Халқ деганда, кўпчилик мамлакатда яшайдиган аҳолини тушунадики, асосан олганда, бу фикр тўғри! Аммо халқ мавҳум тушунча эмас. Аҳолининг қайси қисми қандай муаммоларни бошидан кечираётгани, қайси қисми демократияга кўпроқ мойиллигини, қай бўлаги ўз тирикчилиги, оиласи манфаатларинигина ўйлашини… ҳисобга олиб, турли қатламларини нисбий маънода бўлсада, ажратиб кўрсатиш мумкин. Иқтисодий аҳволига қараб, аҳоли илгаридан бойлар, ўрта ҳоллар ва камбағалларга бўлинган ва ҳозир ҳам кўплаб мамлакатларда бу бўлиниш сақланиб қолган. Ҳозирги ўзбек бойларининг иқтисодий муаммолари кам. Шунингдек, улар орасида демократияга мойиллари ҳам кам. Зеро, уларнинг асосий қисми ўз бизнесларини ҳалол йўллар билан эмас, порахўрлик, коррупция (қориндош урурғчилик, ошно оғайнигарчилик) ҳисобига қуришган ва демократик жамият нима эканлигини билишмайди, қизиқишмайди ҳам.
Ижтимоий, маънавий ва сиёсий аҳволидан келиб чиқилса, аҳоли орасида арбоблар, зиёлилар, (дин уломолари, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари, бадиий адабиёт ва санъат билан машғул кишилар) шунингдек, кўплаб ишчилар, косиблар ҳамда деҳқонлар мавжуд. Бугун ҳокимиятни бошқараётган арбоблар орасида ҳам демократияни тушунмайдиган, бу хил тузим қурилса, зарар кўрамиз, дейдиганлар оз эмас. Чунки, тизим тўғри бўлмагани учун улар асосан порахўрлик туфайли топилган, қориндош уруғлари, туфайли “бошқарилаётган” фирмалардан тушган даромадлардан кун кўрадилар ва демократия бўлса, бундан мосуво бўламиз, деган ҳадик билан яшайдилар… Юқоридаги икки қавм (бойлар ва арбоблар, зиёлилар…) орасида, маънавияти бузулган, порахўр, ялтоқи, ўғри, каззоблари ҳам учрайди.
Аммо оддий халқ (шу жумладан оз бўлсада, зиёлилар, сиёсатчилар, арбоблар) ичида, шоирларимиздан бири айтганидек, “нурдек тоза, осмондай мусаффо” бир қавм борки, улар пора ва ўғирликдан, текинтомоқликдан йироқ туради…
Алишер Навоий: “Одаме, эрсанг, демагил одаме, ониким, йўқ, халқ ғамию, дин ғами” деганида худди шу хил нурдек тоза, осмондай мусаффо халқнинг манфаатларини назарда тутган кўринади. Худди шулар орасидан Навоий орзу қилган кишилар кўпроқ етишиб чиқиши мумкин. Аслида, “халқ ғамини ўз ғами” деб билмаган одамни одам деган зотнинг ўзи ҳам одам эмас: халқ учун куюнувчи жамоа ва инсонлар жамиятнинг ядроси бўлиб, уларсиз, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ривожланиш бўлмайди. Чунки, элнинг муаммоларини ечиш учун гоҳида якка ўзи, гоҳида уюшиб, чин дилдан курашадиган бу тоифалар, сиёсий ижтимоий фаол кишиларгина шу хил дориломон жамиятни яратишга ҳисса қўша олади.
Аммо бу хил одамлар ўз ўзидан етишиб чиқавермайди. Бундай одамларнинг етишиб чиқишидан бугунги нодемократик арбоблар манфаатдор эмас. Бу хил куюнчак кишиларнинг кўпроқ пайдо бўлиши учун зиёлиларимиз, жамиятшунос олимларимиз, сиёсатчиларимизгина эмас, жамиятдаги онгли аҳолига ҳаётни ҳаққоний кўрсатаолиш орқали адабиёт ва ва санъат аҳли ҳам ҳисса қўшиши лозим… Аҳолининг ҳозиргидай, оми бўлиб қолишида ўзининггина эмас, уни бошқараётганларнинг, халқнинг бадиий дидини, маънавиятини ўстиришга масъул бадиий зиёлилар ва журналистларнинг ҳам айби бор. Биз СССР пайти ўзбекнинг асосий қисмининг яхши яшамаганининг сабаби ўрисларнинг таловчилик сиёсатидан деб билдик. Аммо қадим Туронни чор Россияси босиб олганга қадар ҳам аҳоли яхши яшаган эмас. Аҳоли Туронни бошқарган хону бекларнинг зулми ва зуғуми остида яшагани каби, шўро даврида ҳам коммунистларнинг, ҳозирдаги каби яширин эксплуатациясига, ёлғон ва алдовларига ишониб чинакам ҳаёт нималигини билмай ўтиб кетдилар. Ҳалигача ҳам коммунистлар тузган ҳаёт яхши, эди, деб қўмсаб юрганлар бор. Аслида аҳолига хону беклардан кўра кўпроқ имтиёз, меҳнат қилиш, ўқиш, даволаниш имкониятларини бергани учун ҳам халқ бу тузимни қўллаган. Аммо инсон фақат шу хил уч тўрт хил эркинликлар учунгина яшамайди. Дунёда Инсонга яна кўп эркинликлар керак. Бу хил эркинликларни эса, демократик жамиятгина бера олади…
Хўш, биз айтаётган демократик жамият қандай жамият? Демос, лотинчада инсон деганидир. Демак, демократик жамият халқ ҳокимияти бўлиб, инсонпарварлар жамиятидир. Ғарб файласуфлари ва сиёсатчилари бу хил жамиятнинг асосларини ишлаб чиқишган. Маънавий етук сиёсатчилар фикрича, демократик жамиятда, тизимни бошқаришда бошқарувчилар билан бирга бошқарилувчилар ҳам қатнашади. Жамиятдаги халқ вакиллари сиёсий арбобларнинг таъбир жоиз бўлса, “жиловини” қўлларида ушлаб туришади. Бинобарин, демократия Инсонларга улар учун сув ва ҳаводай зарур эркинликларни бергувчи жамиятдир. Бу эркинликлар нималардан иборат?
Булар, биринчидан, тинч, хотиржам, адолатли дамиятда яшаш эркинлиги. Иккинчидан, жамият қайси йўлдан кетаётганидан, ҳаётда бўлаётган яхши ёмон воқелардан, ўзларини бошқараётган амалдорлар нима ишлар бандлигидан… хабардор бўлиш, яъни ошкораликка эришиш эркинлиги. Учинчидан эркин ва ҳаққоний сайловлар, сайлаш ва сайланиш эркинлиги…
Бу хил жамиятда кишилар эркин равишда ўзларининг (инсоний ахлоққа мос келадиган) уюшмалари ва партияларини қура оладилар. Низом ва дастурларига эга бўлган, халқ орасидан етишиб чиққан бу хил мухолиф партиялар қонун доирасида ҳаракат қилиб, ўзлари орасидан президентликка, парламентга номзодлар чиқара оладилар. Сайловларда халқнинг кўпчилик овозини олган партиялар ҳукуматга келишади ва бошқарув ишларида қатнашадилар. Агар ҳақиқий сайловлар бўлса, халқ истаган кишилар президент бўлади ва парламентга сайланади. Улар вақти вақти билан халқ олдида ҳисоб бериб туришади: ҳисобот пайти ҳар бир фуқаро қатнашиб, уларнинг фаолиятига баҳо бериши, матбуотда уларнинг фаолияти ҳақида мақолалар ёзиб чиқариши, агар ножоиз ишларини билиб қолишса, президентга ишончсизлик билдириши, депутатни депутатликдан чақириб олиши мумкин. Демократик шароитда ҳар бир инсон ортиқча қийинчиликсиз, ўз бизнесини қуриб олиши, қонун доирасида ҳаракат қилиб, ҳар томонлама бойликларга эга бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳақиқий демократик жамиятда фермер ери учун, бизнесмен олаётган фойдасидан арзимаган солиқ тўлайди, халос. Ҳеч бир солиқ идораси, милиция ёки МХХ унинг ишига ралашишга ҳақи йўқ. Киши бирон жиноятга қўл урган бўлса, халқ сайлаб қўйган, президентга ҳам, парламентга ҳам, вазирликларга ҳам бўйсунмайдиган суд ҳокимияти унинг айбларини текшириб кўриб, қонун доирасида ҳукм чиқаради. Қонун чиқарувчи орган – парламент ҳам суднинг ички ишларига аралаша олмайди… Шу тариқа иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ривожланган инсонлар жамияти юзага келади.
Аммо демократия атамасини бизнинг оддий аҳолимиз, ҳатто оқ-қорани таниган зиёлиларимиз ҳам тўғри тушунавермайди: бу хил тузумни бош-бошдоқлик, халқнинг ўта эркинлашиб кетиши, порнаграфияга яқинлашуви, зинога йўл қўйишга олиб келадиган жамият сифатида тушунадиганлар тўлиб тошиб ётибди. Албатта, чет мамлакатлар, хусусан, Европа ва Америка аҳолиси орасида демократиядан фойдаланиб, шу хил ишларга муккасидан кетган турли тоифалар йўқ эмас. Аммо, улар демократия берган айрим эркинликлардан фойдаланиб, ҳаддидан ошган, дин ва имонини йўқотган тоифалардир. Бундай (эсини еган, ароқ ва норкотикка, зинога ружу қўйган) тоифалар демократик бўлмаган Марказий Осиёда ҳам йўқ эмас. Фақат ошкоралик бўлмагани учун уларнинг башарасини фош этиш имкониятлари камроқ. Бизнинг халқимизнинг онгли қисми Шарқ анъаналари таъсирида яшайди: андиша ва номусни биринчи ўринга қўяди. Шу жиҳатдан, агар бизда демократик жамият қурилса, бу хил нохушликлар (ароқ ва норкотикка, зинога ружу қўйганлар) кескин камаяди.
Афсуски, ҳалигача, тарихда бизнинг мамлакатимиз ва қўшни давлатлар ҳам бу хил жамиятда яшаб кўрган эмас… Шу учун ҳам бизнинг халқларимиз демократик жамиятнинг эркинликларига ҳам, қандай буюк аҳамияти борлигига ҳам ишонмайдилар.
“Дунё яралгандан бери, подшо одил бўлган эмас, шоирлар қалам олганда, хатга тўғри солган эмас”, дейди қорақолпоқнинг буюк шоири Бердақ. “Замон ёмон бўлди, дейсан, замон қачон яхши бўлган? Турон ёмон бўлди, дейсан, Турон қачон яхши бўлган”, дейди яна бир шоир. Бу рост гап. Халқимизнинг аҳволи илгарилари ҳам яхши бўлмаганидек, халқнинг кўзини очишга, ҳаққоний ҳаётни кўрсатишга масъул бўлган адабиётнинг ҳолати ҳам яхши бўлган эмас. Яъни адиблар ҳақиқатни рўйи рост айтишдан чўчиб келишган. Аммо собиқ СССРдаги айрим эркинликлардан, ўзларининг журъат ва жасоратларидан фойдаланган буюк адиблар, масалан, Е. Евтушенко, Ч. Айтматов, Р. Ҳамзатов, О. Ёқубов каби қатор адиблар у ёки бу даражада жасорат кўрсатиб халқ ҳаётини ҳаққоний манзарасини кўрсата олдилар. Халқнинг онгли қисми бир партиялилик социалистик тузимнинг ярамасликларини, инсонларга уларга зарур эркинликларни бермайдиган, халқларни ўз тили ва динидан ажратадиган тузимда яшаш мумкин эмаслигини англаб етди…
Бунинг устига ўтган асрнинг 80 йилларида М. Горбачев СССР халқига маълум эркинликлар бера бошлади: матбуотда ошкоралик бошланди, муаммолар, халқ ҳаётидаги оғриқли нуқталар ҳақида ўткир мақолалар, шеърлар ёзила бошланди. Бу асарлар орқали халқ ҳаётидаги ҳаққоний ҳол омма онгига бориб етди ва ўзбеклар ҳам ўз она тили, ўз мустақиллиги учун кураша бошлади…
Бироқ мустақилликдан кейин бу хил эркинликлар йўқ бўлди ва адабиётдаги аҳвол ҳам ўзгарди. Чунки, адабиётнинг халқ кўзини очишдек, буюк вазифасини юртни бошқараётган казо казолар ҳам тушинишади ва шунинг учун ҳам улар журналистларни, ёзувчи ва шоирларни ҳар хил йўллар билан (уларга маълум имтиёзлар, орден ва медаллар, мансаблар бериб, бунга кўнмаганларни қўрқитиб) ўзларига бўйсундиришди. Натижада бадиий зиёлиларнинг асосий қисми халқдан узоқлашишди, элнинг дардини ўз дардим, деб билмайдиган лоқайд кимсаларга айланишди. Бугунги Ўзбекистонни бошқараётган собиқ коммунистлар халқнинг курашчан, аммо ҳали сиёсий онги юксалмаган бир қисмини алдаб, баъзиларини қўрқитиб, қамаб, қийин қистовга олиб, демократик жамият қуриш йўлида тўғоноқ бўлиб олишди. Мухолифатнинг юзлаб вакиллари қўрқув ва жон сақлаш учун чет элларга қочқин бўлиб кетишди. Бармоқ билан санарли вакилларигина кучлари етганча, ҳатто имкони бўлмаган пайти ҳам демократия учун кураш олиб боришмоқда. Аммо зиёлиларимизнинг қўрқоқлиги, баъзиларининг, курашдан фойда йўқ, ҳукумат барибир ўз айтганини қилади, дея ортга чекиниши туфайли бу кураш оммавий тус олаётгани йўқ… Натижада халқимиз аввалгидан ҳам даҳшатлироқ, қўполроқ
зулмга, қулликка дуч келди.
Ботир Норбой,
Филология фанлари доктори.



