БЕНЗИН КАМЁБУ, БИРОҚ ЧАЙҚОВЧИЛАРДА СЕРОБ

Кейинги йилларда ҳар пахта йиғим-терим мавсуми бошланиши билан, яъни сентябрдан то у ёғи янги йил арафасига қадар Ўбекистоннинг барча вилоятларида автобмабил ёқилғиси – бензин танқислиги кузатиларди. Автомабилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари тақатақ ёпилар, натижада бензин олиб сотарларнинг бозори чаққон бўлиб қоларди. Давлат нархи 1600 сўмдан нари-бери бўлган 1 литр бензин нархи қўлда 3 минг сўмга чиқиб кетарди. У ҳам пиёдага йўқ, отлиққа зўрға топиларди. Бу йилги пахта мавсумида ҳам шу ҳол такрорланди, хабарингиз бўлса керак. Қатор йиллардан буён кузатилаётган  бензин танқислигини аҳоли пахта йиғим-терими билан боғлашга одатланган. Нима эмиш, “минг қўйли бойдек машинада гердайиииб ўтирадиган ҳайдовчилар қатнови камайса, аҳолининг кўчага чиқиши сийраклашармиш. Пахта теримини қўйиб ҳали касалхонага, ҳали аммаси-ю холасиникига, қўйингчи, бозор учарга чопадиганларнинг оёғи тийилармиш. Машина қатнови кам бўлса, одамлар кўнглини бўлмай, тинчгина пахтасини терармиш. Шунда пахта “план”и тезроқ тўлармиш. Айтишларича, кўчада ҳуда-беҳуда юрадиагн одамлар оқимини камайтириш мақсадида ҳар йили ҳукуматнинг ўзи сунъий равишда бензин камёблигини келтириб чиқарармиш”.  Одамлар оғзида юрган бу гаплар ҳақиқтага нечоғлиқ яқин, ёки йўқ, билмадиму, аммо мана, уч кундирки, негадир ҳатто пойтахт – Тошкентда ҳам бензин тақчиллиги юзага келди. Қай бир автобабилларга ёқилғи қўйиш шаҳобчасига – АЁҚШ га борманг, охири кўринмайдиган тарнспорт навбатига гувоҳ бўласиз. Бир неча кундирки ҳайдовчилар  ёқилғи харид қилиш  учун 3-4 соатлаб навбатда туришга мажбур бўлишмоқда.  Гарчи пахта йиғим-терим мавсуми тугуган бўлса-да,  бензин учун бўлаётган бу каби турнақатор навбатлар кишини ўйга толдиради. Демакки, ҳукуматнинг ўзи сунъий равишда автобмабил ёқилғиси тақчиллигини келтириб чиқармаётган экан-да?  Бундан чиқди табиий газ, электр энергияси каби бензин ҳам  Ўзбекистонда топилмас матоҳ бўлаётир, шундайми? У ҳолда 1 литри нақд 3 минг сумга сотилаётган автомабиль ёқилғисини чайқовчилар қаердан олаётир? 

  Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон  бўлими

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares