Қарши шаҳрининг “Кашпес” номли 3- микрорайонидаги уйларда электр энергияси ҳисоблагичлари алмаштирилмоқда. Ўтган йили барча ҳисоблагичлар подъездга мажбуран олиб чиқартирилган, буни истамаган одамлар электр энергиясиз қолган эди. Энди пластикли янги ҳисоблагичлар қўйилмоқда. Электр энергияси учун пулни шаҳар электр тармоғига бориб тўлаш керак. Бунинг учун эса эски шаҳарга бориш лозим,чунки бошқа жойда тўлай олмайсиз.
Агар сизнинг пластикингиздаги пул тугаса электр энергияси узилади ва сиз пластикка пул қўймагунизча электр энергияси бўлмайди. Пул ярим тунда тугаши мумкин ва сиз ҳеч қаерга боролмайсиз. Агар дам олиш ёки байрам куни пулингиз тугаб қолса иш кунини кутиш керак. Сиз унгача электр энергиясиз ўтиришингиз эса шаҳар электр тармоғидагиларни қизиқтирмайди. 3 – микрорайонда яшовчиларнинг орасида ногиронлар,ёлғиз одамлар бор. Ҳеч ким янги ҳисоблагичларни қўйишни истамаган эди ва ҳеч кимдан сўраб ўтирилмади. Янги ҳисоблагичларни қўйишга рози бўлмаганлар то рози бўлмагунча электр энергиясидан узиб қўйилди. Нега бу тажрибалар фақат 3 – микрорайонда яшовчилар устида ўтказилмоқда? Электр энергиясиз қийналаётган 3 – микрорайон аҳолисининг нима айби бор? Эски ҳисоблагичлардан қарзи борлар то қарзини узмагунча уларнинг пластикига пул қўйилмайди ва улар электр энергиясиз ўтиришибди.