Яқинда Тошкент шаҳар Олмазор (илгариги Собир раҳимов) тумани Қора Қамиш 2/5 даҳасига қарашли 17-уй, 76-хонадонда истиқомат қилувчи Раъно Ҳакимова билан шу уйнинг 89-хонадонида яшовчи қўшниси Саида Муҳаммедова ўртасида йўқ жойдан жанжал чиқди. Гап шундаки, ҳамиша подъез йўлакларини супириб-сидириб чиннидек қилиб қўядиган Раъно Ҳакимованинг меҳнатини қадрига етиш ўрнига Саида аксинча унинг жиғига тегиш учун йўлакларни атай тузғатиш билан машғул бўларди. 13 ноябрь куни одатдагидек подъезни супириш учун чиққан Раъно “домком” опага ҳасрат қилиб қолди: ““Домимиз”даги ҳамма тозаликка бирдек риоя қилса қани эди…”. Эшигидан секингина мўралаб, суҳбатдошларга “шипана”лик қилаётган Саида бирдан лов этиб ёниб кетди: “Ҳой, қишлоқи, менинг ғийбатимни қилаясанми?! Қашқадарёдан келиб сен менга озодаликдан дарс бермоқчимисан ҳали?! Кечагина қишлоғингда тупроқнинг чангини ялаб юргандинг! Бу ер сенинг Қашқадарёнг эмас, ўз юртингда қиласан хўжайинчиликни!!! Бу ерда гапинг ўтмайди сен келгиндининг!” дея чийиллади у овозига зўр бериб.
Кўп йиллик қўшнисининг феълини билган Раъно унга бас келиб бўлмаслигини биларди. Саида ўзи шунақа. Шаллақилик қилиб, “дом”да уришмаган одами қолмаган. Шу сабаб қўшниси билан тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмаган Раъно “Эй, сенга гапирган мен ахмоқ” дея ғўдранганча уйига кириб кетди. Р. Ҳакимованинг бу ҳатти-ҳаракати Саидага нопсандликдек туйилди. Ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилган С. Муҳаммедова баттар жазавага тушиб кетди: “Ҳой, қишлоқи келгинди, мен сенга гапираяпман. Қулоғинг карми? Нега беписанд қиласан одамни?! Ғуддайиб қолдингми ҳали? Ўзи ким бўпсан-а?!” дея бобиллаганча Раънонинг уйига бостириб кирди у. Саиданинг Тошкент Солиқ коллежида таҳсил оладиган ўғли Миромон Миравзалов ҳам кўп куттирмай кўмакка етиб келди: “Ая, шуми сизни менсимаётган?! Мен ҳозир унинг адабини бериб қўяман, ҳей сени….”. Мирвали оғизга олиб бўлмайдиган уятли, ҳақоратли сўзлар билан Р. Ҳакимовани болахонадор қилиб сўка кетди. Тарафкаши борлигидан илҳомланиб кетган Саида “Сангина кўчада юришингни ўйла, болаларингни тинчлигини ўйлагин, менга тозаликдан таълим бергунча. Ҳали сен менинг совунимга кир ювмабсан?” дея ўшқира кетди оғзи кўпириб. Бу ҳам камлик қилгандек, она-бола Раънонинг сочига ёпишишди. 23 йилдирки Қашқадарё вилоятидан келиб, пойтахт Тошкентда истиқомат қилаётган Раъно Ҳакимова кутилмаган бу ҳамладан довдираб қолди. Жанжал шу даражага бориб етдики, она-бола зўравонлар натижада Р. Ҳакимовани минг бир ҳақоратлар билан бир куйлакдан туширишга муваффақ бўлишди, роса “таъзирини” беришди. Кўмакка келган қўшнилар ўртага тушишмаганида, “ҳай, ҳай”лаб ажратиб қўйишмаганида, ким билади, охири нима билан тугарди бу машмашанинг. Бечора жабирдийдага жуда алам қилиб кетди. Ўкинишдан бошқа нима ҳам келарди қўлидан, нима ҳам қила оларди. Икки ўғли ҳали бола бўлса.
