16 октябрь қиролича Мария-Антуанетта қатл этилган кун. Ушбу муносабат билан у ҳақда битган (қайта ишланган) достонимни, интернет ўқувчиларига қайта хавола этаман.
Фикр-мулохазалар учун электрон манзилим: spravoniy@gmail.com
***
МАРИЯ-АНТУАНЕТТАНИНГ
СЎНГИ СЎЗЛАРИ
(достон, қайта ишланган) *
***
Ҳукмронликда у топмади довруқ,
Ўзи ҳам англади буни сўнги дам.
Йўқ илло малика унданда улуғ,
Аёллар ичра у менинг мабудам.
Мен қилай у ҳақда сизга хикоя,
Ўқиб чиқинг буни, қилиб ҳафсала.
Инқилобга қарши йўқ бунда ғоя,
Инқилоб, умуман, бошқа масала.
Унинг етти сўзи, жаҳонга аён,
Польшани бўлишга бўлди бахона.
Мен эса қилурман қуйида баён,
Икки сўзи ҳақда, қолган нихона:
***
Европа талашди неча асрлар,
Габсбурглар тинмай Бурбонлар ила.
Урушди, гоҳи бу олий насллар,
Авомдан минг-минглаб қурбонлар ила.
Охир Терезия – ҳукумрон аёл,
Чек қўймоқ истади урушларга бу.
Ибтидоий жуда қилганди ҳаёл,
Ҳолбуки, бағоят тўғри ўйлаб у.
Элчидан, истагин бўлмоқни қуда
Билдирди Людовик Ўн бешинчига.
Қирол ҳам урушдан безиган жуда,
Эмаслигин қарши, айтди элчига.
***
Ўн тўрт ёшда эди Веналик келин –
Антуанетта шўҳ, соҳибжамол қиз,
Сўрашганда унинг лутф ила қўлин,
Капетга – Франция тахтига ворис.
Унгача, эмас-ки ҳеч кимга бу сир,
Уч йилга чўзилди борди-келдилар.
Режа эди қилмоқ тарихга таъсир,
Ҳар икир-чикирни ҳисоб қилдилар.
Тўй ҳам бу тарихда қолиши даркор,
Аямади маблағ иккала тамон;
Рейндаги кичик оролда, тезкор,
Келин тушургани қурдилар ровон.
Икки тенг хонали кичик кошона –
Бу ровон қиларди кўзни маҳлиё.
Маъноси: Австрия эди бир хона,
Бошқа хона эса Франция, гўё.
Биринчи хонада либосин ечиб,
Бошқасига келин ўтмоғи лозим:
Австриядан, яъни, батамом кечиб,
Франциялик бўлиш эди маросим.
***
Келишидан келин илгари бир оз,
Бўлди бир ғаройиб ходиса содир:
Кўп эди кўргани жуда ишқибоз,
Оролдаги мазкур бинони нодир.
Бир гуруҳ талаба, яширин, тез ва
Ҳеч нарсага тегмай, хоналар ичин,
Барча жойда каби беришиб ришва,
Кирдилар ровонга томоша учун.
Гобеленлар осиқ бунда бебаҳо,
Ҳар бир буюм бунда санъат асари.
Бир бўйдор талаба (аслида даҳо),
Қотиб қолди бирдан хайкал сингари:
Чунончи, кўрди у гобеленда бир
Ясон тўғрисида қадим ақида.
Рафаэлдан нусха олинган тасвир,
Мохияти бахтсиз никоҳ ҳақида.
Ниҳоят, талаба тутолмай ўзин,
Хитоб этди: – Бу не ҳафтафахмлик?
– Ахир, бу, деди у, чақнатиб кўзин,
Қироличага ёш, ёвуз мавхумлик!
Илло унга ҳеч ким солмади қулоқ,
Ўйладилар уни бир авом муте.
Олиб кетди аранг дўстлари, бироқ
Жонини койитган бу эди – Гёте!
***
Ҳолбуки, шу экан, тақдиру насиб,
Терезия шундай, қизин узатди.
