ЎЗБЕКИСТОН: ШАҲАМИ ЁНИҚ УЙЛАР…

             Мусулмон оламининг ўшбу муборак кунларида Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ҳалқига, фуқароларига нақадар меҳрибон эканлиги ўз исботини топди. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ушбу қутлуғ кунда аҳолига ажойиб байрам туҳфасини тортиқ қилди. Барчага бирваракайига берилган бу ҳадя нима экан деб қизиқаётган бўлсангиз керак. Унда эшитинг, Ҳукуматнинг сайилхажиси аҳолини электр энергиясидан мусавво қилиш бўлди. Сайил арафасида ҳатто Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида роппа-роса уч кеча кундуз электр энергиясини узиб қўйиш орқали, Ҳокимият  омманинг сабрини кўп ва хўп синаб кўришни ихтиёр этди. Ўз фуқароларининг фаровон турмуши учун “куйиб-пишаётган” ҳокимият амалдорларидан бундан ўзга яна қандай каромат ҳам кутиш мумкин, ахир.

            Мана бу суратга эътибор қилинг, электр энергиясининг узилиши оқибатида ўқувчи ва талабалар шаҳамнинг хира ёғдусида мутаола қилишга мажбур. Бун қўя туринг, электр токи йўқлиги сабаб, Самарқнад шаҳрининг кўпқаватли уйларига совуқ сув кўтарилиши мана, уч-тўрт кундирки, тўхтаб қолган. Ана энди бу хонадонлардаги аянчли ҳолатни тасаввур қилиб кўраверинг. Ҳатто чой ичиш, чанқоқ бостиришга бир қултум сув йўқ . Оқибатда аҳоли улов ёрдамида чекка қишлоқларнинг қудуғидан ичимлик суви ғамлашга мажбур бўлишди.

            Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, мана шу машмашалар жараёнида Самарқанд шаҳри миқиёсида фақатгина вилоят хокимлиги биноси электр нурларидан нурафшон бўлиб турди, холос.

            Нима деб ўйлайсиз, шукурнинг, сабр-тақатнинг ҳам чегараси бор ахир. Қурбон Ҳайити арафасида содир бўлган бу бедодлик аҳолининг тоқатларини тоқ қилди. Бу ҳолат алал оқибат, шаҳарнинг Боғишамол туманида истиқомат қилувчи 100 нафрадан ортиқ аҳолини адолат истаб, ҳокимият ҳузури томон олишга мажбур қилди.

            Бироқ бу ҳолат амалдорларга чивин чаққанчалик таъсир қилмади чоғи,  бечора халқ  ҳатто Қурбон Ҳайитининг тунини ҳам шам ёғдусида ўтказишга мажбур бўлди.

            Шу кеча кундузда Ҳокимият амалдорлари ва тегишли муттасаддиларнинг халққа бўлган бундай беписандлигидан аламзада бўлган  Самарқанд туман аҳолисининг қўзғалиши, оёққа қалқиши  кутилмоқда.

            Кўп афсус, оғизда “келажаги буюк” Ўзбекистон  амалда  кундан кунга иқтисодий ночорлик батқоғига ботиб бормоқда.  Она диёримизда яшаётган юртдошларимизнинг аянчли турмуш тарзи эса фикримизнинг исботи. Хўш, нима қиламиз, азизларим, бу бадбўй батқоқ то бўғизимизга келгунича тоқат қиламизми?

                                              Малоҳат

                    “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares