Андиша

Ёдгор Обид

Хаёлий бир дунё қаърида қолдим

 Эсимни таниган чоғимдан буён.

 Жонимни қийнадим. Ўтларга солдим…

 … Ёш эдим. Қаридим. Тинмайман ҳамон.

Мурувват кутмадим. Таваккал қилдим,

 Келган балоларга урдим бошимни.

 Ўзим ўз бағримни бешафқат тилдим-

 Ҳечкимга кўрсатмай кўзда ёшимни…

Қараб туролмадим юртнинг ҳолига,

 Дўстларим сафига урдим ўзимни.

 Тақдирим отининг тўзғин ёлига-

 Эрк бердим. Интилдим. Қўшдим қўримни…

Баъзан шаҳдимиздан дарёлар ёнди,

 Баъзан юрт тўлғонди. Тўлғонди замон.

 Эл- элга айланди. Қалқди. Уйғонди.

 Гўё уфқ очилди. Очилди имкон…

Гоҳо ғолиб бўлдик, гоҳида мағлуб.

 Ҳарқалай курашдик. Қайтмадик ахир…

 Минг бора тирилдик. Минг бора ўлдик.

 Демак- биз яшадик дегали арзир…

Аммо бир андиша қийнайди кўксим,

 Ҳадикдан сесканиб кетаман баъзан…

 Ёвузга айланиб қолмасам ўзим-

 Курша- кураша ёвузлик билан…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares