
Шу йилнинг 18 октябр куни “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев тинчлик ва урушни ёритиш институти ( WWW.iwpr.net ) мухбири Руслан Каримовдан бир қатор саволларга жавоб бериш илтимос қилинган хат олди. “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев бу саволларга жавоб беришга рози бўлди. Биз шу савол -жавобларни сизларнинг муҳокамангизга ҳавола қиламиз.
1) Муҳтарам жаноб Чориев нима сабабдан “ Оммавий шикоят” тадбирини ўтказиш ғояси пайдо бўлди ва сизнингча нима учун у етарли муваффақиятга эришмади ?
Оммавий шикоятнинг қисқартирилгани ОШ бўлади.Ош сўзининг ўзбек тилидаги маъноларидан бири бу паловдир.Палов ўзбек халқининг энг севимли ва кенг тарқалган таомларидан биридир.Тўй ва маъракаларда асосан палов тайёрланади.Ўзбек халқида палов тарқатиш ва биргаликда паловхўрлик қилиш жуда кенг тарқалган.Бирга паловхўрлик қилиш бу фақатгина қадимги халқ анъанаси эмас, балки маълумот алмашиш,яъни Фейсбук ёки Твиттерга ўхшаш ўзига хос ижтимоий тармоқдир. Одатда, ўзбеклар паловхўрликка таклиф қилинганда жон деб қабул қилади,чунки бу атрофда бўлаётган воқеалар тўғрисида фикр алмашиш учун яхшигина имконият.Биз бу тадбирни қисқартириб “ОШ” деб атадик,чунки бу ўзбек халқини биргаликда ҳаракат қилиши учун туртки бўлади деб ўйлаган эдик. Ўзбек халқининг бу тадбир ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмагани бу демократик мамлакатлар солиқ тўловчиларининг ҳисобига мавжуд бўлиб турган «Озодлик» ,«Би-Би-Си» ва «Америка овози» каби радиостанциларда ўрнашиб олган, ўзини мустақил деб ҳисобловчи бир тўда сотқинларнинг айби деб ҳисоблайман. Келажакда шундай обрўли жойлардаги микрофонлар олдида ўрнашиб олган ғаразли ватандошларимизнинг ҳаракатларига таҳлилчилар ўз баҳосини беради деб ҳисоблайман.
2) Сизнинг фикрингизча, нима учун Ўзбекистон фуқаролари бу ғояни қўллаб – қувватлашмади? Одамларни ҳукуматнинг бедодликларига қарши норозилик билдиришга чақирганда нимага ишонган эдингиз?
Бунинг асосан учта сабаб бор:
А) “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг ташкилий ишларидаги жиддий хатолар.
Б) Халқнинг бу тадбир тўғрисидаги етарли маълумотга эга бўлмагани.
В) Халқнинг ҳукуматдан қўрқиши.
Мен Ўзбекистон халқи тунисликлар,мисрликлар ва ливияликлар каби ҳукумат тарқатаёган қўрқувни енгиб ўзининг конституцион ҳуқуқларини тинч,қонуний ва нозўравон йўллар билан ҳимоя қилишни бошлайди деб ўйлаган эдим.
3) Парламентга сайловлар арафасида Сиз Ўзбекистонга келган эдингиз,аммо Сизни қўрқитиш йўли билан кетишга мажбур қилишди.Наҳотки,шундан кейин ҳам ҳозирги ҳукумат билан маданий усуллар билан кураш олиб бориш мумкинлигига ва фуқаролар ҳаётини хавф остига солиб Сизни қўллаб – қувватлашига ишонасиз?
Мен ҳеч нарсага қарамасдан курашнинг нозўравон усуллари тарафдори бўлиб келганман ва бўламан.Фақатгина курашнинг яхши уюштирилган нозўравонлик усуллари билангина ҳозир Ўзбекистонда мавжуд бўлган режимни бартараф қилиш мумкин деб ўйлайман. Мен тарафдорларим ва рақибларим қони тўкилишини истамайман. Мен эртами – кечми ҳеч нарсага қарамасдан Ўзбекистон халқи уйғонади ва ўз ҳуқуқлари учун курашни бошлайди деб ишонаман.
4) Сизда бу ғоя қандай қилиб туғилди?
Кўпгина оппозиционерлар курашнинг нозўравон усуллариг ишоношмайди.Мен бу тадбир билан халқни тинч ва нозўравон кураш усулларига ўтишига туртки бермоқчи ва нозўравон кураш усуллари билан қўйилган мақсадларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқчи эдим.
5) Сиз Ўзбекистондаги вазиятни қанчалик холис баҳолай оласиз? Кўпгина Сизнинг рақибларингиз Сизни Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятни билмасликда айблашади,ахир. Улар ҳақми ё бу айбловлар нотўғрими?
Бу айбловлар асоссиз. Вақт мен ҳақ бўлганимни кўрсатади ва танқидчиларим ноҳақ бўлишганини тушунишади.
6) Танқидчиларингиз Сиз одамларни майдонларга чорлаб ғарблик ҳомийларингизнинг пулини оқлаяпганлигингизни иддао қилишади.Бу айбловлар қанчалик асосли,танқидчиларингиз ҳақми?
Мен Ўзбекистонда яшаганимда бир нечта намойишни уюштирдим ва ўтказдим.Шунингдек доимо одамларни намойишларда қатнашишга чақириб келганман.Бу фаолият менга жуда қимматга тушди. Доимий тазйиқлар.таъқиблар ва жисмонан йўқ қилишга уринишлар мени Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилди. 2005 йил февралидан бери мен АҚШда сиёсий қочқин сифатида яшаб келаяпман.2005 йилдан шу кунгача мен Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаолияти учун шахсий маблағларимдан 106 000 АҚШ доллари сарфладим ва бу ҳар ой бу суммага яна бир неча минг доллар қўшилади.Хоҳлаган одам менинг молиявий чиқимларим билан танишиб чиқиши мумкин. Мендан ташқари бир нечта Ҳаракат фаоли ўзининг беғараз ҳиссасини Ҳаракат фаолиятига қўшмоқда. Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати бирорта ҳомий ташкилотдан бир цент ҳам олмаганини аниқ – тиниқ ва маъсулият билан маълум қиламан. Бизнинг етти йил давомидаги фаолиятимиз ўзимизнинг молиявий маблағларимизга асосланган.
7) “Араб сценарийси” Ўзбекистонда тарқалади деб ўйлайсизми?
Йўқ, “араб баҳори” кўринишидаги воқеалар бизга тўғри келмайди,аммо биз ундан кўп фойдали нарсаларни ўзимизга олдик.
8) Айтишларича,“Оммавий шикоят” тадбири унчалик муваффақиятли бўлмаганига қарамай сиз тадбирни муваффақиятсиз деб ҳисобламаётган ва уни давом эттирмоқчи экансиз.Унинг якуний натижаларини нимада кўрмоқдасиз ?
Ҳозирча биз тадбирни вақтинча тўхтатиб турибмиз. Хатоларни аниқлаяпмиз. Келажакда,албатта уни қайта бошлаймиз.
9) Бугунги кунда Ўзбекистондаги оппозициянинг ривожланишини Сиз қандай баҳолайсиз?
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатидан ташқари Ўзбекистондаги мухолифат унчалик фаол эмас. Ўзбекистондан ташқарида бўлган мухолифатнинг аюҳанос чақириқлари,агар Ўзбекистон халқи эътибор бермаса, ҳеч нарсага арзимайди.
10) Мухолифат лидери сифатидаги келажакагингизни нимада кўрмоқдасиз?
Менда ташкилотчилик қобилиятлари,кўп яхши ғоялар ва уларни ҳаётга татбиқ қилишга қатъият бор. Камчиликларим ҳам бор.Мен улар устида ишлашга ҳаракат қилмоқдаман.Одамларнинг менга ишончи мен учун жуда муҳим.Мен уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилганман,қилаяпман ва қилавераман. Келажакда Ўзбекистондаги мавжуд режимни ўзгартиришга Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати эришишига ишончим комил.
Шу йилнинг 24 октябрида (www.iwpr.net ) сайтида « Узбекистан:оппозиция не смогла собрать протестный кворум» (Ўзбекистон: мухолифат етарлича норозиларни йиға олмади) мақола чиқди. Биз шу мақолани сизларнинг муҳокамангизга ҳавола қиламиз.
Ўзбекистон: мухолифат етарлича норозиларни йиға олмади.
NBC 11 октябрдан 14 октябргача Тошкент ва Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз шаҳрида, “Оммавий шикоят” деб номланган норозилик тадбири ўтказилиши режалаштирилган эди. Мамлакатдаги суд ҳокимияти вакилларининг ўзбек амалдорлари қилган ноқонуний ишларига эътибор беришлари,шунингдек ўз ҳуқуқлари учун қонуний курашиш йўлида халққа дадиллик бағишлаш бу тадбирнинг натижаси бўлиши керак эди. Тадбир Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати томонидан уюштирилган эди.Бироқ белгиланган кунда йиғилиш жойига иштирокчилардан ва маҳаллий аҳолидан ҳеч ким келмади. Баъзи маҳаллий таҳлилчилар бу тадбирни танқид қилишди. Уларнинг фикрича бу тадбир, гўё ўтказилиши ўтган баҳор ва ёздан бери айтиб келинаётган шунга ўхшаш тадбирлар каби аввалдан муваффақиятсизликка маҳкум эди.( Қаранг: Узбекистан:учредительный съезд зарубежной оппозиции.)Танқидчиларнинг фикрича, бу муваффақиятсизлик халқ уруш ва революцияларни хоҳламаслиги, мухолифат эса қўллаб- қувватловга эга эмаслиги билан боғлиқ.Бундан ташқари, уларнинг фикрича, бу тадбирнинг ташкилотчиси, яъни ғарбда яшовчи ўзбек диссидентлари томонидан бошқариладиган Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати адашган ва мамлакат ичидаги вазият тўғрисида хато тасаввурларга эга.
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг раҳбари,АҚШда яшовчи Баҳодир Чориев NBCA берган интервьюсида ўзбек мухолифатининг митинги бўлмаганлигининг сабаблари сифатида халқнинг репрессив ҳукуматдан қўрқишини, етарли ташкиллаштирилмаганликни, халққа етарли даражада маълум қилинмаганликни кўрсатди.
NBCA: Одамларни ҳукуматга қарши норозилик билдиришга чақирганда нимага ишонган эдингиз?
Чориев: Мен Ўзбекистон халқи тунисликлар,мисрликлар ва ливияликлар каби ҳукумат тарқатаёган қўрқувни енгиб ўзининг конституцион ҳуқуқларини тинч,қонуний ва нозўравон йўллар билан ҳимоя қилишни бошлайди деб ўйлаган эдим,аммо бунга эриша олмадик.
NBCA: Парламентга сайловлар арафасида,2009 йилда Сиз Ўзбекистонга келган эдингиз,аммо Сизни кетишга мажбур қилишди.Наҳотки,шундан кейин ҳам ҳозирги ҳукумат билан маданий усуллар билан кураш олиб бориш мумкинлигига ишонасиз?
Чориев: Фақатгина курашнинг яхши уюштирилган нозўравонлик усуллари билангина ҳозир Ўзбекистонда мавжуд бўлган режимни бартараф қилиш мумкин деб ўйлайман. Мен тарафдорларим ва рақибларим қони тўкилишини истамайман.Мен бу тадбир билан халқни тинч норозилик намойишларга чиқишига туртки бермоқчи ва фақат шундай усуллар билан қўйилган мақсадларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқчи эдим.
NBCA: Кўпгина рақибларингиз Сизни мамлакатдан ташқарида бўлиб Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсий ҳаётдан четлашиб қолганликда айблашади.
Чориев: Бу айбловлар асоссиз. Вақт мен ҳақ бўлганимни кўрсатади ва танқидчиларим ноҳақ бўлишганини тушунишади.
NBCA: Сиз одамларни майдонларга чорлаб ғарблик ҳомийларингизнинг пулини оқлаётганлигингизни иддао қилишади.
Чориев: Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати бирорта ҳомий ташкилотдан бир цент ҳам олмаганини аниқ – тиниқ ва маъсулият билан маълум қиламан. Бизнинг етти йил давомидаги фаолиятимиз ўзимизнинг молиявий маблағларимизга асосланган.
NBCA: Ўзбекистонда қайси сценарий амалга ошади?
Чориев: Ўзбекистонда воқеалар араб сценарийси асосида кетиши сўзсиз номақбул.2005йилда Ислом Каримов юзлаб одамларни ўлдиришга тайёр эканлигини кўрсатди. Бизга бу керакмас. Бироқ биз тарафдорларни йиғиш юзасидан бу воқеалардан кўп нарса ўргандик.Ҳозир,биз бунинг устида ишлаяпмиз.Хатоларимизни ўрганганимиздан сўнг тадбирни давом эттирамиз.
Бу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириладиган “ Марказий Осиёнинг янгиликлар ҳисоботи” лойиҳаси доирасида тайёрланган.