« Бирлик » Халқ харакати асосчиларидан бири, бетакрор ҳофиз ва шоир, толмас курашчи – Дадахон Ҳасан 11 ноябрда 70 ёшга тўлади. Одамлар, шу жумладан, шоир ва адиблар бор, туғилишининг. исми шарифининг оиласидагилардан бошқа ҳеч кимга қизиғи йўқ! Аммо Дадахон Ҳасаннинг (шу жумладан мухолифатдаги қатор дўстларимизнинг) туғилган куни, исми шарифи халқимиз тилида достон бўлади, фахр ва ифтиҳорга айланади. Чунки, Дадахон Ҳасанлар халққа бирон таъма илинжида эмас, чин дилдан, мардона ва жасурона хизмат қилишган ва хизмат қилишмоқда!..
Дадахон Ҳасаннинг туғилган куни (11 ноябрь)яна шу учун ҳам тарихий кунки, биринчидан, унинг уйида 1988 йили «Бирлик» халқ ҳаракатига асос солинган. Иккинчидан, у ўзи ўзининг қайтарилмас истеъдоди, жўшқин ва мардона овози, шеърлари ва ижтимоий ишлари билан халқимизга беминнат хизмат қилмоқда!
Дўстларимиздан бири ҳам ёзганидек, Дадахон Хасан ижодий фаолиятининг илдизлари Туркистон пири Ахмад Яссавий йўлига, унинг қутлуғ шеъриятига бориб уланади. Жахон маданияти, мусиқа санъати тарихида жуда кўп улуғ бахшилар, шоирлар ўтган. Турк дунёсининг Юнус Эмро, Воқиф, Ошиқ Умар, Махтумқули, Машраб , Мулло НАфас, Бердақ, Аваз Ўтар, Турди Фароғий, , Гулханий, Тўхтағул, Худоберди Бахши, Эмин Юртақул, Нихол Отсиз , Чўлпон, Тавалло, Абдулла Авлоний, Хамза, Абдулла Тўқай, Мағжон каби халқнинг фарёдига айланган, такрорланмас, халқ-овоз, шоир санъаткорлари бор. Лекин бутун умр-муттасил бир халқнинг аччиқ тақдирини, қувонч-у аламини Дадахон Хасанчалик куйлаган шоир-хофиз йўқдир дунёда… Бир шоир дўстимиз: «Ватан деди, бир умр Ватан,ҳам эрк, деди Дадахон Ҳасан, Сайраб турган торини олиб, қўлларига урдилар кишан», деб (Юсуф Жума) ёзган эди, ўтган асрнинг 90 йилларида. Ҳа, Дадахон Ҳасаннинг қўлларига неча бор кишан урдилар. Аммо у букилмади ва букилмаяжак! Зеро, Дадахон Хасан турк фарзанди ўлароқ Туркистоннинг озодлиги, миллий бирлиги учун курашиб яшаётган букилмас ШАХС.
Дадахон Хасаннинг хизматлари беҳисоб, аммо мавжуд ҳукумат унинг асарларини чоп этмайди, ўзини радио ва телевиденияга чиқармайди. Аммо муҳими уни халқ тан олади. Ошкоралик замонларида – 1989-йили “Ёш ленинчи” газетасининг сўровига биноан Дадахон Ҳасан – Ўзбекистоннинг энг машхур кишиси бўлиб тан олинди. 1990-йилда Дадахон Хасан “Турк дунёси вақфи” томонидан Туркистон булбули деб эълон қилинди. 1992-йил халқаро Ахмад Яссавий мукофоти билан тақдирланди. Тақдир ушбундай олий ва қутлуғ сийловлар узатди хофизга…
Зеро, Дадахон Хасан турк дунёсининг халқ хофизидир. Ўзбек туркларининг мулойим, инжа, кароматли калималари ила юрагимизга кириб борган бир жасур ва майин товуш у хеч кимга халал бермасдан, уйқунгиздан малолсиз уйғотадиган мўжизий- ботиний овоздир. Бу овознинг умри ғоят узундир. Дадахон Ҳасаннинг Ватандаги хаёти, ижодий ва ижтимоий фаолияти мана шундай шовуллаб кечмоқда, нурланмоқда. Хали у янада порлаяжак. Дарди халк дарди билан бир булган оташзабон бу инсонни қутлуғ етмиш ёши билан чин юракдан муборакбод этар эканмиз, унга узоқ умр тилаймиз.
Мухолифат фахрийлари номидан :
Миразиз Аъзам – шоир,
Бек Ойбек ўгли – академик,
Гулчехра Нур – шоира,
Зохид Хақназар – композитор,
Баҳодир Чориев – Бирдамлик халқ ҳаракатининг раҳбари.
Дилором Исхоқ – шоира.
Абдулазиз Махмуд – кинорежиссёр.
Ботир Норбой – фан доктори,
Бахтиёр Исабек – тилшунос олим.
Сейтбай Байдуллаев - Туркистон бирлиги уюшмаси фахрийси.
Носир Зокир – «Бирдамлик»нинг Намангандаги рахбари
Хайитбой Абдулла – «Эзгулик»нинг Тошкент бщлими бошлиғи.
Ғуломқодир Турсун – ҳуқуқ ҳимоячиси,
Қахрамон Ғулом – мухолифат фахрийси.
Абдиқодир Зохидий – файласуф, доцент
Малоҳат Эшонқулова – Бирдамлик халқ ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари