БИЗ ПИНГВИН ЭМАСМИЗ, АММО МУЗЛАТГИЧДА ЯШАЙМИЗ

 ДОВУД СУЛАЙМОН

 Мана, яна қишнинг қорли кунлари эшик қоқмоқда. Бироқ, кўп афсуски, Хоразмдаги кўп қаватли бинолар, хонадонларни иситишга масъул идораларда қишги мавсумга тайёргарлик ишлари улда-жулда. Гап шундаки, иситиш идораларининг масъуллари фақат  хўжакўрсинга ишлашади, холос. Қозонхоналарнинг деворлари, асбоб-ускуналарини янгидек кўрсатиш илинжида  бўяш, хуллас, кўзбўямачилик илинжида шу каби  майда-чуйда ишлар амалга оширилиши мумкин, аммо иситиш тармоқлари барибир яхшиланмайди, натижада. Аҳолига наъмунали хизмат кўрсатилмайди. Энг ёмони, махаллий телевидение ва газеталарда кузга-қишга мавсумга пўхта тайёргарлик кўрилгани ҳақида узу-кун оғиз кўпиртирилгани, кўпиртирилган.

 Бироқ ОАВда ёритилаётган ёлғонларга қарши ўлароқ шахарда иситиш тармоқлари афтодаҳол. Шу сабабли ҳам  кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аксарият  хонадон соҳиблари истишга қодир бўлмаган тизимга беҳуда  пул туламаслик учун иссиқлик тармоқларидан қоз кечиб қўя қолганлар, яъни иситиш ускуналарини мутлақо уздириб ташлашга мажбур бўлганлар. Баъзиларнинг хонадонига эса  якка тартибда иситиш ускунаси ўрнатилган, айримлар уйларини табиий газ кўмагида иситишга мажбур бўлишмоқда.  Лекин газ деганлари  ҳам ҳар доим етарлича келавермайди. Рости, баъзан газнинг ҳоқурига чой ҳам қайнамай қолади, гоҳо. Бу ҳолат қишли-қировли кунларда айниқса, авж нуқтасига чиқади. Ноилож қолган аҳоли оқибатда электр печкадан нажот топишга  уринишади. Кўп афсуски, бунга қарши хукуматнинг ўз чора-тадбирлари мавжуд. Яъниким, айниқса, қорли кунлар бошланди дегунча,  электр токи тез-тез, ҳатто соатлаб узиб куйилади. Халқни электр чироғидан бенасиб қилиш тадбири бу йил  Урганч шахрида жуда эрта, яъни  октябр ойининг илк кунлариданоқ бошлаб юборилди. Ачинарлиси, бунинг оқибатида, ҳатто компьютерда ишлаш ҳам мушкул бўлиб қолди. Энди иш бошладим деганингизда электр савилни узиб қўйишади. Электр токи келга,  энди компьютерни ёқаман десанг, шўрлик ишга тушар-тушмас, яъна матоҳлари ўчади-қолади. Эҳ, нимасини айтасиз, аҳоли  шам, керосин лампасини ёриғида овкат пиширишга, тановвул қилишга мажбур..

Қишлоқлардаги аҳволни эса, асти сўраманг, мен айтмай. Аксарият қишлоқлар-ку, табиий газ қувирларини умуман кўрмаган. Электр токи эса бир суткада 3-4 соат берилади, холос. Бироқ берилаётган бу электр токи шунчалар кучсиз ва хираки, баъзан беихтиёр “Бундай электрдан керосин чироқ афзал” деб юборади киши. Туй-у- маъракалар  «движок» ёрдамида ўтказилаётганига кўўўп бўлди. Гоҳо қайси асрда яшаётганингизга ҳам ақлингиз етмай қолади, рости. Қиш кирди, совуқ кунлар бошланди дегунча, одамлар чор тарафга чопиб, ўтин қидириб қолишади.  Бугунги экологик шароитда шундоғам кам қолган буталар, дарахтлар кесилди, тўқайзорлар тақир майдонга айланади. Натижада, ҳатто  ариқ бўйлари, далалардаги тол, терак, тутлар хам камайиб қолди.  Кундан-кунга бозорларда ўтин ва ғўзапоя нархи қимматлаб бормоқда. Бу ҳам майлику-я, ўтин деганининг ўзи анқонинг уруғи бўлиб қолмоқда.

Қиш кунлари тўртта бош бирикса, фақат бир муаммо – газ ва электр энергиясининг камёблиги ҳақида ҳасрат қилишади. Ишонсангиз, кейинги пайтларда, етарлича маблағ  бўлса-да,  бу муаммо ечимини топиш мушкул бўлиб бомроқда. Эҳ, бечора халқим-а, қировли кунларда  азборойи совуқлиги сабаб қалин тўн билан ухлашга, тунни ўтказишга  мажбур бўлаётган, юртдошларим-а, ҳолига маймунлар йиғлашади-я. Ачиниб кетасан киши. Бироқ, не қилайки, осон узоқ, ер қаттиқ экан-да. Айни кунда одамлар шарқда исиб кетмаслиги учун музлатгичга жойлаб қўйилган шимоллик пингвинларга ухшашади гуё. Уйларимиз ростакамига  музлатгич, ками йўқ.  Аҳоли  ҳар йили қишни бир амаллаб ўтказишга интилади ва қиш бўйи иссиқ, лоақал, илиқ кунлар келишига интиқ кўз тикишади. Эсиз одамлар-а, эсиз юртдошлар-а, эсиз…

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares