Гапнинг очиғи, ҳадеб бир гапни такрорлайвериш нафақат ўзгаларга, ҳатто қаламкашнинг ўзига ҳам эриш туюлади, ишонинг. Ўйлашимча, бу ҳолатдан журналистман деганининг бари истеъҳола қилса, мулзам бўлса керак. Бироқ, она юртимиз Ўзбекитсонда ёзу-қиш, йил ўн икки ой мазлум халқ олдида ҳамиша бир муаммо кундаланг бўлса, биз шўрлик журналистлар не қилайлик? Яна, яна ва яна табиий газ, яна электр энергияси тақчиллиги, йўқ, адашдим, тақчиллиги эмас, мутлақ йўқлиги десам, тўғрироқ бўлади.
Куни кеча Фарғона вилоятининг Қува туманидан хабар келди. Ўз исмини сир тутишимни сўраган суҳбатдошим “Эй, Қурбон ҳайитида онамни қутлаш учун Қувага бориб, шурим қуриди. На свет бор, на газ. Печкага ўтин қалай деса, кўмирнинг ҳам нархи осмонда. Ғўзапоя эса камёб. Совуқдан қотай дедим. Телефонимнинг ҳам қуввати ўчиб қолди ҳатто. “Зарядка”га қўяй десам, ток йўқ. Ғирт жаҳаннамнинг ўзи. Яхшиямки эсимнинг борида шаҳарга келиб, ўрнашиб қолган эканман. Йўқса, бу дунёнинг дузахида куйиб кул бўларканман. Икки кунга зўрға дош бердим. Охийри, қочиб қутилдим-ей, шу қишлоқдан. Нимага шу азоблар ҳақида ёзмайсизлар?”, дея ҳасрат қилиб қолди куйиб-ёниб. Унинг ҳовурига бир тўйнинг оши пишгудек. “Оҳ, опам-а, газу свет йўқлигини ёзавериб, ёзавериб, сийқасиниям чиқариб юбордик-ку, бу мавзунинг, биз, журналистлар” деган ўй ўйиб ўтди кўнглимни… Аммо жиддийроқ мулоҳаза қилиб кўрсам, оғир дала меҳнатидан елкаси яғир бўлган деҳқонлар, чарводору ғаллакорлар, қўйингчи, мамлакатимиздаги мавжуд қишлоқнинг тоқатлари тоғ аҳолиси токи электр токисиз, табиий газсиз, ит азобида кун кўрар экан, биз журналистлар юртдошларимизнинг оғир ҳаётини ёритишга масъулмиз, халқ дардини айтишга мажбурмиз.
Маълум бўлишича, кейинги 10 йил давомида нафақат Қува туманида, балки Фарғона вилоятининг барча қишлоқларида газ босими кескин пасайиб кетган. Бугунги кунга келиб эса, чой қайнатишга ҳам қурби етмай қолган табиий газни бутунлай узиб қўяқолишган. Бунинг оқибатида табиий газ келмаганлиги сабаб, ишбилармон аҳоли бекор туриб қолган газ қувурларидан унумли фойдаланиш усулини ўйлаб топишган. Бекорчи қувирларни шартта кесиб, ҳовлисидаги серҳосил токларини тиклаш учун войиш ясайшган. Ҳа-да, то одамларнинг уйигадовур бу газ қувирлари текин тортилган дейсизми? Бечора халқ бу савил учун бир пайтлар умид билан бир дунё пул сарфлашган, ахир. Чиқим қилиб келтирилган қувурлар корига ярамаганидан кейин, кераксиз буюмдек бекор турсинми? Лоақал ток танасини тик тутиб туришга асқотсин-да ахир.
Ҳааа, бу ҳукумат деганлариям анойи эмас экан-да. Киприк қоқмай ҳам энидан, ҳам бўйидан уради денг. Яна нима гап дейсизми? Ҳўп, хўп, табиий газ йўқ экан, кўнмай иложи қанча, ота-бобоси танчада умргузорлик қилган ўзбек бир илож қилиб кунини кўради, муз қотиб ўлмайди. Бироқ ўлганнинг устига тепган деганларидек, камига электр энергиясидан ҳам қисганларига нима дейсиз? Бир кунда 2-3 соатгина электр токи берилармиш. Тушунмадим, бу каби нағмалари билан ҳукумат ҳали қишлоқ кишиларининг асабларини обдон эговлашга бел боғлаган кўринади. Йўқ, мен тушунмадим, ёхуд бу ерда бошқа бир гап борми? Қизиллар тузумининг, Совет империясининг барча “мазлама-ю сунсулалари”дан, жамики ақидаларидан воз кечишга енг шимарган мустақил мамлакат раҳбарлари “Ильич чироғи”дан ҳам юз ўгиришни ихтиёр этганми дейман, нима бало?! Халқни қийнаб, нурни пуллаб, киссани қаппайтириш қачонгача? Бундан мамлакат бойирмикин? “Эл соғлиги – юрт бойлиги” дейишарди, адашмасам. Халқнинг соғлиғига соя солиш эвазига топилган давлат, молу дунё кимга керак, ни мага керак? Касалманд элгами? Ёки КАЗОларнинг “кармони”гами? “Ҳой, ноинсофлар-ай, сизу бизни пешона тери билан боқаётган қишлоқнинг оқкўнгил одамларида нима гуноҳ? Уларнинг бор айби тоғдай тоқатими? Минг бир андишали ўзбекнинг шукуроналик туйғусига, сабру-бардошига шуми жавоб? Мукофотми бу азоблар?!!!, дея хитоб қилгинг, айбдорнинг ёқасидан тутгинг келади, гоҳо…
Минг афсуски, Самарқанду Бухорода аҳвол будан-да аянчли.
– Беш йилрики, қишлоққа бир грамм ҳам газ келган эмас. Шундай бўлса-да газ идораси менинг бўйнимга 300 минг сўмлик қарздорлик ёзиб қўйибди. Тепа сочим тикка бўлиб кетди. Газ ёқмаган бўлсам, нега тўлашим керак экан, тўламайман, деб тўпалон кўтарсам, газ идораси ходими “Ука, ҳақиқтадан ҳам газ ёқмаганлигингизга қани исбот? Яхши, қишлоққа беш йилирики газ келмаётган экан, нега у ҳолда газ турбаларини кесдириб ташламагансиз?”, дейди. “Шуми муддаоларинг? Шу билан кўнгилларинг тўладиган бўлса, кесганим бўлсин”, дедим-да, қувирларни шартта-шартта кесиб ташладим. Маҳалла оқсоқоллари ва газ идоралари ходимлари биргаликда АКТ тузишди. Шу-шу газ тўловларидан қутилиб қолганман, – дейди Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида истиқомат қилувчи Баҳодир Бердиев хурсандлигини яширмай.
– Биз бир нарсага ҳайронмиз-да, – деб гап бошлайди Оқдарё туман марказий шифохонаси ҳамшираси Феруза, – Бир куннда 3 соат свет ё берилади, ё берилмайди. Шунга қарамай, ҳар бир хонадонга 200-300 минг сўм миқдорида светдан қарздорлик ҳақида қоғоз келади. Агар ишонсангиз, ҳозир тумандаги барча шифокорларга раҳбарият томонидан мажбурият юклатилган: Электр тармоқларининг ҳисоб рақамига ўтказиш учун ҳар ой ҳар бир ходимнинг ойлик маошидан 30 минг сўм мажбурий тарзда ушлаб қолинади. Бизнинг уйда электр токи учун отам ва онам мунтазам ҳақ тўлаб келишади. Бироқ менинг маошимдан ҳам мажбурман ушлашади. Кўп ойлик олсам, кошки. Бор йўғи 120 минг сўм пул оламан бир ойда. Энди бунга куласизми, куясизми? Бу ўтда ҳўлу қуруқ баробар ёниб ётибди.
– Бу ҳолат биргина шифохоналарда эмас. Биз – мактаб ўқитувчиларининг бошида ҳам шу ташвиш. Уйидаги электр ҳисоблагичи айланганми, йўқми, қанча пул ишлаганидан қатъий назар туман мактабларидаги барча ўқитувчилар ойликларидан электр токи учун белгиланган сўммани тўлаши шарт. Эшитишимча, туманимизнинг электр энергиясидан жуда катта қарздорлиги бормиш. Шуни қоплаш ҳаракатида ҳоким тумнадаги жамики ташкилот раҳбарларига шундай топшириқ қилганмиш, – суҳбатга қўшилади Фарида опа.
Ҳа, яна бир гап. Гарчи йиллар давомида табиий газнинг ўзи бир учқун ҳам бўлмаса-да, газ идораси ходимлари қарздорлик ҳақидаги қоғозларини кўтариб келавериб, аҳолини қонига ташна қилиб юборганлиги учун ҳатто Оқдарё туманидаги Найманча қишлоғида яшовчи маҳалла фаоли Абди ака шундоққина қишлоққа кираверишдаги, йўл бошидаги газ қувирини “газовик” чақириб, уздириб ташлади-ю, қишлоқ аҳолиси емаган сомсасига пул тўлаш балосидан қутилди-қўйди. Ташвишли томони шундаки, табиий газм муамоси яқин кунларда шаҳарлик аҳоли ҳаётига ҳам соя соладиганга ўхшайди. Акс ҳолда тепадан бўлган енг учидаги кўрсатмага асосан шаҳарлардаги, ҳатто пойтахт Тошкнетдаги нонвойхоналарда жиддий тафтиш ўтказилмаган бўларди. Гап шундаки, шаҳардаги кўмир, ёки ўтинда маҳсулот тайёрлайдиган нонвойларнинггина нонвойхоналари омон қолди. Нонини табиий газ билан қизартиришга мосланган нонвойларнинг тирикчилиги касод бўлди. Нонвойхоналари ёпиб ташланди. Нонвойлар ўртасидаги узуқ юлуқ гапларга қараганда бу ҳолатга мамлакатдаги табиий газ тақчиллиги, газ босимининг кескин пасайиб кетиши асосий сабаб бўлган. Натижада, икки ўртада яна халқ жабр кўрди. Аксарият нонвойхоналарнинг ёпиб қўйилганлиги бозорлардаги нон нархининг қимматлашувига олиб келганди-да.
Бухородан Уралгача газ бериб,
Ҳозиргача тезак ёққан…. ЎЗБЕГИМ!
Бардам бўлинг! Илоҳим, қиш қахридан беталофат чиқинг. Яратганнинг ўзи сизга сабру тоқат, бардош берсин, юртдошлар. Эҳ, азизларим-а, сизларни электр энергияси-ю, табиий газ билан таъминлаш, аланга ва нур улашиш қўлимдан келмаганидан кейин, бошқа нима ҳам дей ахир….
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг Ўзбекитсон бўлими раҳбари