Йўл-йўриғларин у қоғозга ёзиб,
Антуанеттасин йўлга кузатди.
Айтайлик шу ерда катта хатосин,
Билсак ҳам малика буюк биз уни;
“Аралашма, – дея – сиёсатга сен”,
Сиёсий гирдобга отди қизини!
***
Келин қиз, беҳабар толедан аянч,
Францияга кириб келди бахтиёр.
Келди у ёқимли шеваи афранж,
Бўлмоқ учун она, бўлмоқ учун ёр.
Кутиб олди уни Франция ҳуррам,
Маросим ҳам ўтди режа бўйича.
Шаҳару деҳалар қиларди байрам,
Келтирди деб бахт ёш қиролича.
Версалгача гуллар сочилар эди,
Яшасин қролича! – янграрди хитоб.
Ушбу чоғ, шубхасиз, очилар эди
Жаҳон тарихида янги бир китоб.
Мислсиз дабдаба билан ўтди тўй
Олти мингта меҳмон Версалга келди.
Тилласоч келинчак, мағрур ва хушрўй,
Барчани шайдо-ю маҳлиё қилди.
***
Илло “бир кам дунё” деганларидек
Чиқди “ишкал” ҳеч ким кутмаган сира.
Шаҳзода Капетнинг ёри паридек,
Қолаверди, ҳуллас, ҳар тун боқира.
Давом этди ушбу ҳолат етти йил,
Хал этса бўларди бунданда аввал,
Дофин (кейин қирол) бўлсайди дадил,
Даркор эди кичик жарроҳлик амал.
***
Вале бу менинг ҳам ўз фикрим, албат,
Билгай нима, қачон вақт ўзи дохий.
Воқеалар ўтгай навбатма-навбат,
Ҳозир тингланг етти сўзни тарихий:
***
Версалга келганда қизалоқ Мари,
Кирдикорлар ички чарҳ урар эди.
Қиролнинг уч нафар қари қизлари
Дюбарри хонимдан чув юрар эди.
Дугона бўлиб тез қайнхола уч,
Келинчакни авраб “қўлга” олдилар.
Олиш учун ёви Дюбарридан ўч,
Антуанеттани “йўлга” солдилар.
Саройда бор эди қонун-қоида,
Барча бунга сўзсиз қиларди амал,
Насли юқорига, насли қуйида,
Очолмасди асло сўз ундан аввал.
Бўлажак кролича шу чоғ саройда,
Дофина эди энг зодагон аёл;
Таъзим этар эди ҳар қайси жойда,
Барча унга сўзсиз, эгилиб хиёл.
Графиня бўлса-да хоним Дюбарри,
Авомдан чиққанди, паст эди насли.
Қиролнинг суюкли эди дилбари,
Унвонин тан ила топганди асли.
Ҳолбуки, Дюбарри дофинага ҳеч
Гапиришга олдин йўқ эди ҳаққи.
Сўзлашини унинг кутиб эрта-кеч,
Тобора бўларди асаби даққи.
Антуанетта шўҳ – дофина эса,
Пайқамасди уни, гапириш тугул.
Қайинхолалар ҳам шод эди роса,
Қозонишган каби ғалаба буткул.
Илло улар қаттиқ адашардилар,
Эмас эди ушбу оддий кирдикор.
Тоғни улар “тошча” аташардилар,
Ўйлагандан улар, рақиба пуркор!
***
Айни чоғда Фридрих, Екатерина,
Иосиф ҳам бирга – Иккинчи учта,
Туздилар режа тинч, келишибгина,
Польшани ўзаро қилишга иқта.
Лек бунга қараркин Луи қандайин,
Ўн бешнинг ҳам, албат, ризоси керак.
Иш тутиб бўлмайди менсимай райин,
Ки кутди учовлон Париждан дарак.
***
Катта сиёсатнинг ўйинин қаранг;
Элчилар у ёқдан, бу ёққа елиб,
Бир давлат тақдири қадалди таранг,
Антуанеттага айланиб келиб.
Билмасди ҳам буни, қизалоқ зинхор,
Аслида, ҳеч нима керак ҳам эмас.
Хоҳлаган сўзини, дофина, бир бор,
Дюбарри хонимга қараб айтса, бас.
Дофина эса ҳеч эгмасди бошин;
Барчани, сўзлашиб ҳушнуд этарди,
Дюбарри келса дуч, чимириб қошин,
Намоишкорона ўтиб кетарди.
Алдадилар уни, қўрқитишди ҳам,
Мумкин, деб саройда захарлашлари.
Антуанетта лек турарди маҳкам,
Бўлмас эди таслим, қалъа сингари.
Қирол ҳам ялинди, лек кетди зое,
Бундан у чунонам бўлди дарғазаб.
Дофина ҳеч кимга бўлмасди тобе,
Аъёнлар дер эди, “қиласан ажаб!”
Курашарди қизча ғурури учун,
Билмасди у барча нега ёпишур.
Билмасди, унинг бир гурунги учун,
Элчилар ҳам нега елиб, чопишур.
Жалб этишди ишга онасини ҳам,
Терезия ёзди икки бора хат.
Антуанеттада қолмасдан чидам,
Волидага оҳир қилди итоат.
Синдиришди шундай пировард уни,
Саккиз ойда сал кам “жанг” топди якун.
Дюбаррига деди янги йил куни;
“Версалда одам кўп жуда ҳам бу кун”.
Шу етти сўзни у айтди доналаб,
Билмасди бор қандай ахамияти.
Қайнхолалар ҳам тишладилар лаб,
Бўлди пуч уларнинг салоҳияти.
Антуанетта, ҳа, охир берди ён,
Енгиб чиқди уни хоним Дюбарри.
Бу эди тарихий, асли, жараён,
Тарқалди яшиндек ҳар ён ҳабари.
Парчаланди учга Польша давлати,
Мустақил бўлмайди юз йилдан ортиқ.
Версалга лек ҳаён қандай жиҳати,
Бўлмади-ку унга ҳеч нима тортиқ?!
***
Тушуна олмай ҳеч қайда нима сир,
Сурдим узоқ-узоқ, даставвал, ҳаёл.
Эканман қанчалик мен ақли қасир,
Аҳир, ҳар қиролни бошқарур аёл!
Қиролнинг жазмани Дюбарри аҳир,
Версалда хукмрон эди мухтола,
Полшани бўлишга бу калим охир,
Парижни хайрихоҳ этарди тўла.
Антуанетта қиз, билмасдан ўзи,
Хукуматни бутун мунтазир этди;
Дюбаррини, унинг шу етти сўзи,
Яна билвосита “бошвазир” этди.
***
Дюбарри қозонди, хуллас, ғалаба,
Сурди кейин тўрт йил у яна даврон.
Кейин қирол “ўтди” қасал бўлиб, ва
Янги қирол бўлди элга ҳукмрон.
Антуанеттанинг шаҳзода ёри
Айланди Людовик Ўн олтинчига.
Айланди мулкига француз диёри,
Лек рўшно тушмади унинг ичига.
Нега-ки, у ҳамон бокира эди,
Қайлиғи чўчирди даволанишдан.
Кайфияти мудом дилхира эди,
Уяларди чунон барча танишдан.
Қирол эса, қизиқ, билса-да барча,
Яширишга савхин уринар эди.
Жисмоний ишларди ҳолдан тоярча,
Гўёки, бақувват кўринар эди.
Овга борар эди, деярли, ҳар кун,
Йиқита оларди буғуни ўзи.
Мижози лек заиф бўлгани учун,
Қиролга ҳос қатъий эмасди сўзи.
Уч йилдан сўнгра бу бемаъни ҳолга
Чек қўйди, Версалга Иосиф келиб.
Қайноға нималар деди қиролга,
Шу кунгача аниқ, бўлмайди билиб.