“ Эй, қашқадарёлик қишлоқи, мана кўрдингми, менинг ёнимда ҳимоячим бор, сенинг киминг бор?! Қани айтчи?! Сен қишлоқига ким тарафкашлик қилади?!” деди Саида кўксига уриб. Бу хўрликлар, калтак ва ҳақоратлар Раънонинг жон-жонидан ўтиб кетди. “Мени қонун ҳимоя қилади. Давлат бор, Хукумат бор, қонун бор!” деди Р. Ҳакимова титраб-қақшаб. Кейин гўшакни олиб “02” га қўнғироқ қилди. Эсиз, ўша пайтда ИИБ ходимларини чақирмаса, аламини ичига ютса бўларкан. “Мени қонун ҳимоя қилади” деб хомтама бўлмаганида, қонунга ишонмаганида бугунги кунда ҳуқуқбузар деган “унвон”га эга чиқиб ўтирмаган бўлармиди?!…
“02” ходимларидан кейин ҳовлиққанча етиб келган учатска нозири Рустам Раупов тимдалаб ташланган Раънонинг юз-кўзларини, бурда-бурда қилинган кўйлагини кўздан кечираркан, “Вой муттаҳамлар-ей, қўшничиликда шу даражага бориб етишдими? Сиқилманг, қонун танобини тортиб қўяди бу муштумзўрларнинг?” дея далда берган бўлди жабрдийдага. Қоғоз-қалам ишлари бошланди. “Домком” опа ҳам жабрдийдани ёқлаб кўрсатма берди. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Она-бола “чимпион”ларнинг чапак чалиб қолишига сал кам бир қадам олганди-я! Аммо ҳамма ишни содда жабрдийданинг уқувсизлиги чиппакка чиқарди. “Қўшнимнинг маҳаллийчиликка берилганини, мени Қашқадарёдан келган қишлоқи деб ҳақорат қилганини алоҳида қайд қилинг. Унинг фикрича менинг бу ерда яшашга, озодаликка эътибор қилишга ҳаққим йўқ эмиш. Қашқадарёга бориб, катталик қилишим мумкин эмиш” дея участка нозири Рустам Рауповга арз-ҳол қилган Р. Ҳакимова ўз тушунтириш хатида маҳаллийчилик иллатига урғу берди. Гап маҳаллийчилик мавзусига тақалганди, кутилмаганда участка нозирининг қошлари керилди: “Қишлоқи деса нима бўпти, Қашқадарёлик деса нима қипти? Қашқадарёликни қашқадарёлик демай нима дейди? Мана, мени ҳам нуқул тошкентлик, шаҳарлик дейишади. Шунга ёқа йиртишим керакми? Шу гапларни қўшиш шартми? Билиб қўйинг, қонунчилигимизда муҳаллийчиликка ҳеч қандай статья йўқ барибир. Бу гапларни қўшиб овора бўлманг” деди Рустам ака Раупов киноя билан. Жабрдийда ҳам участка нозирига итоат қилиб қўйса бўлмасмиди?! Йўқ-да, Раъно ўз билганидан қолмади. Тушунтириш хатини ўзи билганидек қилиб ёзди-ю, шу ондан эътиборан ишлар 360 градус чаппасига ўзгариб кетди. Ўша куни жароҳати безовта қилгани учун тез ёрдам чақиришга мажбур бўлган жабрланувчини шифокорлар шифохонага ётқизишни лозим топишганди. Бироқ ёш болаларининг қаровсиз қолишидан ташвишланган бемор касалхонага ётишдан бош тортишга мажбур бўлди. Оилавий поликлиника шифокорларига кўринишни лозим топди. Р. Ҳакимованинг соғлиғига зиён етказилган бўлишига қарамасдан участка нозири Рустам Раупов тошкентлик бўлгани учунми, билмадик ( у ёғи ёлғиз Худога аён, бандасига гумон. Муштумзўрлардан ҲАДЯ олгани учун эмасдир, ахир!), ҳарҳолда, жабрланувчини суд тиббий экспертизасидан ўтказишни турли сабаблар билан пайсалга сола бошлади. Оқибатда орадан уч кун ўтгач, жабрланувчининг сўров-қистови исканжасида қолган Р. Раупов ноилож унга суд тиббий экспертизасидан ўтиш учун йўлланма беришга мажбур бўлди. Бироқ ишлари бисёрлигини баҳона қилган участка нозири Р. Ҳакимовага ҳамроҳлик қилишдан бош тортди. Жабрланувчининг ёлғиз ўзи бориб мустақил равишда суд тиббий экспертизасидан ўтиб келишмга тўғри келди.
