.. Августнинг охирида газимиз ҳам ўчган эди. Ичимлик суви йўқлигига эса 4 ой бўлди. Шунча азоб билан меҳнат қилиб ҳақорат ва миннат эшитганимиз алам қилди. Бу ўзибўларчиликка, ҳаққимизни тўғри берилмаётганлигига, ҳақорат қилиб камситишларга барҳам беришларини сўраб Самарканд КФЙ раиси Жияновга, хотин – қизлар қўмитаси раиси Г. Усмоновага, туман ҳокими Эргаш Солиевга мурожаат қилдик, бирок натижаси бўлмади. Хуллас, ҳеч ким бу фермернинг мушугини пишт деёлмади. Ҳаққимизни эса ҳам бўйидан ҳам энидан уриб қолаверди. Бу фермерга туманимизда сўзи ўтадиган топилмагач, вилоятда ҳам топилиши амримахол деб, 11 сентябрда (терим кизғин кетаётган пайтда) бу бедодликларга чек қўйилишини сўраб президент И. А. Каримов номига 15 теримчи имзо қўйиб, ариза ёздик ва ўзим призидент маҳкамасига олиб бориб, шу ерда ишловчи Эргашов Маҳкам исмли кишининг қўлига ўз қўлим билан бердим. У киши аризамизни ўқиб кўргач дарҳол туманимиз ҳокими Эргаш Солиевга телефон қилиб бундай номаъқулчиликларга барҳам беришини ва биз теримчиларнинг арзларига қулоқ солиб, барча талабларимизни ижобий ҳал қилиб беришини,иш ҳаққимизни тўғри берилишини таъминлашини тайинлади-да менга.: “Энди Сиз бориб туман ҳокимига учрашинг. Талабларингизни албатта ҳал килиб беради” – деди. Туман ҳокимининг қабулига 3 – 4 маратоба келдим. Қабулига киролмагач телефон рақамини олдимда телефон қилдим. Ҳоким бобомиз: «Бор Тошкентга. Сенинг муаммонгни ўшалар ҳал қилади» – дедида телефонини ўчириб қўйди. Ҳокимимиздан хафа бўлдик. Биз теримчилар умид билан президент маҳкамасига ёзган аризамизга жавоб кутдик. Ниҳоят жавоб олдик. Жавобда аризамизни кўриб чиқиш ва текшириб, натижасини бизга маълум қилиш учун Жиззах вилоят ҳокимлигига жўнатганлиги маълум қилинибди.
ЎР Вазирлар Маҳкамасининг қишлок ва сув хўжалиги, қишлок хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот- таҳлил департаменти шўъба мудири А. Равшанов томонидан 20 сентябрда имзолаган № 18-4-11/6376 жавоб хатини ҳам олдик. Мана пахта терим тугаб кетди ҳамки хамон вилоятдан жавоб йўқ.. Президент маҳкамасига қайта бориш учун иқтисодимиз етишмайди. Арзларимиз эса эътиборсиз қолишини Эргаш Солиев яхши билган шекилли, шу сабаб ҳам ҳеч тап-тортмай «додингни Тошкентга бориб айт» дегандир. Биз оддий аҳолининг дардини тинглайдиган, муаммоларимизни ечиб берадиган бирон жой бормикан? Миннатли нон оғир бўларкан.Бироқ иложимиз қанча” -деб умидсизланиб ҳикоясини тугатди Жамила.
Саида Қурбон.
Жиззах. Пахтакор тумани
17.11. 2011 йил