Ҳолбуки, уч ойда қирол тузалиб,
Соппа-соғ бир эркак бўлди-ю қолди;
Етти йилдан бери гул ва андалиб
Орасида бўлган тўсиқ йўқолди.
Қиз кўришди ўтиб орадан бир йил,
Сўнг эса авранга туғилди ворис.
Яна қиз туғилди, яна бир ўғил,
Бахтли эди миллат малика боис.
***
Малика гўзаллик эди сиймоси,
Хонимларга барча у эди ўрнак.
Бўларди удум ҳар кийган либоси,
Қилишарди сочни у каби турмак.
У жуда дилрабо, жуда меҳрибон,
Жаҳонда малика бўлди ягона.
Энг олий бахт эди, дилин топибон,
Бўлмоқ унга яқин дўст ва дугона.
Айтиш жоиз унинг хатосини ҳам,
Боқий, деб бахтини, кўнгли тўқ эди.
Уюштириб ҳар ҳил ўзига байрам,
Халқи қандай яшар, иши йўқ эди.
Бир куни, недандир, чиқибми жони,
Эркалабми атай, қилибми хато,
– Камбағалларни гар бўлмаса нони,
Ширинлик есинлар, деганмиш, хатто.
Илло у, бари-бир, эди раҳмдил,
Медичига, мисол, мутаносибмас.
Тайёрлаган унга тақдир тағофил,
Даҳшатли якунга ҳеч муносибмас!
***
Бир бериб, бир олиб ўтарди ҳаёт,
“Кетиб қолди” катта ўғил дафъатан.
Аввалроқ онаси этганди вафот,
Мусибат эмас лек булар, нисбатан.
Қимматбаҳо ўта маржонга боғлиқ,
Қаллобликка йирик бўлдиям нисор.
Шубҳаларга турли бу иш ўроғлиқ,
Қилди уни элда анча шармисор.
Булар илло жиддий синовлар эмас,
Ҳақиқий синовлар олдинда ҳали.
Уларни айтишдан қайтса-да нафас,
Не илож қиламиз(?), келмоқда гали.
***
Ниҳоят, кун келиб Бастилияга,
Қўзғалон кўтариб, халқ этди хужум.
Чекловлар қўйилиб қирол Луига,
Қурила бошланди янгича тузум.
Қўзғолон бу эди Буюк инқилоб,
Бераҳм бир гуруҳ кашф этди қудрат,
Ярмиси зиёли, ярмиси қаллоб –
Робеспъер, Димюлен, Мирабо, Марат…
Тумонат одамнинг бошин чопдилар,
Баралла айтишиб жанговар суруд.
Қиролни ҳам улар хоин топдилар,
Ва қатл қилишди, суд қилишиб зуд.
Маликани эса Тамплда ушлаб,
Бошлашди мулаввас сиёсий ўйин.
Консержери кейин қасрига ташлаб,
Эгдирмоқ исташди Венани бўйин.
***
Иосиф лек вафот этиб йил аввал,
Вена эди бу дам Францнинг қўлида.
Пинак ҳам бузмади жиян, лоақал,
Ўз холасин озод қилиш йўлида.
Чунки, хола энди бўлганди абас,
Энди у бир аёл қаланғи, яъни,
Суюкли жиянга у ҳеч ким эмас,
Камайса ҳам пича сулола шаъни.
Неча бор эгилиб, қўлини ўпган,
Бошқа қироллар ҳам туришарди жим.
Екатерина ҳам, ўлганни тепган,
Деди: – Худо нажот берсин, азизим!
Бастилия “тушган” кундаёқ, илдам,
Эрнинг уруғлари қочди чет элга.
Бўлишса-да қодир беришга ёрдам,
Тураверди улар, қисишиб елка.
***
Дўстлар ҳам бор эди жасур ва содиқ,
Де Ламбаль хориждан етиб келди-ю?
Муқаррар ўлимни билса ҳам аниқ,
Дугонага собиқ ҳамдам бўлди-ю?
Дантончилар унинг кесди бошини,
Танасин Парижда юришди судраб.
Тураверди, ҳатто, кўриб ҳам шуни,
Катта сиёсатнинг виждони мудраб!
***
Маликага бўлган ғойибдан ошиқ,
Фрезен ҳам мардона қилди ҳаракат.
Чиқаверди бироқ хилма-хил тўсиқ,
Бўлаверди содир турли халокат.
Илож ҳам топдилар Жорже ва Тулан,
Маликани озод қилишга ёлғиз.
Кўнмади лек Она, қатъийлик билан,
Деди: – Йўқ, кетмайман болаларимсиз!
***
Лек Буюк Инқилоб этарди давом,
Билмасди мурувват, уқмасди итоб.
Гоҳ тинчиб қоларди бўлгандек тамом,
Гоҳ қайта авж олар унданда шитоб.
Тамплда лек сўнгра Консержерида –
Антуанеттани сурункасига,
Қийнашса-ю бир йил нари-берида,
Парво ҳам этмасди Шёнбрунн нега?!
Баъзи бир дохийлар ғазабга минди;
– Токай бизга ғусса ушбу тасқара?
Шунча биз чидадик, бас, етар энди,
Олсин унинг сочин “миллий устара”!
Бошлашни маҳкама қилдилар талаб,
Коммуна номидан, ватан номидан.
Бажарилди талаб жуда тез, сабаб,
Инқилобнинг барча қўрқар домидан.
***
Хўш, “миллий устара” нима дегани,
Шу ерда тушунча беришим керак:
Атардилар шундай гелъотинани,
Сочни олиш унда, бош чопиш демак!
***
Маликани судга келтиришган чоғ,
Қолмаганди унинг аввалги файзи.
Юзлари ажинли, яхлит сочи оқ,
Ранги ҳам бўр эди, тўхтамай ҳайзи.
Аммо унинг руҳи синмаган эди,
У марҳум эрига тутса-да мотам,
Кўзларида зиё сўнмаган эди,
Тутарди ўзини мағрур ва ўктам.
Зеро, у биларди бу сўнги имкон,
Бой бериб бўлмайди буни базинҳор.
Биларди, тарихий эди ушбу он,
Тутиб бўлмас ўзни аянчли ва хор.
Ғаним ҳам ушбу он биларди, албат,
Чопишдан илгари бошини Сансон,
Маликанинг номин абадул-абад
Қилиш керак эди ер билан яксон.
Жак Эбер лек буни қилолмасдан эп,
Илкис амал теккан, сиёсий аҳлат,
Саккиз яшар ўғли билан “ётган”, деб,
Маликага қилди даҳшатли туҳмат.
Ўйлади, зарбага чидолмас аёл,
Ўйлади, ёнади, тутгай жизғинак.
Адашди лек қаттиқ Эбер хомхаёл,
Малика, хатто-ки, бузмади пинак.
Ёвларни ўзин лек босди вахима,
Қайтадан беришди аёлга зарба,
Дейишди: “Айтингиз бунга бир нима”,
Дегандек, сукутлик иқрор ва тавба.
Малика қайтарди чуқур фалсафа:
– Эътироз қилишга эмас-ки ўнғай,
Жисмимда табиат қарши ва хафа,
Ўйлайман, оналар мени тушунгай.
Малика ғалаба қозонди тўла,
Гарчи унинг кетгай эрталаб боши.
Ёвни ўзин яксон қилди бир йўла,
Маликага отган қабиҳ бу тоши.
***
Биламиз, мажозий ҳаёт бу шахмат;
Бунда бор оқ-қора, бор яхши-ёмон.
Малика билмасди қандай бу хикмат,
Билганда, эҳтимол, қоларди омон.
Қизиқтирмас эди тожи ва тахти,
Ўйларди у янглиш, “ҳаммага хушман”.
Трианонда сўлим ўтарди вақти,
Билмасди-ки уни қуршарди душман.
Ўз никоҳ базмида мехмонни минглаб,
Ярақлаб, чарақлаб у ёндирувди!
