Саиджаҳон Равоний: ИСПАНИЯ ШЕЪРИЯТИДАН

Саиджаҳон Равоний

(эркин таржималар)

***

ГАРСИЛАСО де ла ВЕГА
(1503-1536)

***

ЛИРИК СОНЕТЛАР *

***

Измингизда сизнинг қолдим-ку мутлақ,

Нафасимни қисгай ахё сиртмоғи.

Қўймайсиз, нахот, хоҳ ўлишим чоғи

Бўлишимга бир оз шафқатга илҳақ?

 

Каерда санчилган, айтинг-чи алҳақ,

Асирнинг кўксига ғолиб пичоғи?

Мумкинму, омил ҳам жонни олмоғи,

Жон сақлаб юришга этган муваффақ?

 

Мисли дон тўкилур кўз ёшим тахир,

Мисли биёбонда тупроққа тақир,

Унса-да, унажак хосил заҳартам.

 

Лек ичдим аҳёни то сўнги захир,

Етар, кўп қийнаманг, сенйора, аҳир,

Осмон ўч олар-ку ўзингиздан ҳам.

***

Яшнаган атиргул қодир чоғида

Хадингиз фомига бўлгани қиёс,

Дилимга ўт қўйган кўзингиз чарос,

Сеҳру малоҳатда нодир чоғида,

Сочингизга хушбўй, қўнғир чоғида,

Елкангизда гулгун ёйилган қийғос,

Зар ипак қуёшда бўлганида мос,

Ки сиз – як мўжиза содир чоғида,

Баҳр олинг мевадан пишган хушгувор.

Чун ўтиб ҳар кўклам, ёғар ёмғир, қор,

Заринликлар йитиб, равзалар сўлур.

Наврасликму хушбар, жамолму дилдор,

Шиддатли йиллар тез айлагай нисор,

Таассуф-ки абад шундайин бўлур.

***

Тушкунликлар аро гоҳ яна умид,

Жилосида аслий бўлади зохир,

Ходиса лек бундай тез бўлиб охир,

Яна ғам-ташвишлар қолади собит.

 

Ҳаёт гирдобларин кескин ва шадид,

Бўлса-да гоҳ енгиш мислисиз оғир,

Бўрон ва селларга ҳам бор авохир,

Ва тиниқ кўкларда сочгай зиё шид.

 

Ки яна курашни давом этурман,  

Сиз томон борурман довонлар ошиб,

Машаққат, мусибат чексамда муфрит,

Қошингизга албат бир кун етурман,

Танда жон ила, ё куй бўлиб, жўшиб –

Таъкид-у, зиндон-у, ўлимларга зид.

***

Андижон

26 11 2011

 

*… сонетларни таржима қилишда рус тилидаги Владимир Резниченконинг таржималаридан ва аслларнинг электрон таржимасидан фойдаланилди.

СР

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares