2011 –йил 12-18-сентябр кунлари қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш компанияси бошланган эди. Бу компания пайти 1дан 14 ёшгача бўлган ҳар бир бола бепул эмланиши ҳақида Ўзбекистон бўйича хитоб янгради.
Ва ушбу хитоб рангли суратлар билан бахтиёр она ва бола тимсолида реклама қилиниб эмлаш бепуллиги ҳақида брашюралар, ҳар бир болага туман поликлиникалари тамонидан тарқатилди. Ҳар бир мактаб ўқувчисидан олган брашюраси учун имзо қўйдиришни унутишмади.
Қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида умумтаьлим мактабларида лицейларда ҳамда мактабгача тарбия муассасаларида амалга оширилди.
Эмлаш 2011-йил 12-сентябрдан 18- сентябргача давом этди. Брашюрада қизамиқ ва қизилчага қарши вакцина хавфсиз ва самарали эканлиги тўғрисида ёзилган. Вакцина Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг сертификатларига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган. Брашюрада вакцина хавфсиз, эмлаш бепуллиги ҳақида алоҳида ёзиб қўйилган.
Аммо Жиззах вилояти бўйича ушбу эмлаш жараёнида ҳар бир эмланган бола учун 200 сўмдан (шприц учун деб) пул йиғиб олинди…
Фарзандининг соғлиги учун ҳар бир ота она айтилган икки юз сўмни ҳеч иккиланмасдан беришди. Аммо, шунча қиммат вакцинага пули етган Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг наҳотки арзимаган, ҳатто Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариладиган шприцга пули етмаган бўлса? Нахотки вакцинасини бепул берган мутасаддилар шприцга пул беришмаган? Буниси энди шубҳали ва ажабланарли. Туман поликлиника бош шифокорлари компанияни ерга уришиб, шу жойдан ҳам ўз «улуш»ларини олишган бўлишсачи?..
Ҳисоблаб кўрсангиз ҳар бир туманда бир ёшдан ўн турт ёшгача бўлган минглаб, ҳатто ўн минглаб (вилоят бўйича юз минглаб, Республика бўйича эса миллионлаб) фарзандларимиз бор. Тома-тома кўл бўлар, дейди халқимиз, аммо бола-чақанинг ризқи бўлган бу «кўл» ҳалол «сув»дан пайдо бўлиши лозим эмасми?
Г.Бердиева.
Жиззах