Мақтову санолар ҳар куни тинглаб,
Бахилларни сонсиз тўлғонтирувди?
Икки минг либоси айлантирур бош,
Биттасин киёлмас камбағал қизлар.
Бриллиантлар унга гўё майда тош,
Қанча эди уни егудай кўзлар?
Умуман олганда, булар бир нави,
Кечикса-да ўн йил, дофинни туғиб,
Енг ёвуз, енг баттол, хуфия ёви –
Франсуа Ксавъени қўйганди “бўғиб”.
Ҳолбуки, азалдан у эди тахтли,
Катта хатоларни қилди, деманг, у.
Истарди бир аёл бўлишни бахтли,
Пировард малика бўлди у мангу.
Қолган эди сўнги битта маросим;
Сочин олиш керак “миллий устара”,
Олди, деб, ярамас аёл жазосин,
Килиш керак уни авом масҳара…
***
Ана, Сансон, боло, сочиратиб қон,
Атуанеттанинг бошин кўтарди.
– Яшасин инқилоб! – ўкирди майдон,
Малика шивирлаб, недир этарди.
Исботланди илмий, яшайди экан
Чопилган бош яна саккиз сония:
– Кечирдим сизларни, ўшанда деган,
Сонияда саккиз Ҳазрат Олия!
***
АНДИЖОН
16 10 2011
– – –
*… абас – фойдасиз
*… авранг – тахт
*… афранж – француз тили
*… боло – баланд
*… калим – сўзлар
*… мулаввас – кир, ғубор
*… муҳтола – устамон аёл
*… пуркор – кўп иш кўрган
*… Шёнбрунн – Габсбургларнинг қароргоҳ саройи.
– – –
Изоҳ: Қиролича Мария-Антуанетта (тўлиқ исми: Мария-Антония Жозефа Иоганна фон Габсбург-Лотринген) ёдга олинганда, аввало икки холат, яъни, Австрия, Пруссия ва Россия ўртасида Польшани бўлиб олинишига сабаб бўлган, унинг етти дона сўзи, ва у гелъотинада қатл этилганлиги зикр этилади.
Лекин Польшани бўлинишига маликанинг (у пайт 14 ёшли дофинанинг), мутлақо, даҳли бўлмаган. Қатл олдидан эса, душманларини лаънатлаш ўрнига, қайин-синглиси Елизавета зоти олияга ёзган хатида, малика “Душманларимнинг менга қилган барча ёмонликларини кечирдим”, деб ёзар экан, бу хатни қиролича жаллодларидан қўрқанидан эмас, балки, яширинча ёзган, ва бу хат 20 йилдан кейин топилган. Яъни, бу хатни малика ихтиёрий ва улуғвор туйғулар билан ёзганлиги келиб чиқмоқда. Шу боис, унинг исми тилга олинганда, унинг шу улуғворлигига монанд сўзлар билан зикр этилса, адолатли бўларди, деган фикр, ушбу достонни ёзишимга сабаб бўлди.
Яна, айтиш жоизки, Буюк Француз Инқилобига даҳлдор малика Мария-Антуанетта, кўпчилик ўйлагандек, инқилобнинг қурбони эмас, балки, бир вақтнинг ўзида, ҳам ўзининг атрофида, ҳам инқилобнинг атрофида чарҳ урган сиёсий ўйинларнинг қурбони бўлган. Шунинг учун, мазкур достонда малика билан инқилобни қарама-қарши қўйиш мақсадим бўлмаган. Фақат, тарихий жараёнлар қанчалик бешафқат ва мураккаб кечишини ифода қилиш билан бирга, инсонларни меҳр-оқибатлик ва бағрикенг бўлишликка даъват қилишга ҳаракат қилдим.
Саиджаҳон Равоний.
– – –
Достондаги атама ва исмлар ҳақида www.yandex.ru ва бошқа излов веб-сахифалардан маълумотлар олиш мумкин. Достонни ёзилишида Стефан Цвейгнинг асарларидан фойдаланилди.