Ҳаш паш дегунча, яъни нақд 7 кундан кейин суд иши белгиланди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси Н. Аҳмедов раислигида бўлиб ўтган суд не ажабки, жабрланувчи Р. Ҳакимовани ЎзРесМЖтКнинг 52-моддаси, 2- қисмида, шунингдек, 41-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Ва яна суд “ҳуқуқбузар”га марҳамат ҳам кўрсатди. Яъни Р. Ҳакимованинг ёши, оилавий шароити ва “ўз қилмишидан пушаймонлиги”ни инобатга олган суд ЎзРес.МЖтКнинг 21-моддасини қўллаб, уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, огоҳлатришини лозим деб топди. Р. Ҳакимовага кўра, судда ҳатто унга сўз берилмаган. Суд тугаши билан участка нозири улардан “суд қарорини олдим” дейилган тилхатга имзо чектириб олган. “Энди қарорни беришса керак деб қўл қўйиб бердим, бироқ беришмади. Талаб қилгандим, участка нозири Р. Раупов суд қарори менинг хонамда, борсангиз, оласиз” деди. Мен ҳарон бўлиб, уйга қайтдим. 25 ноябрь куни суд эшиги олдида кун буйи қаровуллик қила-қила қарорни зўрға олдим. Ўқиб, лол қолдим. Шунчалик ҳам алдам-қалдам бўлиши мумкинми? Судда-я?!” дея ҳайратдан ёқа ушлайди Раъно Ҳакимова.
Иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, суднинг бу қарори бир ҳовуч уйдирмадан иборат бўлиб чиқди. Гап шундаки, Раъно қарйиб 13-14 йилдирки, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида муҳарри бўлиб фаолият юритади. Аммо суд қарорининг “аниқланди” қисмида “Ҳакимова Раъно Максимовна… 1970 йилда туғилган…. вақтинча ишсиз” дея зикр этилганига куясизми, куласизми? Мана шу ноаниқликнинг ўзиёқ жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан 2011 йил 21 ноябрда чиқарилган қарорининг ғарт ёлғондан иборат эканлигидан далолат эмасми? Йўқса, 13-14 йилдирки узлуксиз, яна қаерда марказий ТВда журналист бўлиб ишлаб келаётган аёлни ишсизга чиқаришган, қаттиқ “янглишган” бўлишармиди? Бир сўз билан айтганда бу ҳолат Ўзбекистонда судлар номигагина, хўжакўрсингагина ўтишининг исботи аслида. Судлар масаласи бу катта бир мавзу. Улкан бир жиддий масала, муаммо. Биз эса, келинг, мавзудан четга чиқмайлик-да, мақсадга қайтайлик. Раъно Ҳакимова маҳаллийчилик муммосига ўзи билиб-билмай “тегиб” қўйганди, нима бўлди? Ҳуқуқбузарга айлантирилди, ишсизга чиқариб қўйилди. Бу билан нима демоқчиман? Тўғри, биз гоҳо тан олишни истамаймиз, ёхуд билиб, билмасликка оламиз, ҳаммасидан кўз юмгимиз келади. Аммо шу нарса ҳақиқатки, биз ҳоҳлаймизми, йўқми, Ўзбекистонда маҳаллийчилик иллати мавжуд. Нима эмиш, “Тошкентга Водийдан, Сурҳон воҳасидан, Хоразм ўлкасидан, Самарқанду Бухородан келган “АВАТАР”лар ўз юртига кетсин, жўнасин, ўз ерида яшасин эмиш! “Пойтахтни келгиндилар босиб кетганмиш!” Бу каби гаплар фақат пойтахтдагина эмас, ҳар бир вилоятда бор десак, адашмаймиз. Масалан, Қашқадарёдан келиб Бухорода яшаётганлар, ишлаётганларга бухороликларнинг ёвқараш қилишлари ҳам ҳақиқат. Энг ёмони маҳаллийчилик дарди кун сайин катталашиб, оғирлашиб бормоқда. Зеро касални яширсанг, истимаси ошкор қилади дейишади, ахир.
