Аслида, очиғини айтиш керак, ушбу хабарга қўйган юқоридаги сарловҳамиз бироз ноўрин бўлди. Чунки пластик деб аталмиш матоҳ нафақат Жиззах вилоятида, балки бутун Ўзбекистонда, қўпол қилиб айтганда, одамларнинг бошига битган бало бўлгани, рост. Тепадан келган буйруққа асосан оммавий тарзда ойлик маошларини платикка ўтказиш борасида “ўз ҳоҳишлари” билан ариза ёзган фуқаролар бугунгилик кунда пластик карточкаларидаги маблағларидан ўз вақтида унумли фойдалана олишмаётир, бу ҳақиқат. Бу пластик ўлгурга деҳқон бозорида қовун-тарвуз, сабзавоту қуруқ-ҳўл мева дегандек маҳсулотларни бермаса. Негаки, мамлакат бозорларида пластик карточкалар воситасида савдо қилиш тизими ишлаб чиқилмаган-да. Оқибатда, одамлар пластик каточкасидаги пулига фақат “супермаркет”лардан, нари борса, айрим савдо шахобчаларидангина баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларинигина сотиб олишлари мумкин, холос. Бироқ, ачинарлиси шундаки, Республикамизнинг узоқ вилоят туманларида фаолият юритаётган баққоллар пластикка савдо қилишга рўйхушлик бермайди. Худди мана шу иллат, ўз-ўзидан пластикнинг пастга урилишига, “нархи тушиши”га сабаб бўлмоқда. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бир кило шакарни нақд пулга олсангиз 4200 сўм, пластикка харид қилгудек бўлсангиз, 5200 сўм. Пластикда савдо қилишга мажбур бўлаётган одамларга бу каби ноҳақлик ёқади, дейсизми? Ўзи-ку, шусиз ҳам корхона ва ташкилотларда белгиланган ойлик маошларининг миқдорига мушук ҳам офтобга чиқмайди-ку?! Ночор қолган одамлар бозордан хўлу қуруқ мевалар хариди учун ҳам, савдо дўконларидаги адолатсизлик сабаб ҳам, гоҳо таниш-билиш топиб, йўлини қилиб, пластик карточкаларидаги ойлик маошларини нақд пулга айрибошлашга уринишгани уринишган. Бу жараён ҳам текинга бўла қолса, кошки эди. Даставвал, пластик каточкалар энди-энди урф бўлган бир пайтларда нақд пулга айрибошлашнинг “ставка”си 5 фоизни ташкил қиларди. Бора-бора одамларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, пастикдаги пулни нақд пулга айлунтирувчи шаввозларнинг иштаҳалари карнай бўлганлиги боис, хизмат ҳақи ўсиб борди: эндигилик кунда “Пластикни нақд пулга айлантириш”нинг “доля”си камида 20 фоиз, йўқса, 30%! Бу – икки ўн беш, бир ўттиз дегани. Ҳар иккала ҳолатда ҳам, яъни аҳоли пластик карточка орқали тўғридан-тўғри дўкондан савдо қилса ҳам – зарар, савилдаги маблағини нақд пулга айрабошласа ҳам кони зиён. Қўйингчи, ҳар иккала ҳолатда ҳам бечора халқ пластикнинг дастидан икки ўртада беўт куйиииб қолаверади. Эй, нимасини айтасиз, бу муамони менсиз ҳам, ҳамкасбларимиз хўп ва кўп гапиришган. Бироқ буларнинг бари эшакнинг қулоғига танбур чертиш билан баробар бўлмоқда. Яъниким, гарчи билса, эшитса-да, то шу кунга қадар ҳокимият вакиллари, тегишли муттасаддилар бу иллатни бартараф этиш ҳақида ҳатто хаёл ҳам қилиб кўришган эмас.
Буни қарангки, Жиззах вилоят ҳокими Сайфиддин Умаров Россия бош вазири В. Путинга ҳавас қилган чоғи, кўнгиллари халқ билан мулоқотни тусаб қолди. Ҳамма жойда ҳам амалдорнинг амри вожиб-да. Жиззах витлоят телвидениясида тер тўкаётган ҳожатбаррор ҳамкасбларимиз ҳоким жанобларининг истагини ижобат қилиш илинжида шу йилнинг 5 ноябрь, яъни Қурбон ҳайити олди маҳаллий вақт билан соат 20.00 да “оламшумул” кўрсатув ташкил қилишди. Бунинг самараси ўлароқ Жиззах халқи вилоят ҳокими С. Умаров ва яна бир нечта казо-казо мансабдорлар билан ТВ орқали жонли мулоқот қилиш бахтига мушарраф бўлишди денг. Бу текин томоша вилоятда истиқомат қилаётган аҳолига қизиқ бўлиши мумкин, бироқ, ушбу жонли мулоқотда бизнинг эътиборимизни тортган бошқа нарса бўлди: ниҳоят, мазлум халққа “Пластикка озиқ-овқатларнинг кўпчилигини сотиб ололмаяпмиз. Олаётганлиримизни ҳам нақд пулга нисбатан 20 – 30 % қимматига олаяпмиз. Бу масалага барҳам бериладими?» дея кимсан шахсан ҳоким жанобларининг ўзига ҳасрат қилиш, ҳақиқатни айта олиш бахти насиб этди. Болакайга хўрозқанд тутиб, бошини силаб, алдаган одамдек, Жиззах вилоят ҳокими С. Умаров ҳам оммани аврашга уринди, буни уддалади ҳам ҳатто.
– Раҳмат, ўз вақтида берилган жўда ўринли савол бўлди бу, – деди С.Умаров гарчи пластик билан боғлиқ иқтисодий муаммони ҳал қилишга қурби етмаслигини, бу борада ҳеч нарса қўлидан келмаслигини билса-да, оммага сир бой бермаслик учун виқор билан, – Эсингизда бўлсин, шу дақиқатдан бошлаб пластик билан боғлиқ ҳар бир жараённи ўз назоратимга оламан, бу муаммони атрофлича урганаман. Аминманки, тез орада ижобий ечимини топамиз, ишонинг.
Ҳокимнинг бу баландпарвоз ваъдасига ким ишонди, ким йўқ, билмадиму, аммо оқил одамни бу гапга ишониши қийин. Масалани атрофлича таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кимсан вилоят ҳокими то шу кунга қадар пласти карточкалар билан боғлиқ ўз ҳудудида содир бўлаётган бошболдиқликлардан бехабар бўлганми? Агар бу саволга “Ҳа” деб жавоб берадиган бўлсак, демак, ўз музофатидаги ютуқ ва камчиликлардан хабардор эмас экан, ҳоким халқ билан бирга эмас, раҳбар сифатида ишламаган, тер тўкмаган, таралабедод қилиб юрган. Аксинча, “Йўқ, пластик муаммоси ҳокимга аввалдан маълум бўлган” дейдиган бўлсак, у ҳолда, савол туғилади: Муаммони кўра, била туриб, нега бартараф этмаган, этолмаган?”
Фикрларимиз асослими, йўқми? Билмадим, нима бўлганда ҳам, ишқилиб, ҳокимнинг бу ваъдаси навбатдаги эчки қасам бўлмаса бўлгани-да.
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими раҳбари