ЎЗБЕКИСТОН: ҲУКУМАТНИНГ ЎЗИ ПОРАХЎРЛИККА ПОЙДЕВОР ҲОЗИРЛАГАН

Малоҳат Эшонқулова

Мен иқтисодчи эмасман, сиёсатчи ҳам. Шунчаки ўзбекнинг оддий бир аёлиман – тележурналист. Ўз касмиб тақозоси билан 20 йил давомида одамлар билан қилган суҳбатларим,  ҳаётий кузатувларим мени ҳамиша мамлакатда табора авж олиб бораётган  порахўрлик муаммоси хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришга, мушоҳада қилишга ундарди. Анчадан буён мана шу ҳақда бош қотираман. Аммо гарчи журналист бўлсам-да, бирор марта қўлимга қоғоз олиб мазкур муаммо борасида ёзишга журъатим етмасди. Йўқ, ҳукуматдан ҳайиққаним учун эмас, муаммони таҳлил қилишга савиям етармикин, “тишим ўтармикин” деган ҳадик чўчитарди.  Бугун ана шу каби истеҳолаларни бир четга суриб,  нечоғлик уддалай оламан, ёки йўқ, билмадим, барибир мақсадга киришдим.

Қараб турсам, мамлакатимизда кийим-кечак, озиқ овқат маҳсулотлари,  мажбурий тўловнинг барча турлари кундан кунга осмонга сакрагани-сакраган. Нарх-навога бўйлашолмай, қадди букилди бечора омманинг. Ойлик эса ўзингизга маълум, девонага  хайр қилинган эҳсон каби. Негалигини биласизми? Йўқми? Унда бир ҳақиқатни мана, мен айтай сизга: Ўзбекистон ҳукумати ишчи-ходимларнинг яшашлари, турмуш тарзи. фаровонлиги учун эмас, ишга бориб-келишлари-ю тушлик қилишлари учунгина ойлик маоши тўлайди, холос. Ишонмайсизми? Унда  келинг, хомчўт қилиб бера қолай:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида катта муҳаррир бўлиб ишлайдиган аксарият ҳамкасбларим  бир ойда 280-300 минг сўм маош олишади. Кейин суриштириб билсам, мана-ман деган судья-ю прокурорларнинг ойлиги ҳам 500 минг  сўмга бормаскан.

Ана энди, катта кетмонни кўтариб ер билан тиллашаётган, саратон тиғида пахта чопаётган, эл боқаётган деҳқонларга тўланадиган ҳақни, шўрликларнинг моддий манфаатдорлигини бир четга қўя турайлик-да, халқнинг зиёли қатлами – ҳамкасбларимнинг ҳаёти мисолида ойлик маоши ҳисобига яшаш машаққатини бии-и-и-ир чўтга солиб кўрайлик.

Тошкентнинг қоқ киндигида жойлашган ҳашаматли ТВга келиш учун аксарият ходимлар бир эмас, иккита жамоат транспортига “осили-ииб” келишига тўғри келади. (Такси ҳақида гапириб, ҳечам  оғзингизни оғритманг,  уларнинг ишга таксида боришига ҳали юзта қовун пишиғи бор!).

Эрталаб кеч қолмаслик учун туртиниб-суртиниб, шошилганча, жамоат транспортида 600 сўм+ 600 сўм  =  1200 сўмга ( иккита автобусга ўтириб боради ахир!)  ишга зўрға етиб олади. Қайтишига яна шунча харажат: Йўл киронинг ўзига 2400 сўм. Бир кунлик танспорт ҳаражатига кетган маблағни бир ойга, йўқ, якшанба – дам олиш кунини чиқариб ташлаймиз-да,  26 иш кунига кўпайтириб кўрамиз: кам эмас, кўп эмас, нақд 62 минг 400 сумнинг ўзи  мошин кирога кетиб турибди-да!

Рамозон ойи келса, ҳамкасбларим роса хурсанд бўлишади. Қани эди йил ўн икки ой рўза бўлса деб орзу ҳам қилишади ҳатто. Бу уларнинг азборойи исломий эканлигидан деб ўйлайсизми? Йўқ-да! Гап бошқа жойда.  Чунки ҳамкасбларим рўза баҳонаи сабаб,  бир ой давомида ишхонада тушлик қилиш муаммосидан қутилиб қолишади. Аслида-ку, бўш қоп тик турармиди? Радиацияда тер тўкаётган радио ва тележурналистлар ҳам коллорияли таомлардан тановул қилиб олса, заён бўлмайди. Буни ўзлари ҳам исташади. Бироқ ишхонада ҳар куни тушлик қилишга чўнтак чидармиди? ТВ ошхонасининг ярим косагина ош палов ёки шўрваси билан нафсига насиҳат бериб қўйишни ихтиёр қилган одам нону чойи билан йўқ деганда  4  минг,  4500  сўм чойчақаси  билан “видолашади”. Тушлик учун ўлдим деганда сарфланадиган 4500 сўм  кўпайтирув 26  иш куни, баробар 117 минг, ёки  математика тилида ифода қиладиган бўлсак: 4500 Х 26 =  117000.

Дарвоқе, бир ходим бир ойда қанча маош оларди ўзи? 280 минг сўмми? У ҳолда ходимнинг  ойлик  мошидан ишга бориб келиш учун бир ой давомида кетадиган йўл харажатини, шунингдек, 26 иш куни давомида тушликка кетган  чиқимни айрамиз-да!

280.000 – 62400 – 117000 = 100600  –  Бу дегани бир ойлик меҳнати учун берилаётган  маошидан  100 минг сўмдан нари бери маблағ ходимнинг ҳамёнига қоларакан. Хўш, ана энди ҳисоб-китоб қилиб кўрайликчи, уч  болали  айтайлик, тележурналист, ( майлида, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, барибир барча касб эгалари, ишчи-хизматчиларнинг маоши шу. Кам бўлса бор, аммо бошқа касб эгаларининг моши тележурналистнинг ойлигидан  кўп эмас) бир ой деганда  ҳамёнида қолаётган  соф фойда – 100.000 ( юз минг ) сўмга оиласи учун нималар харид қилиши мумкин экан?  Айтайлик, шу кеча кундузда 1 кг ун 2000 сўм, 1 литр писта ёғи 5500 сўм, 1 килограмм шакар 4200,  1 клограмм сариёғ 15000 сўм, 1 литр сут 1500 сўм, 1 кило гўшт 15000 сўм, бир дона тухум 350 сўмдан  10 таси  – 3500 сўм, 1 кг картошка 700, 1 кг сабзи – 1000, 1 кг шолғом – 700, 1 кг пиёз -1000, 1 кг гуруч – 3000, 1 кг гричка 9000 сўм бўлиб турган бир пайтда  бор йўғи 100 минг сўмга олма-ю анор, пистаю бодом, турли ширинлигу пишириқлар харидини орзу  қилишнинг ўзи хомхаёлликдан бошқа нарса эмас. Чунки юқорида санаб ўтилган озиқ-оқат маҳсулотларнинг ўзи 60 минг сўмнинг тагига бориб ўтирибди. Аммо дейлик, бир оилада ўртача 4 жон  истиқомат қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, 1 килограм писта ёғи бутун бир оиланинг бир ой давомида қозон қайнатишга етмаса кераг-ов. Ёинки оила аъзолари  30 кун давомида бор йўғи 1 литр сут ичмайди-ку? Ҳали биз бор йўғи 10 дона тухумнинг нархини хомчўт қилдик. 10 тагина тухумни тўрт киши бир ой танаввул қилмайди-ку? Бутун бир оила аъзолари бир ой давомида 1 кило гўшт емайди-ку?  Сабзавотларнинг 1 килоси ҳам бир ойга етмайди.  Шаҳардаги кўпқаватли хонадонларда тандирга нон ёпишнинг имкони йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, ҳар куни йўқ деганда   2  та “буханка” нон  олишга тўғри келади : 500 сўмдан =  100 сўм. Қарабсизки, нақд 30 минг сўмнинг ўзи бир ойда нонга кетиб турибди-да!  Гапнинг индаллосини айтганда, ойлик маоши бир оиланинг кундалик озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни ҳам қопламайди, ҳатто. Ҳали бу ёқда болалар бор. Уларнинг орзу ҳаваслари бор. Кун сайин бўй чўзиб бораётган болаларнинг ташвиши, кийиши, ейиши, ичиши ҳам каттармайдими, орзу-ҳавасларичи? Фарзандлар мактабга бормайдими, китоб-қалам харид қилмайдими? Мактабга отланган қизи ё ўғли қўлига отаман-онаман дегани овқат пули учун тўрт танга тутмайдими, тутолмайдими? Иссиқ жоннинг истимаси бор деганларидек, дори-дармон  керак бўлмайдими? Хўш, тирикчиликнинг  бу ёғи нима бўлади?  Нима қилиш керак унда? Омманинг бу афгор ҳолидан, ночорлигидан  Хукумат бехабарми? Билмайдими? Ҳисоб-китоб қилмайдими? Элни ўйламайдими? Хукуматнинг нима қилгани, нима дегани бу? Биласизми? Бу ёғига ўзингни ўққа ур, чўққа ур, бирингни ўясанми, бирингни сўясанми, йўлини қидир, тирикчилигингни қил деганими бу?! Пора талаб қиласанми, ҳадя оласанми, тўрт томонинг қибла, билганингни қил, мудом очдан ўлмасанг, оёққа турмасанг, қорин ғамидан бошқасини билмасанг, ўйламасанг бўлгани деганидир-да бу!!!

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares