
Ёдгор Обид
Фақат ҳақиқатни айтгани ва ёзгани учунгина ҳибсга олиниб, ҳозир Ўзбекистон қамлқҳоналаридан бирида азоб чекиб ётган ҳассос шоир ва истеъдодли журналист Дилмурод Саййид тақдирини ўйлаб ёзилган шеър.
1.
Дийдам қаттиқ эмас. Мен ҳам тирик жон.
Ўкириб йиғлагим келар. Илож йўқ.
… Аламлар бўғзимни бўғади ёмон,
Кўзимда- нафрат бор. Аммо кўзёш йўқ.
2.
Ҳақиқат бор дедим. Изладим уни.
Адолат ахтардим. Топмадим охир…
Эзгу орзуларнинг бўлдим тутқуни,
Қўлларим- кишанда. Эзилган бағир.
3.
Ёвузлик тиғига санчилди хаёл,
Қаноти- қонланди. Қаноти синди.
Фақат умид қолди. Умид- безавол…
Эътиқод этагин тутди. Юкинди.
4.
Яна қанотланди. Юксалди. Кетди-
Қиличнинг тиғидек ўткир ва ҳассос.
Аламли, ғазабли ҳолига етди…
Сийрати- сўз эмас. У энди- қасос.
5.
Гарчи бор- йўғимдан бўлдим мосуво,
Кишанда, қафасда пажмурда вужуд-
Умидим- эркиндир. Умидим – наво…
Самовий руҳ каби билмайди ҳудуд.
6.
Қотиллар, қалтироқ қўлингиз билан-
Ҳақ сўзнинг бўйнига тортасиз арқон….
Беҳуда уринманг. У жуда баланд,
У-энди имкондир. У- энди- замон.
#