Умуман олганда маҳаллийчилик нима? Унинг илдизи қаерда? Маҳаллийчилик касаллигининг пайдо бўлиш омиллари-чи? Маҳаллийчилик иллати Худони танимайдиган, калтафаҳм одамларда шаклланган бўлади, бизнингча шундай. Агар киши Яратганни билганида, Олам моҳиятини оз бўлса-да англаганида, англай олганида, биз инсонлар қайси миллатга мансублигимиздан, қаерда туғилиб-ўсганлигимиздан қатъий назар, ҳаммимиз ҳам Оллооҳнинг бандаси эканлигимизга ақли етган бўларди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи жиҳати шундаки, мен бу ҳақда илгари ҳам айтганман, яна такрорлайман, маҳаллийчилик бу миллатни миллат сифатида яксон этувчи, қириб, йўқ қилувчи вабо, ўлат. Худди мана шу маҳаллийчилик балоси натижасида миллатдошлар бир-бирининг этини ейди, ғажийди, қарабсизки, миллат ич- ичидан емрилади, таназзулга юз тутади. Нима деган гап бу? Шоир табири билан айтганда “Бўладиган элнинг боалари бир-бирини ботирим дейди, бўлмайдиган элнинг болалари бир-бирининг этини ейди” деганлари шумикин ё? Ана энди ўйлаб кўрайлик, модомики, бир тил, бир дин вакиллари бўлган миллатдошлар эзгу ишларни амалга ошириш ўрнига, маҳаллийчилик касаллиги касирида ўз миллатдошини камситса, хўрласа, оёғидан чалишга, юзтубан йиқитишга, “сен ўзга вилоятдан келган қишлоқисан, жўна” деб ҳайдашга, йўқ қилишга уринса, уринаверса, у ҳолда миллат миллат сифатида шаклланадими, шакллана оладими? Тараққиётга юз тутадими? Бу муаммонинг яна бир хафли жиҳатларидан бири шундаки, қани айтинг, бугун маҳаллийчилик қусури сабаб ўз миллатдошини она юртига сиғдирмаётганлар эртага Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ўзга миллат вакилларига ҳам “ташланиб” қолмайди деб ким кафолат беради? Бундай калтабинлар эртами-кечми йиллар, асрлар давомида Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган русларга Россияга бор демаслигига, тожикларни Тожигистонга қувмаслигига, Қозоқларни ҳайдамаслигига кафолат борми? Маҳаллийчилик касаллиги газак олмайди, маддаламайди, эрта-индин миллатчилик дардини келтириб чиқармайди деб айта оласизми? Худо кўрсатмасину, мабдо шу фожиа юз берса нима бўлади? Давлат парчаланиб кетмайдими, мамлакат чил-парчин бўлмайдими? Балки мен хато ўйлаётгандирман, ортиқча ваҳима қилаётгандирман… У ҳолда сиз айтинг, маҳаллийчиликнинг оқибати нима билан тугайди? Ҳар ҳолда яхшилик, эзгулик билан бўлмаса керак? Гапиринг, бир нарса денг? Йўқ, мен бир бир нарсадан қаттиқ хавотирдаман: бугун “аватар”лар, поъездга осилиб келган қишлоқилар вилоятига кетсин, пойтахни бўшатсин” деган ўй билан мияси, онги заҳарланган бу маҳаллийчилик касалига мубтало бўлган “азамат”лар, аҳвол шу зайилда давом этаверса, бир кун эмас-бир кун, Бош прокурор Р. Қодировни водийга, Ички ишлар Вазири Б. Матлюбовни Самарқанднинг “за линия”сига, энг ёмони Ўзбекистон президентини Регистонга бадарға қилишади-ку?! Ё ёлғонми?
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари